'Покистон шимолидаги ҳаво ҳужумлари 60 жангарини ўлдирган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Покистон ҳарбийлари хабар қилишича, Шимолий Вазиристондаги қавмлар назоратидаги ҳудудга қилинган ҳаво ҳужуми натижасида 60 жангари ўлдирилган.

Ҳужумлар тонгги соат 3 ларда бошланган.

Покистон ҳарбийларига кўра, Покистон армиясининг ҳарбий қирувчи учоқлари ҳужум бошлашдан олдин Толибоннинг энг юқори қўмондонлари яширинаётган жой ҳақида жосуслик маълумотини қўлга киритганлар.

Бир ҳарбий манбага кўра, ўлдирилган 60 жангари орасида Покистон Толибонининг "муҳим қўмондонлари" ҳам бор.

Шимолий Вазиристондаги оддий одамларнинг мухбирларга айтишларича, қуроллилар яширинган ўнлаб хонадонлар нишонга олинган.

Ҳужумларда қирувчи учоқлар ва ҳарбий тикучарлар қатнашган.

Тинч аҳоли орасидаги қурбонлар борасида ҳозирча ахборот олинмаган.

Ушбу ҳужум йил бошидан буён Покистон ҳукумати Толибон жангариларига қарши уюштирган энг йирик ҳужум бўлган.

Бош вазир Навоз Шариф Толибон билан музокаралар лозимлигини таъкидлаб келади, шу йил февралида Покистон ҳукумати билан Толибон ўртасида мулоқотлар бошланган.

Орада оташкесимга эришилган, бироқ Покистон ҳукумати Толибонни ўт очишни тўхтатиш келишувини бузишда айблаган.

Покистон армияси баёнотида айтилишича, ушбу ҳаво ҳужумлари Толибоннинг Покистон қуролли кучлари ва аскарларига ҳужумларига жавобдир.

Ой бошида йўл четида ўрнатилган бомба портлаши оқибатида камида тўққиз Покистон аскари ўлдирилган, яна бир неча ҳарбий жиддий жароҳатланган эди.

Сўнгги тафсилотларни биз Покистондаги Би-би-си мухбири Раҳимуллоҳ Юсуфзайдан сўрадик.

Раҳимулла Юсуфзай: Бу ҳужум Покистон янги ҳукумати ва қуролли кучлари янги бош қўмондони олиб бораётган янгича сиёсатнинг бир қисмидир. Эслатиб ўтиш жоиз, генерал Раҳил Шариф бундан етти ойча бурун генерал Ашфақ Парвез Каёнийдан Бош қўмондонликни қабул қилиб олган. У Покистон хавфсизлик кучлари, полиция ходимлари ва ҳатто, шаҳарларга қарши уюштирилган ҳар қандай ҳужумга кескин жавоб беришлари билан огоҳлантирган. Ўтган ой ҳам Покистон Ҳаво кучлари худди шунга ўхшаш ҳужумларни уюштиришганди. Уларнинг сўнгги амалиёти кеча саҳар соат 3 га яқин бошланди. Унга қирувчи учоқлар, тикучарлар ҳам сафарбар этилган. Ҳаво кучларини ердан Покистон армияси замбараклар билан дастаклаб турди. Бомбалашлар эрталабга қадар давом этди. Покистон Қуролли кучларининг даъво қилишларича, 60 жангарини ўлдиришган. Аммо бу хабарлар, ҳозирча, мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган. Бизга ўлдирилганлар орасида тинч аҳоли вакиллари ҳам бўлиши мумкинлигини айтишди.

Савол: Ҳозирга келиб, Толибон ҳаракати масаласида янги ҳукумат ва ҳарбийлар орасида ҳар доим ҳам якдиллик кузатилмайди. Бош вазир тинчлик музокаралари тарафдори. Ҳарбийлар кўпроқ куч қўллашга ўтишмоқда. Мавжуд ҳолат Толибон муаммосининг ечими йўқлигига далолат қилмайдими?

Раҳимулла Юсуфзай: Биласизми, бу иш жуда қийин бўлади. Чунки Толибон муаммоси 12-13 йилдан буён давом этиб келади. Шу боис ҳам, унга осон ечим топиш имконсиз. Покистон янги бош вазири ҳаракат билан музокаралар олиб боришга уринди. Икки-уч ой вазият яхшилангандек ҳам бўлди. Аммо, ҳозирга келиб, музокаралар боши берк кўчага кириб қолди. Оташкесин ҳам битди. Икки томон сўнгги бор март ойи охирида учрашишган. Ҳозир вазият жуда муаммоли. Шу боис, ҳарбийлар тинчлик музокаралар ғоясига анча шубҳа билан қарашаяпти. Аммо уларнинг сўнгги амаллари ҳам, аслида, тинчлик ҳаракатларига қарши эмас. Чунки шу пайтгача Толибон билан эришилган тинчлик музокаралари иш бермаган. Шу боис ҳам, ҳарбийлар ҳукумат кучлироқ мавқеъдан туриб музокара қилса, натижаси ҳам яхши бўлади, деб ўйлаётган бўлишлари мумкин. Чунки улар шу пайтгача янги ҳукуматнинг сўзини инкор этишмаган.

Савол: Сизнингча, Покистон янги ҳукуматининг сўнгги ҳарбий амалиётига Толибон ҳаракатининг муносабати қандай бўлиши мумкин?

Раҳимулла Юсуфзай: Сўнгги ҳарбий амалиёт ортидан Толибон ҳаракати аллақачон бир ҳужум уюштиришга муваффақ бўлди. Улар Пешовар шаҳри яқинидаги Маттаний ҳудудида амният кучларини нишонга олишди. Ҳужум оқибатида аскарлар ва полиция ходимлари орасида яраланганларнинг борлиги айтилмоқда. Балки, бу ҳужумнинг Мироншоҳдаги амалиётларга бевосита алоқаси йўқдир. Чунки ҳозир жангарилар ҳамма жойда кўзга ташланади. Бироқ ҳаракатнинг янада кўпроқ ҳужум уюштириши тайин. Чунки ҳозир оташкесин амалда эмас. Томонлар эса, бир-бирларини ҳужумга тутишга ўтишган. Ҳар бир ҳужум ортидан жавоби ҳам кузатилиб келмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ