Эронда ажралишларни нишонлаш урф бўлмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Яъни, қўлига талоқ хати теккан жуфтлар хос зиёфат уюштириб, буни байрам қилишмоқда экан.

Агар, хабарларга ишонилса, ҳозир Эроннинг барча шаҳарларида бу каби ҳолатга тўқнаш келиш мумкин.

Маълумотларга кўра, Эронда ажралишлар сони йил сайин ортиб бормоқда.

Ажралиш кунига бағишланган зиёфатлар эса, ўзига хос анъанаю дабдабадан холи эмас экан:

Қора атиргуллардан тузалган гулдаста, улкан тортлар ва махсус таклифномалар, ҳаммаси ўз ўрнида бўлади.

“Аввалига гулчининг олдига бориб, қора атиргулларга буюртма берасиз. Кейин таклифнома тайёрлаб беришимизни сўраб, бизнинг олдимизга келасиз”, - дейди дўкон соҳибларидан бири “Жумҳурийи Исломий” газетасига берган суҳбатида.

Таклифномалардан бирига Эронда роса оммабоп бўлган қўшиқдан олинган "Эндиям сени соғинсам-чи”, - деган сўзлар битилган.

Бошқасида эса, “Онт ичаман: Ортиқ ҳеч кимга кўнгил қўймайман. Ҳатто кимнидир севиб қолган тақдиримда ҳам, у сен бўлмайсан”, - деган бошқа бир қўшиқнинг сатрларига кўзингиз тушади.

Бу каби таклифномаларни сотаётган дўкон эгасининг айтишича, айниқса, сўнгги икки йил ичида маҳсулотларига талаб анча ортган.

Мамлакат раҳбарияти ва диний уламолари ажралишлар муносабати билан уюштирилаётган хос зиёфатлардан ташвишда.

Эронда анча таниқли анъанадор дин пешволаридан бири бўлган оятуллоҳ Макарим-Шерозий, ҳатто, бу ишни маъқулламаслигини ҳам айтиб чиқди.

Дейлик, биргина ўтган йилнинг ўзида Эронда ажралишлар сони 4.6 фоизга ортган.

Худди шу манзарада эса, расман никоҳдан ўтиш ҳоллари ҳам шунга яқин миқдорга камайган.

Агар, айрим рақамларга таянилса, Эрондаги оилаларнинг 20 фоизчаси ажралиш билан якун топади.

Бу мавзуда батафсилроқ