Урумчидаги ҳужумда 31 киши ҳалок бўлди

Хитойнинг Шинжон минтақасида ҳужумчилар икки машинани бозордаги харидорлар устига ҳайдаши оқибатида 31 киши қурбон бўлган.

Хитой матбуотида берилган хабарларга кўра, Урумчи шаҳрида содир этилган ҳодисада ҳужумчилар шунингдек, портловчи моддаларни отганлар.

Синхуа агентлигининг ёзишича, 90 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Жамоат хавфсизлиги вазирлиги ҳужумини "ваҳшиёна террорчилик амали", деб таърифлади.

Яқин-яқинларгача аксар аҳолиси уйғурлар бўлиб келган Шинжон Мухторияти охирги йиллар мобайнида қатор ҳужумларга саҳна бўлди.

Ўтган ой Урумчи шаҳридаги темир йўл вокзалида уюштирилган бомба ҳужумида уч киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар жароҳатлангандилар.

Хитой расмийлари бу ҳужумларда уйғур бўлгинчиларини айблаб келмоқдалар.

Бу ҳодисалар ҳақида мустақил манбалардан маълумот олиш мушкул.

Уйғурлар ва хан хитойлар ўртасида этник танглик кучли бўлган айни ҳудуд расмийларнинг қаттиқ назорати остидадир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Twitterга ўхшаш Хитойнинг Weibo микроблоги орқали тарқатилган суратларда сабзавот сотувчи пештахталарга тўла кўчада рўй берган ҳодиса жойи тасвирланган.

Гувоҳларга кўра, ҳужумни амалга оширган машиналардан бири портлаб кетган.

"Гувоҳларнинг айтишларича, икки машина кўчанинг шимол томонидан жануб томонига қараб ҳайдаб келинган ва эрталаб соат 7дан 50 дақиқа ўтганда харид қилаётган одамлар устига ҳайдалган. Шундан кейин машиналардан портловчи моддалар улоқтирилган", дея хабар беради Синхуа агентлиги.

Ижтимоий тармоқларда берилган суратлардан бирида чорраҳада келиб чиққан ёнғин кўринади.

Яна бир суратда ёнғинни ўчиришга сафарбар этилган уч махсус машина тасвирланган.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича эса, яқин атрофда яшовчилар қатор портлашлар садосини эшитганлар.

Жароҳатланганлар бир неча шифохоналарга олиб кетилган.

Айни вақтда Пекин расмийлари мамлакатнинг яна бошқа 14 минтақасида қўшимча хавфсизлик чоралари киртилаётганлигини маълум қилдилар.

Уйғурлар Жаҳон Конгресси сўзчиси Дилшод Рашиднинг баёнотида айтилишича, Пекин расмийлари Шинжон минтақасига босимни пасайтиришлари лозим.

Унга кўра, расмийлар тазйиқкор сиёсатни ўзгартириб, танг вазиятга чек қўйиши мумкиндир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ