Урумчи бозоридаги ҳужумчилар "ўзларини портлатиб юборишган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS
Image caption Би-би-си мухбирига кўра, портлаш юз берган жойга йирик сонда хавфсизлик кучлари юборилган

Шинжонда 31 нафар инсон ҳаётига зомин бўлган ҳужумга алоқадор беш нафар шахс "ўзларини портлатиб юборишган", дея хабар беради Хитой матбуоти.

Ҳужум пайшанба куни эрта тонгда Урумчидаги гавжум бозорлардан бирида юз берганди.

Ҳужумчилар икки машинани бозордаги харидорлар устига ҳайдаши ва портловчи ускуналарни улоқтириши оқибатида яна тўқсондан зиёд инсон жароҳат олган.

Машиналардан бири кейинчалик портлаб кетган.

Хитой ҳужумни "ваҳшиёна террорчилик амали" деб атаган, Қўшма Штатлар эса уни "бегуноҳ фуқароларга қарши шафқатсиз зўравонлик амали" дея баҳолаган.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун "оддий инсонларни ўлдиришни оқлаб бўлмайди", деб айтган.

Хитой давлатига қарашли Global Times газетаси хабарига кўра, "террорчилик ҳужумида иштирок этган беш нафар шахс ўзларини портлатиб юборишган".

Полиция ҳозир уларнинг шерикларини изламоқда, дея илова қилган рўзнома.

Урумчидаги Би-би-си мухбирининг айтишича, ҳужум юз берган жойга кўп сондаги хавфсизлик кучлари жойлаштирилган.

Унинг илова қилишича, баъзи дўконлар очилган, бироқ кўпчилик мазкур ҳужумдан ҳануз ўзига кела олгани йўқ.

Яқин-яқинларгача аксар аҳолиси уйғурлар бўлиб келган Шинжон Мухторияти охирги йиллар мобайнида қатор ҳужумларга саҳна бўлди.

Ўтган ой Урумчи шаҳридаги темир йўл вокзалида юз берган бомба ҳужумида уч киши ҳалок бўлган ва ўнлаб инсонлар жароҳат олган.

Хитой расмийлари бу ҳужумларда уйғур бўлгинчиларини айблашади.

Уйғурлар ва хан хитойлар ўртасида этник танглик кучли бўлган Шинжон расмийларнинг қаттиқ назорати остидадир.

Уйғур фаоллари Шинжондаги зўравонликларга сабаб минтақада Хитойнинг репрессив сиёсати эканини айтадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатосини топсангиз, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ