Украина: Петро Порошенко сайлов натижаларига кўра олдинда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

25 май куни Украинада ўтказилган президентлик сайлови бюллетенларининг 75 фоизи санаб чиқилганда таниқли бизнесмен Петро Порошенко 54 фоиз овоз тўплагани маълум бўлган.

Якуний натижалар 26 май куни эълон этилиши хабар қилинган.

Собиқ бош вазир Юлия Тимошенконинг 13 фоиздан ортиқ овоз тўплагани хабар қилинган.

Украинада сайловлар москвапараст президент Виктор Януковичнинг истеъфосига олиб келган қонли кўча намойишлари ортидан унинг Киевни тарк этганидан уч ойи ўтиб ўтказилди. Ўшандан буён Россия Қримни аннексия қилди ва Украина шарқидаги Луганск ва Донецк вилоятларидаги қуролли бўлгинчилар бу ҳудудларни Киевдан мустақиллигини эълон қилдилар. Украина муваққат ҳукумати мамлакат парчаланиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида аксилтеррор амалиётларини бошлади, Украина армияси ва россияпараст қуроллилар ўртасидаги тўқнашувларда ўнлаб инсонлар ҳалок бўлди. Россияпараст бўлгинчилар бу ҳудудларда президентлик сайловида овоз бериш йўлга қўйилишига изн бермадилар, Донецк шаҳрида бирорта ҳам сайлов участкаси очилмаган, минтақадаги 12 туман сайлов округидан фақат еттитаси ишлаган. Бироқ, бунга қарамасдан, Украина Марказий Сайлов комиссияси маълумотларига кўра, мамлакатда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 35,5 миллион сайловчининг 60 фоизчаси овоз беришда қатнашган. Россия эмас, Украина фуқаролигини сақлаб қолиш қарорида бўлган қримликлар Украинанинг Херсон вилояти ҳудудига ўтиб овоз берганлар. “Шоколад қироли” номи билан танилган 48 ёшли миллиардер Петро Порошенко Оврўпо Иттифоқи билан яқинроқ алоқаларни йўлга қўйиш, мамлакат шарқида уруш ва тартибсизликка чек қўйиб, Украина заминига тинчлик келтиришни ваъда қилган.

Порошенко давлат раҳбари сифатида биринчи сафарини Донбассга қилишини билдириб, ўзининг асосий вазифаларидан бири Қримни Украинага қайтариш эканини айтган.

Шунингдек, бош вазирни ўзгартирмоқчи эмаслигини, Арсений Яценюк билан бирга ишламоқчи эканини ҳам маълум қилган.

Украинада президентлик сайловлари билан бирга, Киев шаҳар ҳокимлиги учун ҳам овоз берилган. Порошенкога кўра, дастлабки натижалар шаҳар ҳокимлиги учун номзодлар ичида Виталий Кличко кўп овоз тўплаганини кўрсатади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Янукович сайлов натижаларини ҳурмат қилади

Украинанинг ағдарилган президенти Виктор Янукович якшанба куни бўлиб ўтган президентлик сайловлари қонунийлиги учун мамлакатнинг жануби-шарқий минтақалари қатнашиши муҳим бўлса ҳам, унинг натижасини ҳурмат қилишини айтган.

Янукович бу ҳақда душанба куни Россиянинг Ростов Донида туриб билдирган.

"Украинанинг навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Қайси минтақадан қанча аҳоли овоз берганига қарамасдан, қандай қарор берган бўлсалар мамлакат учун оғир пайтда мен бу қарорни ҳурмат қиламан", дейилади Янукович мурожаатида.

Януковичнинг сўзларига кўра, янги ҳукуматнинг бош вазифаси мамлакатда вазиятни барқарорлаштиришдир.

Януковичнинг мурожаатига Порошенко киноя билан муносабат билдирган. У Янукович сайловни тан олишидан кўра, унинг қачон Украинага қайтиши ва маҳкама қаршисида туриши муҳимроқдир, деган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россия Украина сайловлари ҳақида

Бундан олдин Россия Президенти Владимир Путин Украина сайловлари натижаларини ҳурмат қилиши ва янги ҳукумат билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.

Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров ҳам шу мазмунда гапирган ва ғолиблар билан мулоқотда воситачилар керак эмаслигини айтган.

Украина шарқида сайловлардан кейин ҳам аксилтеррор амалиётларни давом эттириш янги ҳукумат учун улкан хато бўлади, деган жаноб Лавров.

Петро Порошенко эса аксилтеррор амалиётлар давом этади ва тез орада якунланади, деди.

Хабарларга кўра, Донецк халқаро аэрлпортида отишма овозлари эшитилмоқда. Россияпараст бўлгинчилар Догецкда ҳарбий вазият эълон қилишган.

Ижтимоий тармоқларда Украина сайловлари ва Россиянинг тутган йўли тўғрисида баҳслар қизимоқда.

Россия мухолифатига кўра, миллатчи деб аталган номзодлар Ярош ва Тягнибок атиги икки фоизга яқин овоз олганликлари Путиннинг "Украина миллатчилар қўлида" деган даъволари пуч эканини кўрсатади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатосини топсангиз, бизга билдиринг.