Калейдаги муҳожирлар жамлоғини полиция қуршаб олган

Image caption Калейдаги муҳожирлар жамлоғи

Франса полицияси мамлакат шимолидаги Калей шаҳрида бандаргоҳ яқинидаги жамлоқлардан 800 нафар атрофида муҳожирларни кўчиришга ҳозирлик кўрмоқда. Муҳожирлар Осиё, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларидан келишган. Мулозимларга кўра, бу ерда тери касаллиги тарқаган ва улар бунга қарши чора кўришга киришганлар. Полиция муҳожирлар жам бўлган ҳудудни ўраб олган.

Франсанинг Британия қирғоқларига яқин чегара шаҳри Калейда қўлбола чодирлар ичида яшайдиган муҳожирлар орасида 200га яқин афғонистонликлар ҳам бор.

Умидки, нима қилиб бўлса ҳам Буюк Британияга ўтиб олиш...

Би-би-си Афғон хизматидан Башир Бахтиёр Франсага сафар қилиб бир неча ҳамюртлари билан учрашган.

Улар орасида шу ой Ла-Манш бўғозидан Британияга қутқарув қайиқчасида сузиб ўтишга уринган афғонистонлик бор эди.

Аммо унинг ҳаракати зое кетди.

Денгизда уни Франсанинг қутқарувчилар хизмати ушлаб олишди.

Калейлда афғонистонликлар яшайдиган жой чиқиндихонани эслатади.

Атрофда пластик халтачалар, эски кўрпа-тўшак ва аллақачонлардан бери ишлатилмаётган темир йўл... сув йўқ, чироқ йўқ ва ҳатто озиқ-овқат ҳам етишмайди.

Уларнинг ноқонуний турар-жойларидан бир неча юз қадам нарида улкан кемалар йўловчиларни икки мамлакат ўртасида ташийди.

Афғонлар маҳаллий ёрдам гуруҳининг марҳамати билан кунига бир марта овқатланишади.

Ҳар тун улар ўзига хос “овга” отланишади...

Image caption Осифнинг орзуси Британия

Британия томон йўлга кетадиган юк машиналарига амаллаб чиқиб олишса бўлгани...

Мен учратган афғонларнинг айримларида Италияда муваққат яшаш рухсатномалари бор экан.

Шунда ҳам афғонлар Британияга келишни исташади.

Буюк Британияда иш топиш осонроқ дейишади.

Улар менга Италияда иш ўринлари етарли эмаслигини айтишди.

Бу мамлакат саёҳат ҳужжати билан эса Британияга кириш мумкин эмас.

Шунинг учун ҳам биз ноқонуний йўлни танлашга мажбурмиз, дейишади афғон муҳожирлари.

Улар орасидаги 33 ёшли Осиф қўлбола қайиқчасида Ла-Маншдан Британияга ўтиб олишга уриниб дунёга машҳур бўлди.

Бундан аввал у бир неча бор юк машиналарига чиқиб оламан деб ҳаракат қилган.

Омади чопмагач эски тахта ва пластик чиқиндилардан “қайиқча” ясайди.

“ Сув жуда юмшоқ эди... юриб кетаётган юк машинасига чиқаман деб уринишдан кўра сузиб ўтиш хатарлироқ эмас”, дейди у.

Осиф Лондоннинг “Оврўпонинг юлдузи” деб атайди.

Ўн йилдан ортиқки у бу “юлдуз” томон ҳаракат қилади.

У Афғонистонни Толиблар қудратда қолаётган сўнгги йилларда тарк этган.

Осиф ноқонуний сафари давомида Эрон, Туркия, Юнонистон, Хорватия, Словения, Италия ва Швейцарияда бўлган...

Ҳар бир давлатда у бир йилча қолиб кейинги манзил учун пул тўплаган.

Унинг тақдири , мақсади ва орзулари бу ердаги аксар афғонларникидан фарқ қилмайди.

Аммо аксарият Калейда узоқ вақт қолиб кетади.

Бу кичкина шаҳарчадаги маҳаллий аҳоли эса норози...

Мен Осиф билан денгиз қирғоқларида юрар эканман, одамлар жуда ёмон қарашарди.

Улардан бири бизга қараб кўрсаткич бармоғини бўйнига келтириб “сўяман” ишорасини қилди.

Бу каби муносабатни бир маънода тушунса бўлади.

Британияга ўтиш ниятида Калейга йиғилаётганлар фақатгина афғонлар эмас.

Аммо Осиф... афсусда эмаслигини, албатта яна Британияга ўтиш учун ҳаракат қилишини айтади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.