'Ҳелманддаги уйимга сафар'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ҳелмандда ўғил болалар ва қизлар учун мактаблар қайта очилган

Афғонистон президентлик сайловлари пайти Би-би-си Паштун Хизматидан Саида Маҳмуд Ҳелмандга борди. У жараённи айни мана шу Афғонистон жанубида жойлашган ва мамлакатнинг энг хатарнок ҳудуди саналган она юртидан ёритмоқчи бўлди.

Мен Ҳелманддаги уйимга 17 йилдан бери бормагандим. У ерга сўнгги сафарим Толибон тузуми пайти бўлганди.

Мен Қандаҳордан уйимга қадар шалағи чиққан таксида узоқ йўл босдим. Такси йўлда бузилиб ҳам қолди. Бошқа йўловчиларнинг асаблари таранг, мен ҳам сафар сўнггида ҳаяжонлана бошлаганимни эслайман.

Бу гал мен бораётганим ҳақида ҳеч кимга айтмагандим. Кутилмаганда жиянимнинг уйига кириб борарканман, кўз ёш билан қучоқлашдик.

1997 йил Ҳелмандда аёллар учун вазият абгор эди. Толибон назорати остида улар ишлашлари ё-да, кўчага ёлғиз чиқишлари тақиқланганди.

Ўшанда урушда эрларини йўқотган кўплаб аёллар билан учрашганим эсимда. Улар энди рўзғорларини қандай тебратиш юзасидан қаттиқ ташвишда эдилар. Чунки, Толибон қонунлари ортиқ улар ишлаб пул топишларига изн бермасди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Қизалоқлар бугун мактабга қайтишган

Бу гал аёлларнинг ҳатто кечқурунлари ҳам кўчага чиқа олишлари мени ҳайратга солди.

Толибон даврида аёллар барчаси бурқа кийишар, уйдан ташқарида аёл юзини кўрмасдингиз.

Бугун бурқа ўрнини чиройли безак берилган рўмоллар ва Эронда ишлаб чиқарилган чодирлар эгаллабди.

1997 йил Лашкаргоҳ чангга ботган, ҳамма нарса кўҳна кўринарди.

Болалигимдаги кўркам арчалар йўқ - жангларда йиқилган ва ё ўтин қилинганди.

Бироқ, ҳозир хавфсизлик етишмаётгандек эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Саида Маҳмуд Ҳелмандда Толибон даврини ҳам кўрган

Толибон даврида одамлар уйларини бемалол қулфсиз ташлаб кета олишар, шариат қонунлари асосидаги жазолар ўғриларни қайтариб турарди.

Бугун одамлар уйларининг атрофини баланд бетон деворлар билан ўрашган.

Кўплар менга Британия қўшинлари бу ерни тарк этгач, жиноятчилик кучайиши ва хавфсизлик вазияти янада ёмонлашиши юзасидан хавотирларини айтишди.

Шаҳардаги ўзгаришлардан яна бири - ўғил ва қиз болалар учун мактаблар қайта очилибди.

Ўзим ўқиган мактабда мен орзулар оғушидаги ёш қиз-жувонларни учратдим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Бугун аёллар бурқа ўрнига гулдор рўмоллар ўрашади

Фотима шифокор бўлишни, оналар ва болалар ўлими билан боғлиқ вазиятни яхшилашни истайди.

Дева эса, ҳуқуқшунос бўлиб, маиший зўравонлик ҳолатларига қарши курашмоқчи.

"Аёлларимизни ҳимоя қиладиган ҳеч ким йўқ, шунинг учун ҳам улар адолатсизликдан азият чекишади", дейди у.

Кўплаб қизлар ҳукумат Ҳелмандда тиббиёт коллежи барпо этишини исташларини айтишди. Чунки, уларнинг ота-оналари Кобулга бориб ўқишларига рухсат беришмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Бир замонлар - тўққиз ёшли Саида Ҳелманддаги уйида...

Бошқалар эса, кўчага чиқиш ё-да, бирон бир қарор қабул қилиш учун эрларидан изн сўрашлари шартлигидан шикоят қилдилар.

Лашкаргоҳ 1997 йилга қараганда анчайин катта, ёруғ ва гавжум кўринарди.

Янги йўллар, янги хусусий ўқув юртлари, тиббий марказлар барпо этилган. Кўчалар бўйлаб Хитой моллари билан тўла дўкончаларни кўрасиз.

Уйлар қайта бўялган, йўллар четида янги дарахтлар экилган.

Мен туғилиб ўсган шаҳар аста-секин ҳаётга қайтаётгандек туюлди.

Кўплар Британия ҳарбийлигининг қайта қуриш саъй-ҳаракатларидан мамнуният билан гапиришди.

Улар бу ерда янги лойиҳаларни амалга оширишган - озиқ-овқат ёғи, пахта ва совун ишлаб чиқариладиган корхоналар, ҳатто Толибон учун ишлаган ёшларни қайта тарбиялаш марказлари ҳам очилган.

Замонавий бинода жойлашган ушбу марказда энг кичиги 9 ёшгача бўлган болаларнинг жамоага қайтишларига кўмак берилади.

Болалар менга компютерда ишлаш, овқат пишириш ва тикиш-бичиш бўйича олган малакалари ҳақида гапиришди. Бу машғулотлар барчаси уларга иш топиш имкониятларини очиш учун ташкил қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ҳелманд кўчалари дарахтларсиз қолганди

Афғонистоннинг бошқа жойларида бўлгани каби Ҳелмандда ҳам коррупция ҳолларидан шикоятларни эшитасиз. Одамлар агар коррупция бўлмаганида қайта қуриш ҳаракатлари самаралироқ бўлган бўлишини айтишади.

Коррупция билан бир қаторда Ҳелманднинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган яна бир йирик муаммо бор.

Лашкаргоҳга сафаримнинг сўнгги кунида шаҳар ташқарисидаги далаларга йўл олган тракторлар карвонига кўзим тушди.

Улар кўкноризорларни бузиб ташлаш учун йўлланганди.

Дунёдаги гиёҳванд моддаларнинг 40 фоизи Ҳелмандда етиштирилади. Бу йилги ҳосил эса, маҳаллий рекордларини бузадиган кўринарди.

Зарғуна исмли аёл менга ўғлининг ишсизлиги ва иш сўраб борган жойларидан пора сўрашгани, унинг эса, бунга пули йўқлигини айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Бугун Ҳелманд шоҳкўчаси...

"У гиёҳванд моддаларга аралашиб қолмаса, деб жуда қўрқаман", дейди у.

Бунга ўхшаш ҳикояларни мен жуда кўп эшитдим.

Ушбу ҳикоялар эса, Ҳелманддаги ҳаёт ижобий томонга ўзгарган эса-да, ҳали босиб ўтилиши керак бўлган йўл узоқлигидан яна бир бор дарак бераётгандай...