Ҳарбийлар 'Донецк аэропорти назоратини қайта қўлга олишган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Донецкда "аксилтеррор амалиётлар" давом этмоқда

Украинадаги расмийлар мамлакат шарқидаги Донецк шаҳри ҳаво қўнолғаси назорати сезиларли сондаги талофатлар билан қайта қўлга киритилганини айтишган.

База ташқарисидаги мухбиримиз эса, ҳали ҳануз онда-сонда ўқ овозлари қулоққа қалинаётганини хабар қилади.

Ўзларини Донецк Халқ республикаси деб атайдиган гуруҳнинг вакили Би-би-сига кечган жангларда 30 нафар бўлгинчи ҳалок бўлганини тасдиқлаган.

"Ҳаводан берилган зарба ерда автомат қуроллар билан кутиб олинди. Украин қирувчи учоқлари бугун бугун эрталаб исёнкорлар босиб олишга ҳаракат қилган Донецк ҳаво қўнолғасига йўлланди", деб хабар қилди Би-би-си мухбири ҳодиса жойидан.

Бу украин ҳарбийлари тарафидан кутилмаган ҳужум бўлган.

"Биз ортга чекиниш мажбуриятида қоларканмиз, автомат қуролларнинг овозлари тинмасди", дейди Би-би-си мухбири Марк Ловейн.

"Кўп ўтмай ҳаво қўнолғасига ҳужумнинг оқибатлари бўй кўрсата бошлади. Аэропортдан тутун кўкка ўрлади. Киев буни мустақил бир давлат шарқини парчалашга уринаётганларга қарши аксилтеррор амалиёти дея таърифлади", дейди мухбиримиз.

Ўтган тун аэропортга етиб келган россияпараст бўлгинчилар украин кучларидан у ерни тарк кетишни талаб қилишган.

Икки ўртада аэропорт назорати учун жанг бир неча соат давом этган.

Президентлик сайловларида миллиардер Петро Порошенко ғалаба қозониши маълум бўлганидан сўнг бошланган мамлакат шарқида танглик кучайган.

Порошенко жанобларининг ўзи исёнкорлик ҳаракатларига қаттиқ туришини айтган.

"...террорчилар ҳам Украина ҳукумати билан мулоқот қилиш истагида эмаслар. Улар ҳеч ким билан мулоқотга боришни хоҳлашмайди, худди Сомали қарорқчилари каби. Дунёдаги бирон бир цивилизациялашган мамлакат, бирон ким террорчилар билан музокарага бормайди. Биз цивилизациялашган давлатмиз", деб айтган Петро Порошенко.

Шунингдек, Украинанинг янги президенти Петро Порошенко “аксилтеррор амалиётларни” давом эттириши ва бу ҳужумлар “соатлар ичида” вазиятни барқарорлаштириши ҳақида гапирган.

Украина ҳукумати вазирларидан бири ҳам бўлгинчиларга қарши амалиётлар давом этишини айтган.

Айни пайтда украин чегара қўриқчилари қуролланган жангарилар карвони Россия тарафидан мамлакатга кириб келгани ҳақида хабар беришган.

"Исёнкорлар қайта тўпланишаркан, Киев ҳам қаттиққўл мавқеъни эгалламоқда. Янги раҳбар бу ерда тинчлик қарор топиши кераклигини айтди. Аммо, ҳали бунга узоқ кўринади", дейди Украина шарқидаги Би-би-си мухбири Марк Ловейн.

Аэропортга ҳужум

Кеча Украинанинг ҳарбий вертолётлари аэропорт биносини ракеталардан ҳужумга тутган.

Аэропорт матбуот котиби Би-би-си Украин хизмати билан суҳбатда ҳудудда "тўлақонли аксилтеррор амалиёти бошлангани"ни айтган.

Украин ҳукумат кучларининг ахборот гуруҳи раҳбари Владислав Селезневнинг Facebook даги саҳифасида ёзишича, бўлгинчиларга қуролларни ташлаш ва таслим бўлиш ҳақида ултиматум қўйилган.

"Террорчилар украин куч тизимларининг талабини бажаришмади,террорчиларнинг мавқеълари ҳаводан ҳужумга тутилди. Аввалига СУ-25 учоғи террорчиларни талабни бажаришга мажбур қилиш мақсадида уларга огоҳлантирувчи ўт очди. Жангарилар сафларида саросима бошланди. Шундан сўнг МиГ-29 учоғи террорчилар тўпланган нуқталарни ҳаводан ҳужумга тутди", - деб ёзган Владислав Селезнев.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.