Киев Москвадан газ қарзларини тўлашга рози

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Россия 3 июндан олдиндан тўлаш тизимига ўтишини маълум қилган.

Берлинда Овроиттифоқ воситачилигида ўтган музокараларда Киев Москвага газдан 2,5 миллиард доллар қарзни тўлашга розилик билдирган.

Украина бир ҳафта ичида Россия талаб қилаётган қарзларини узса, Москва келгусида газнинг нархини камайтириш бўйича музокаралар олиб боришини айтмоқда. Келишув икки мамлакат раҳбарлари ўртасида имзоланиши керак.

Якшанба куни Украинада бўлиб ўтган президентлик сайловларининг ғолиби Петро Порошенко олдида мамлакатдаги қатор муаммолар билан бирга, газ қарзларини ечиш, ушбу соҳада Россияга қарамликни камайтириш, газ соҳасидаги коррупцияни қандай ҳал қилиш вазифаси турибди.

Оврўпо Иттифоқининг Энергетика бўйича комиссари Гюнтер Эттингерга кўра, Киев Россиядан олган газларнинг ҳаққини тўлашга рози бўлгани муҳим, бироқ ҳали бу борада келишадиган нуқталар мавжуд.

Россия ва Украина Энергетика вазирлари Александр Новак ва Юрий Продан чоршанба, 28 майгача мамлакатлари ва газ ширкатлари раҳбарларига музокаралар ҳақида етказишлари керак бўлади.

Берлиндаги учрашув олди жаноб Эттингер Украина томони ҳар қандай шароитда қарзларини узиши кераклигини билдирганди.

Россия энергетика вазири ўз ўрнида Украинага газ нархи арзонлаштирилиши эҳтимолини ҳам қайд этиб ўтган.

"Ҳамма нарса ҳақида гапириш мумкин. Лекин биз Киев қарзларини узмас экан, музокаралар ўтказа олмаймиз", деган жаноб Новак.

Киевнинг газдан қарзи 1 апрелгача 2,2 миллиард, майнинг ўрталарида Президент Путиннинг Петербургдаги иқтисодий форумда келтиришича, 3,5 миллиард долларни ташкил қилган.

Киев тўлов тартибига риоя қилмагани ва сўнгра Москва томонидан газ нархининг кўтарилиши қарз миқдорини ҳам ошириб юборган.

2013 йил декабрда Москва Украинага 1000 кубометр газни 400 дан 268,5 долларгача туширган. Бу келишув собиқ президент Виктор Януковичнинг Оврўпо Иттифоқи билан келишувни рад қилиши эвазига имзоланганди.

Бироқ Янукович феврал ойида норозилик намойишлар ортидан Украинадан қочиши орқасидан ҳокимият Олий Радага ўтган ва Россия бунга қарши ўлароқ газнинг нархини 485 долларгача кўтарди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"Нафтогаз" cудлашмоқчи

Бундан олдин Украина Энергетика вазири Юрий Продан унинг мамлакати 3,5 миллиард долларни тан олмаслигини айтган ва 2,2 миллиард долларни газ нархи эски ҳолига- 268,5 долларга қайтгач, 10 кун ичида тўлашга ваъда берганди.

Шу билан бирга "Нафтогаз" Россия қўяётган газ нархи устидан "Газпром"ни Стоҳолмдаги маҳкамага маҳкамага тортмоқчи эканлигини бир неча марта айтди.

Украина Бош вазири Арсений Яценюк "Нафтогаз" ва "Газпром" ўртасида 29 майгача келишув имзоланмас экан, томонлар Стоҳолм маҳкамасида учрашади, деб таҳдид қилган.

Унинг сўзларига кўра, "Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ иштирокисиз Россия билан келишувни тасаввур қилиш қийин".

Душанба куни Украина 2,5 миллиард қарзни тўлашга розилик билдирганига қарамасдан, мамлакат Молия вазири Александр Шлапак минг кубометр учун олдинги 268,5 доллар нархга қайтилмас экан, Россияга ҳеч нарса тўланмаслигини айтиб чиққан.

"Газпром" раҳбари Алексей Миллер ўз навбатида Берлиндаги музокаралар сўнггида келишувга қарамай, Украина қарзларни узишига шубҳа бор, деган.

Украина газ муаммосини Россия билан ҳал қила олмаса, 28 майда Стокҳолм маҳкамасига ариза беради.

Украина шунингдек, Оврўподан олиб келинадиган ёнилғи ҳисобига Россияга қарамлигидан қутулишни режаламоқда.

Янги сайланган президент Петро Порошенко газ соҳасини президент ва бош вазиргача чиқиб борган коррупциядан тозалаш ниятидалигини айтган Киевдаги матбуот анжуманида.

"Нафтогаз узоқ йиллар масъулиятсизликнинг ва ҳукуматга яқин бизнеснинг намунаси бўлиб келди", дейилади "Украинская правда"даги мақолада ҳам.

Президентлик сайловлари олди Можаристоннинг FGSZ.Ltd газ ширкати Украинага газ экспортини оширган. Ширкатга кўра, май ойидан бошлаб 22,5 минг кубометр узатилаётган бўлса, кунига 16 миллион кубометргача кўтариш имконияти бор.

Бундан ташқари Словакия апрел ойида Украинага Россия газини қайтариш ҳақида келишган. Россиянинг бунга норозилигига нисбатан Словакия Ташқи Ишлар вазири Мирослав Лайчак "Бизнинг вазифамиз таъминлаш, ким газни етказиб беради ва ким тўлайди, бу бошқа масала", деган.

Можаристон ва Словакиядан ташқари Руминия ва Полша орқали Украинага газ етказиш йўллари ўрганилмоқда. Шунингдек Порошенко режаси бўйича, Туркия билан Қора денгиз орқали ҳамкорлик қилиш мумкин бўлади.