Шинжондаги стадионда уйғурлар устидан сазойи маҳкама ўтказилди

Шинжоннинг Қозоғистон билан чегарада жойлашган Йили туманида Хитойнинг Коммунистик инқилоб даврини ёдга соладиган оммавий маҳкама бўлиб ўтган.

Синхуа агентлигига кўра, 55 нафар судланувчига нисбатан айблов ҳукмлари янграган маҳкамага стадиондаги 7000 томошабин ва расмий шахслар бевосита гувоҳ бўлишган.

Судланувчиларнинг ҳаммаси этник уйғурлардир.

Охирги ойларда Хитой ҳукумати уйғур жангариларидан иборат гуруҳларни бутун мамлакат бўйлаб фуқароларга қарши зўравонлик ҳужумларида айблаб келади.

Пекиндан Би-би-си мухбири Селия Хатон хабар беришича, судланувчилар ўтирган юк машиналари ўйингоҳдаги чопиш йўлкасида тўхтаган.

Сариқ кийим кийгизилган маҳкумлар машинанинг орқа қисмида бошларини қуйи солган ҳолда ўтиришган.

Гумондорларнинг ҳаммаси уларга қўйилган бўлгинчилик, терроризм ва қоттилликда айбдор деб топилганлар. Камида уч киши ўлимга ҳукм этилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Хитой ҳукумати стадионга одамларни мақсадли равишда жалб қилган. Бундан олдин Шинжонда терроризмга қарши йиллик миллий ҳарбий амалиётлар бошлангани ҳақида хабар тарқатилган.

Ўтган ҳафта беш ҳудкушнинг Урумчи бозорига ҳужуми натижасида 39 киши ҳалок бўлган, 90 дан ортиқ киши яралангани айтилганди.

Стадиондаги сазойи маҳкамада полиция яна 65 киши худди шу айбловлар билан ҳибсга олинганини эълон қилган.

Коммунистик партия раҳбари ўринбосари Ли Минхуэйга кўра, ўйингоҳдаги йиғилиш ҳукумат айтаётган терроризм, бўлгинчилик ва экстремизмни тугатишга қарши "қатъиятни" ифода этади.

Охирги ойлар мусулмон уйғурларнинг ватани бўлмиш Шинжон қатор ҳужумларга саҳна бўлган. Хитой бу ҳужумларнинг ҳаммасида мусулмон уйғурларни айблайди. Ва бўлгинчилар ҳужумни хорижий шериклари билан амалга оширганлар, дейди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Уйғурларга кўра, норозиликларга сабаб ҳукумат томонидан мунтазам равишда ўзларининг диний ва маданий камситишларидир.

Урумчидаги ҳодисадан сўнг Шинжонда хавфсизлик чоралари янада кучайтирилган, катта йўл ва чорраҳаларга автоматлар билан қуролланган кўп сонли ҳарбийлар жойлаштирилган.

Сешанба куни ҳукумат беш кишини қўлга олган. Полицияга кўра, гумондорларнинг ёнидан 1,8 тонна портловчи модда тайёрлаш жиҳозлари чиққан, Хўтанда портловчи модда ясаладиган омбор йўқ қилинган.

Расмийлар Хўтанда ҳам террористлар томонидан Урумчидаги каби машина билан оломон бор жойга ёриб кириб, портлатиш усулини қўллаш режаланганини иддао этганлар.

Душанба куни полиция Шинжоннинг уч туманидан 200 дан ортиқ уйғурни уйларидан ҳибсга олиб кетган.

Қувғиндаги уйғур фаоллари Хитой ҳукуматининг уйғур эркакларга нисбатан оммавий ҳибслари ва қатллари уйғур миллатини йўқ қилиш томон бораётганини айтишади.

Ўз дини ва маданияти, қадриятларини ҳурмат қилинишини талаб этган уйғурлар Хитой ҳукуматининг шафқатсиз босими оқибатларидан қаттиқ хавотирдалар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ