Покистондаги толиблар сафларида бўлиниш

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Покистондаги Толибон раҳбарияти ўртасидаги зиддиятлар гуруҳ раҳбари Ҳакимуллоҳ Меҳсуд ўлими ортидан кузатила бошлади

Покистондаги толибларнинг йирик гуруҳи ҳаракатдан ажралиб чиққанини эълон қилган.

Толибоннинг Меҳсуд гуруҳи ҳаракат раҳбарларини "Исломга зид" усулларни қўллашда айблаган.

Шу тариқа Покистондаги Толибон ҳаракати - "Теҳрике Толибон Покистон" 2007 йилдан буён илк бор бўлинмоқда.

Таҳлилчилар фикрларига кўра, бўлиниш ҳукумат билан тинчлик музокараларини жадаллаштириши мумкин.

Ўтган етти йил давомида жангарилар ҳужумларида Покистонда минглаб инсонлар ҳалок бўлди.

Толибон сафларидаги бўлиниш гуруҳ жангчилари ўртасида бир ойдан кўпроқ давом этган қонли тўқнашувлар ортидан кузатилмоқда.

Ҳаракатнинг қудратли Меҳсуд қавмидан бўлган жангчилари "Жанубий Вазиристондаги Теҳрики Толибон" ҳаракатини тузишларини маълум қилганлар.

Янги гуруҳ сўзчиси, Азам Тариқ, Меҳсуд мухбирларга "Теҳрике Толибон Покистон" сафидан чиқиш қарори ҳаракат раҳбарларини "Исломга зид" амаллардан воз кечиш уринишлари натижа бермагач олинганини айтган.

"Биз жамоат жойларини портлатиш, пул ундириш ва одам ўғирлаш каби амалларни Исломга зид деб биламиз. Биз бу амаллар учун масъулиятни зиммамизга олмасликка қарор қилдик," - деб айтган Азам Тариқ Меҳсуд.

"Кучсизланган" гуруҳ

"Теҳрике Толибон Покистон" раҳбарлари ўртасидаги келишмовчиликлар 2009 йилда ҳаракат раҳбари Байтуллоҳ Меҳсуд дрон ҳужумида ҳалок бўлиши ортидан пайдо бўлди.

Бу келишмовчиликлар 2009 йилда Байтуллоҳ Меҳсуднинг ўрнини эгаллаган иниси Ҳакимуллоҳ Меҳсуд дрон ҳужумида ҳалок бўлиши ортидан янада кучайди.

Ҳакимуллоҳ Меҳсуд ҳалок этилгач "Теҳрике Толибон Покистон" ўз раҳбари этиб Меҳсуд қавмидан бўлмаган шахсни тайинлади.

Бу, ўз навбатида, ички бўлинишларни юзага келтирди.

Покистон ҳукумати "Теҳрике Толибон Покистон" билан март ойида тинчлик музокараларини бошлади, аммо расмийларга кўра, Толибон ичидаги ўзаро низолар туфайли музокаралар тўхтаб қолган.

Уларга кўра, Толибондаги бўлиниш Покистон билан мулоқот қилиш истагида бўлган гуруҳлар сафларини кенгайтириши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.