Зўрлаб ўлдирилган қизлар тақдиридан Ҳиндистон ғазабда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption 2012 йил Деҳлида қиз талабанинг зўрлаб ўлдирилиш ҳодисасидан бери жинсий зўравонликка қарши оммавий норозиликлар ва ғазаб сўнмаганди

Ҳиндистонда икки ўсмир қиз гуруҳ тарафидан зўрланиши ва дарахтга осиб кетилиши ортидан полициянинг ҳодисага лоқайдлик билан қарагани мамлакат бўйлаб ғазабга сабаб бўлмоқда.

Воқеа Уттар Прадеш штатининг қишлоқларидан бирида содир бўлган.

Жабрдийданинг отаси қизи йўқолиб қолгани юзасидан мурожаат қилган пайти полиция уни мазах қилганини айтган.

Паст табақага мансублигини билганларидан сўнг эса, полиция ходимлари қизни "қидиришдан ҳам бош тортишган".

Ҳозир камида 3 киши, жумладан, бир полиция ходими ҳодисага алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган.

Яқинларининг шикоят қилишларича, полиция 14 ва 16 ёшда бўлган жабрдийдаларни топишга кўмаклашишни ҳам истамаган.

"Полиция идорасига борган пайтим мендан биринчи бўлиб табақамни сўрашди. Буни айтишим билан улар мени таҳқирлай бошлашди", дейди қизлардан бирининг отаси Би-би-сига гапираркан.

Ҳиндистонда касталар (табақалар) орасида жарлик катта. Қуйи табақаларни қўрқитиш учун юқори табақалар кўпда зўравонлик қўллашади.

Айбланувчилар ҳам "Қуйи табақалар"га мансублиги, аммо қизлар ушбу иерархиянинг ҳам энг тубандагисига тегишли бўлганлари айтилади.

Хабарларга кўра, қизлар ташқарига ҳожатхона излаб чиқишган.

Фаоллар қишлоқ жойларида санитария шароитлари йўлга қўйилмагани, бу эса, аёлларнинг хавфсизлиги билан бирга саломатлиги учун ҳам хатарли эканини урғулашади. Уларга кўра, қиз-жувонлар, айниқса, кечалари ташқарига чиққан пайти ҳужумга дуч келишади.

Полицияга кўра, қизларни жинсий зўрлаш ва ўлдириш бўйича икки шахс қўлга олинган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан бири ҳам гумондорлар билан шерикликда ва вазифасини суиистеъмол қилганликда айбланиб ҳибс қилинган.

Расмийларга кўра, ҳозир улар яна бир гумондор ва полиция ходимини излашмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.