Нигернинг гўдак келинчаклари нархи қанча?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Нигер вояга етмаган қизларни турмушга узатиш кўрсаткичи энг юқори давлатлардан бири ва бундай ҳолларга қарши кураш осон кечмаётир, деб ёзади Би-би-си мухбири Фергал Кин.

Бу тупроқда ҳар бир танлов жон сақлашни, очарчилик ва қашшоқлик қаршисидаги муаммоларга қарши курашни англатади.

Нигер - дунёнинг тараққиётда энг орқада қолган давлати. БМТнинг ривожланиш индексида Нигер энг охирги - 187чи ўрнини эгаллайди.

Аммо, бу мамлакатда туғилиш даражаси дунёнинг бошқа қисмларига қараганда энг юқори.

Шу билан бирга, Нигер вояга етмаган болаларни турмушга бериш бўйича ҳам биринчилар қаторида.

Бу ерда қизларнинг қарийб 24 фоизи 15 ёшга чиққунига қадар узатилиб бўлинади. 80 фоизга яқини эса, 18ни қораламасидан эрга берилади.

Мазкур воқеълик Нигердаги барча этник гуруҳлар, жумладан, аксариятни ташкил қилувчи Ҳауза жамоасига ҳам тегишли.

Асосий сабаб - иқтисод.

Би-би-си мухбири Фергал Кин ёш қизларни келин сифатида сотаётган баъзи одамлар билан учрашган.

Қизни узатиш камбағал оилалар учун "қалин", бундан ташқари, оилада ейдиган битта оғиз камаяди деганидир.

Бундан ташқари, турмушга чиқмаган қизларнинг никоҳдан ташқари ҳомиладор бўлиб қолишлари юзасидан хавотирлар ҳам чуқур илдиз отган.

'Орзу-хаёлларга ўрин йўқ'

Нигерда вояга етмаган қизларни узатиш муаммоси илдизлари қашшоқлик ва аёлнинг жамиятдаги ўрни масаласига бориб тақалади.

Шимолий Агадез шаҳрида бизга қизлар қўшни Нигериядаги бадавлат эркакларга минг-минглаб долларлар эвазига берилишини айтишди.

Нархлар қизнинг чиройига қараб фарқлана боради.

Аминанинг 15 ёшли қизи бор. Ўзи ишсиз ва турмушидан ажралган.

Амина Нигерда "қизларнинг орзу-хаёллари учун жой йўқ"лигини айтади.

Унга кўра, турмуш қуриш қизининг ихтиёрида, аммо ўзи бадавлат куёвни маъқул кўради.

"Кўп оилалар иложсиз... Бой нигерияликлар келиб миллионларни (маҳаллий пулда) таклиф қилиб тураркан, улар қизларини ёш бўлсалар-да, бериб юборишади", дея қўшимча қилади Амина.

Оқибатлар аччиқ

Бу каби турмушларнинг эса, оқибатлари баъзида ҳалокатли бўлиши мумкин.

Ойшани (исми ўзгартирилган) 13 ёшида Нигериянинг Кано шаҳридаги тадбиркорга узатишган.

"Бу мени бахтли қиладиган турмуш эди, деб ўйламайман", дейди у. "Аммо мен жуда ёш эдим ва маслаҳат солишим мумкин бўлган ҳеч кимим йўқ эди".

Ойша оиласидан узоқда, эрининг уйида ҳибсга ташлангандек, ҳис қилади.

"У ҳар доим мени сотиб олганини пеш қиларди. Бу мен уни исташим-истамаслигим эмас, у мени сотиб олгани учун эди", дейди у.

Ойшанинг эслашича, 10 кундан кейин эри уни ётоғига қамаб қўйган. "У уйда менга ёмон муомила қиларди... Бир кун мени ётоққа қулфлаб қўйди... Айтиш жоиз бўлса, у мени зўрлади".

Ўсмир кейинроқ акасининг ёрдами билан қочишга муваффақ бўлади. Ҳозир Ойша 21 ёшда ва ҳамшира бўлиш учун таҳсил олмоқда.

Саводсизлик

Ёш ҳомила орттирган қизларнинг соғлиғи билан боғлиқ қатор муаммолар мавжуд. Нигер пойтахти Ниамейдаги Димол тиббиёт марказида 12 ёшида турмуш қурган қизлар ҳам бор.

Ҳауза тилида Димол "қадр-қиммат" дегани маънони англатади. Мазкур тиббий марказда жисмонан фарзанд кўришга тайёр бўлмаган қиз-жувонларга ёрдам кўрсатилади.

Клиника директори Саламатоу Траоре муаммоларда қашшоқлик ва саводсизликни айблайди. "Ўзгаришлар ясаш ўта қийин ва қимматга тушади. Чунки, аҳолининг акср қисми саводсиз".

"Улар мактабга боришмайди ва қизларини ҳам таълим олишга қўйишмайди. Ўзгаришлар қилиш мушкул".

Вояга етмаган қизларни узатиш бу ерда оддий ижтимоий воқеълик бўлиб қоларкан, мазкур ҳолат диний уламолар тарафидан очиқдан-очиқ дастакланади.

Ҳукумат қизларни ҳимоясига қаратилган янги қонунларни жорий этишга уринаркан, ушбу аксар аҳолиси мусулмонлардан иборат мамлакатдаги таниқли уламоларнинг қаттиқ қаршилигига дуч келган.

Агадездаги диний мактабда Шайх Аббос Яҳё Би-би-сига уйланиш ёки турмушга узатиш жуфтларнинг жисмоний жиҳатдан тайёрлигига қараб белгиланишини айтди.

"Бунда қизнинг ва эркакнинг жисмоний ҳолатига боғлиқ", дейди у.

"Агар икковлари жисмонан вояга етган бўлса, турмуш қуришлари мумкин. Чунки, Исломда ҳатто 9 ёшдан, агар қиз соғлиғи кўтарса, оила қуриши мумкин".

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси ўзгаришлар учун курашмоқда. Жамғарма шаҳарлар ва қишлоқларда огоҳлик лойиҳаларини йўлга қўйган.

Нигернинг Болалар ҳимояси бўйича комиссари Бригитт Сонноисга кўра, вояга етмаган болаларни турмушга узатиш муаммоси кенг кўламда ҳал этилиши керак.

Оилаларни озиқ-овқат хавфсизлиги билан таъминлаш, таълим ва энг муҳими, аёлларнинг жамиятдаги ўрни билан боғлиқ муаммолар ҳали қилиниши керак.

"Одамлар қизларнинг таълим олиши аҳамиятини кўрмайдилар. Улар асосан хотин ва она бўлишлари керак ҳамда бола туғиб катта қилишлари лозим деб кўрилади", дейди у.

Бу каби ёндашувни ўзгартириш ва қашшоқлик муаммосини бартараф этиш қўрқинчли вазифадек кўринади.