Мулла Умар асир алмашишни Толибон ғалабаси деб атади

Америкалик аскар Боу Бергдалнинг Гуантанамода сақланган Толибоннинг беш етакчи қўмондонига алмаштирилгани муносабати билан Афғонистон Толибони раҳбари Мулла Умар баёнот эълон қилган.

2001 йилда Афғонистонда ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин Мулла Умар камдан-кам баёнотлар чиқаради, бу баёнотида Америка ҳарбийсини Толибон раҳбарларига алмаштирилганини "катта ғалаба" деб атаган.

"Мен бутун Афғон мусулмон халқини чин юрагимдан табриклайман", дейилади Толибон етакчиси баёнотида.

Айни пайтда АҚШ раҳбарияти сержант Боу Бергдални озод қилиш амалиёти нега тезлик билан амалга оширилганини ҳимоя қилиб чиқишига тўғри келган.

Америкалик сиёсатчилар нима учун Гуантанамода сақланаётган Толибоннинг энг юқори лавозимларини эгаллаган беш шахс Конгресс билан маслаҳатлашилмасдан озод этилгани борасида изоҳ талаб қилганлар.

Бунга жавобан АҚШ Мудофаа вазири Чак Хейгел айтишича, Боу Бергдал ҳаёти хавф остида бўлгани учун уни тезлик билан озод қилишга тўғри келган.

2009 йил ёзида Афғонистонга юборилганидан икки ой ўтиб Толибон асирга олган сержант Боу Бергдал 31 май куни Афғон-Покистон чегарасида америкалик ҳарбийлар қўлига топширилган.

У даволаниш учун Олмонияга юборилгани хабар қилинган.

Ушбу келишувдан огоҳ қилинмаган Афғонистон ҳукумати асирлар алмашилинишини қоралаб чиққан, бу халқаро қонунчиликни бузиш, деб атаган.

Гуантанамода сақланган Толибоннинг беш тутқунини АҚШ аскарига алмашиш масаласи 2011 йилдаги Қатардаги музокараларда ҳам муҳокама қилинган, бироқ АҚШ ва Толибон шартларини келиша олмаганлар.

Беш маҳбусдан энг лавозими баланди Муҳаммад Фазл бўлиб, у 2001 йилда Толибон Мудофаа вазири ўринбосари, Толибон армияси штаби бошлиғи лавозимини эгаллаган.

Хабарларга кўра, Муҳаммад Фазл Америка қўшинларига қарши жангларга раҳбарлик қилган ва Афғонистон шимолида генерал Абдул Рашид Дўстумга асир тушган.

Муҳаммад Фазл қатор уруш жиноятлари, хусусан минглаб Шиа мусулмонларини ўлдиришда айбланган.

Хайрулло Хайирва Толибон Ички ишлар вазири ва Ҳирот ҳокими лавозимларини эгаллаган. Унинг Усома бин Лодин билан тўғридан-тўғри алоқаси бўлган, деб кўрилади.

Абдул Ҳақ Восиқ Толибон истиғборот хизмати раиси ўринбосари бўлган. У Толибон билан бошқа исломий гуруҳларнинг АҚШ ва коалиция қўшинларига қарши иттифоқ ташкил этишда марказий шахслардан бири бўлган, деб кўрилади.

Мулла Нуруллоҳ Нури етакчи Толибон қўмондони ва ҳоким бўлган. У ҳам Шиа мусулмонларини оммавий ўлдиришга алоқадорликда айбланган.

Муҳаммад Наби Умарий Толибон раҳбариятида қатор муҳим лавозимларни, хусусан, хавфсизлик хизмати раҳбари лавозимини эгаллаган. Унинг АҚШ ва коалиция қўшинларига қарши ҳужумларда иштирок этгани айтилган.

Америка Гуантанамо тутқунларини Қатар хавфсизлик кучларига топширган, бу шахсларнинг бир йил давомида Қатардан четга чиқишлари тақиқлангани хабар қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ