Францияда яҳудийлар музейига ҳужум гумондори қўлга олинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Франция полицияси маълум қилишича, Брюссел шаҳридаги яҳудийлар музейига ҳужум қилишда гумон қилинган шахс қўлга олинган.

Бу шахснинг Франция фуқароси экани хабар қилинган.

29 ёшли Меҳди Неммученинг Франция шимолидаги Рубе шаҳри яшовчиси экани айтилмоқда.

Франция расмийларига кўра, Меҳди Неммученинг Суриядаги исломий радикал жангарилар билан алоқаси бўлган.

Франциянинг ички истиғборот хизмати - DGSI ишонишича, Меҳди Неммуче 2013 йил Сурияда жиҳодчи жангарилар сафида бўлиб қайтган.

24 май куни Белгиянинг Брюссел шаҳридаги яҳудийлар музейига ҳужум содир этилган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи na

Белгия расмийлари ҳужум пайти тасвирга олинган кузатув камераси кадрларини эълон қилган.

Бу видеотасвирда бошига кепка кийган ва кўзойнак таққан кишининг музейга кириб келгани, сумкасидан автомат қуролини чиқаргани ва эшик остонасидан отгани ва музейдан чиқиб кетгани акс этган.

Ҳужум оқибатида исроиллик эр-хотин,бир франциялик аёл ҳалок бўлган, 24 ёшли белгиялик эркак клиник ўлим ҳолатига тушган.

Франция расмийларига кўра, Брюссел музейига ҳужумда гумон қилинган шахс Ҳолландиянинг Амстердам шаҳридан Франциянинг Марсел шаҳрига келган автобусда қўлга олинган.

Унинг ёнида Калашников автомат қуроли ва ўқлар, кичик видеокамера ҳам топилган.

Меҳди Немучче қотиллик ва террорчилик мақсадидаги қотилликка уринишда гумон қилиниб ҳибсга олинган.