Рамзан Қодиров: "74 минг чечен Украинага боришга тайёр"

Image caption Рамзан Қодиров Украинада чечен жангчилари борлигини тан олди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров "Рен-ТВ" каналининг "Неделя" дастурига берган эксклюзив интервьюсида, агар буйруқ берилса, ўн минглаб чеченлар Украинага отланишга тайёр эканликларини айтган.

Аввалроқ, Украина матбуоти ва халқаро матбуотда Донецкдаги аксил-террор амалиётида чечен жангарилари нобуд бўлгани хабар қилинганди.

"Чечен дипломатияси" дастурида жаноб Қодиров чеченлар Украина ҳудудида "тартиб ўрнатиш"лари мумкинлигини билдирди.

"Мен сизга расман айтаяпман: мен биронта ҳам чеченни у ерга жўнатганим йўқ. Лекин агар бўйруқ бўлса, бизда Украинага бориб, у ерда тартиб ўрнатиш учун 74 минг чечен тайёр турибди", - деди Чеченистон раҳбари.

Донецкдаги чечен жангарилар ҳақидаги саволга жавоб бера туриб, жаноб Қодиров, ундаги бор маълумотга кўра, Украинада ҳақиқатдан ҳам 14 чечен кўнгилли жангчи бўлганини билдирди.

"Уларнинг баъзилари собиқ (Ички ишлар) ходимларидир. Жанубданми, шарқданми, аниқ билмадим. Бир ёш йигит ҳалок бўлган ва билишимча, тўрт нафари жароҳат олган. Мен уларни юбормаганман, агар юборганимда, бутун дунёга жар солган бўлардим", - деди у.

Унинг айтишича, Украинага бориб жанг қилишни истаган чеченлар сони шунчалар кўпки, жаноб Қодировнинг ўзи уларни "шаштидан қайтариб турибди".

"Агар уларни ушлаб турмасак, у ерда 14 эмас, 400 ёки 4000 жангчи бўлган бўларди... Кўнгиллилар жуда кўп", - деди у.

Украина ҳукумати Россияни шарқий украин вилоятларида беқарорлик келтириб чиқаришда ва маҳаллий исёнкорларни қурол ҳамда ҳарбий йўл-йўриқлар билан қўллаб-қувватлаб келаётганликда айблайди.

Россия ҳукумати бу айбловларни рад этади ва исёнчилар маҳаллий украин фуқаролари эканини айтади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer