"Ўзбек олтин секторининг ёпиқлигидан қудратдаги элита манфаатдор"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gold and Co.

Apple ширкати ўзининг iPhone, iPad, iPod, Mac ва Apple TV сингари маҳсулотлари учун Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган олтиндан фойдаланишини айтган.

Айни пайтда йилига 70 дан 90 тоннагачани ташкил этиши хабар қилинадиган Ўзбекистон олтинининг қолганини дунёнинг қайси ширкатлари қанчага сотиб олиши борасидаги саволлар жавобсиз қолмоқда.

Apple минералларнинг ахлоқий йўлда қазиб чиқарилиши, ҳамда, унда хавфсиз ва адолатли иш шароити таъминлангани ўта муҳим эканини айтган.

Бироқ, ўзбек олтин секторининг ахлоқий эканини қаердан билса бўлади? Ва у нақадар шаффоф? Бу савол билан Би-би-си Лондондаги GPW иқтисодий тадқиқот марказининг таҳлилчиси Кейт Маллинсонга мурожаат этди.

Маллинсон: Ўзбекистонда хомашё қазиб олишга асосланган ҳар бир саноатда бўлгани каби, олтин ҳам мамлакат учун катта бойлик манбаи деб кўрилади. Ўзбек иқтисоди асосан хомашёни экспорт қилишга асосланган. Шунинг учун ҳам, давлат тепасидаги элита, жумладан президентнинг ўзи ва Миллий Хавфсизлик Хизмати расмийлари хом ашё секторига аралашганлар. Айниқса, олтин секторига... Ўтган бир неча йил ичида Ўзбекистоннинг олтин секторида бир неча нуфузли хорижий сармоядорлар ютқазиб қўйишди. Мамлакатда хомашёга тобелик шунчалик кучли бўлгани туфайли, унга боғлиқ қонун-қоидалар ўзбошимчалик билан ҳукумат томонидан ўзгартирилиши мумкин ва бундай шароитда хорижий сармоядорлар ноилож қолишади. Бу соҳада фойда кўриш сиёсий воқеаларга боғлиқ бўлиб қолган. Кўпчилик хорижий сармоядорлар қийин аҳволга тушиб қоладилар, чунки Марказий Осиёда муваффақиятли бизнес олиб бориш учун энг асосий нарса, бу кимга мурожаат қилишни билишдир. Хорижий сармоядорлар маълум раҳбар ёки маълум гуруҳга тобе бўлиб қолишади, лекин элитада ўзгаришлар юз берганда, улар боши берк кўчага кириб қоладилар. Ўзбекистон кўп жиҳатдан ўрта асрлардаги подшоҳ ҳукмронлиги каби бошқарилади. Сармоядорлар эса элита билан иш олиб бориб, кўп ҳолларда коррупцияга боғлиқ қонунларни бузиб қўядилар.

Би-би-си: Ўзбекистонда олтиндан давлат бюджетига тушаётган фойда, ёки у қайси ширкатга қандай нархда пулланаётгани ва ҳоказолар ошкор қилинмайди. Бундай ҳолда, хорижий ширкат, Ўзбекистон билан ҳамкорликни бошлашдан олдин, қандайдир иқтисодий тадқиқот олиб бориб экспертиза тузиши қийин бўлса керак?

Маллинсон: Ҳа, иқтисоднинг бундай ёпиқ секторларини баҳолаш ва таҳлил қилиш ўта қийин. Чунки маълумотлар камдан-кам ҳолда очиқланади. Ўзбекистон ҳукуматидан олинадиган статистик маълумотга ишониб бўлмайди. Бироқ, шунга қарамай хорижий ширкатлар аралашган шартномалардан қайси шахс қанча фойда кўраётгани борасида биз маълумот олишга қодирмиз.

Би-би-си: Apple Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатларида қуйилган Ўзбек олтинини харид қилган. Ширкат ҳисоботида жумладан шундай дейилади: "Минералларнинг ахлоқий манбаси Apple миссиясининг муҳим таркибий қисми, бу таъминот тармоғининг хавфсиз ва адолатли иш шароити таъминланганига ишонч ҳосил қилиш учун муҳим". Хорижий ширкатлар бунга қандай ишонч ҳосил қилишлари мумкин, агар ўзбек олтин сектори шунчалик ёпиқ бўлса?

Маллинсон: Бу ўша ширкатнинг хавф-хатарга бўлган иштаҳаси, яъни хавфдан қўрқиш ё қўрқмаслигига боғлиқ бўлади. Ҳар бир ширкат муайян бир мамлакат билан иш олиб боришдан олдин, хавфлар борасида тадқиқот олиб бориши керак. Менинг назаримда, олтин қазиб чиқаришга аралашган хорижий ташкилотлар олтин ахлоқий йўлда қазиб олинаётганига 100 фоиз ишонч хосил қилишлари қийин. Улар ўша мамлакатнинг обрўси ва бизнес шароитлари хусусида ўзларида бор маълумотга асосланиб қарор қиладилар.

Би-би-си: Ўзбек олтин секторининг бунчалар ёпиқ ва сирли эканидан ким фойда кўради?

Маллинсон: Унинг шунчалар ёпиқ ва сирли эканига қараб бир хулоса қилиш мумкин: бундан ҳуқукумат аъзолари ва элита фойда кўради. Кўплаб тасдиқланмаган хабарларга кўра, ўзбек ҳукумати ўзининг олтин резервлари ҳисобига катта қарзлар олмоқда. Бу хабарларга қаралса, ҳукуматдагилар ўзларининг шахсий даромади йўлида олтиндан қурол сифатида фойдаланишаяпти. Бу мамлакат фойдасига ишлатилмаяпти, Ўзбекистондаги иқтисодий ва ижтимой аҳвол ўтган йигирма йил ичида яхшиланмаган. Шундай экан, олтин хусусий фойда учун, ҳамда мамлакатдан капитални олиб чиқиш учун ишлатилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ