Обама: "Порошенко Украина учун оқилона танлов"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Барак Обама Украинанинг янги сайланган президенти Петро Порошенкони мамлакатни бошқара оладиган “оқилона танлов” деб таърифлаган.

Америка президенти украиналик ҳамкасби билан Варшавада учрашган.

Учрашувда Порошенконинг Украинада тинчлик ўрнатиш режаси ва Американинг бу йўлда ёрдами муҳокама қилинган.

Обама жанобларига кўра, агар халқаро ҳамжамият дастакласа, Украина гуллаб-яшнайдиган демократик мамлакатга айланиши мумкин.

Обама жаноблари Полшада коммунистик тузум қулаганининг 25 йиллик байрамида иштирок этади.

Аммо Украинанинг Қрим ярим ороли икки ой аввал Россия томонидан қўшиб олиниши Америка президентининг Оврўпо сафари аҳамияти оширган.

Россиянинг айни амали ортидан Ғарб-Шарқ муносабатлари Совуқ уруш давридан кейин энг ёмон даражага тушган.

Обама жаноблари Оврўподаги иттифоқчиларига Россия томонидан ҳар қандай “тажовуз” эҳтимоли туғилса, АҚШ уларни ҳимоя қилиши ҳақидаги муждани етказиб қўймоқчи.

Сешанба куни у Оврўпо хавфсизлиги учун қўшимча бир миллиард доллар ажратишини эълон қилган эди.

Шунингдек, Американинг қитъадаги ҳарбий ҳозирлиги ҳам оширилади.

Буларнинг бари Россиянинг Украинага нисбатан сиёсатига жавобан содир бўлмоқда.

Петро Порошенко Шанба куни Украина президенти ўлароқ қасамёд қилади.

Обама жаноблари шунингдек, Киевнинг Россия билан газдан қарзини тўлашда ҳам ёрдам ваъда қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ