Абхазия: Мамлакат раҳбари норозиликлар оқибатида Сухумини тарк этган

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Гуржистоннинг бўлгинчи ҳудуди Абхазия президенти муҳолифат унинг идорасини босиб олганидан сўнг пойтахтни тарк этишга мажбур бўлган.

Хабарларда айтилишича, Александр Анкваб мухолифат билан музокара ижобий натижа бермаганидан кейин ўзи туғилиб ўсган Гудаута шаҳрига йўл олган.

Россия дастаклаётган бу минтақада аксар одамлар иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмаганидан норози.

Бу кайфиятларга абхаз миллатчи ҳиссиётлар ҳам қўшилиб норозиликларнинг авж олишига туртки бўлган.

Абхазия: тарихий назар

Абхазия Гуржистондан бўлиниб ўз мустақиллигини 1999 йили эълон қилган. Гуржистон бу ўлкани бўлгинчи ҳудуд деб ҳисоблайди.

Абхазия Гуржистоннинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Унинг жануби-ғарбий ҳудудини Қора денгизи ўраган, шимоли-шарқий ҳудудлари эса Россия ва Қофқоз билан чегарадош.

Шўролар даврида бу жойлар ҳордиқ чиқариш учун энг севикли масканлардан эди.

Совет Иттифоқи қулашидан сўнг Абхазияда бошланиб кетган мустақиллик учун кураш минтақа иқтисодига салбий кўрсатди.

Москва ўз таъсирини мустаҳкамлаш интилишида сўнги пайтларда бу ҳудудга катта сармоя киритган.

Абхазия тарихи бевосита Гуржистоннинг тарихига боғланган, зеро бу икки мамлакатнинг тилларини қардош деб атаб бўлмайди.

Абхаз тили Шимолий Қофқозда тарқалган тилларга ўхшашдир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Эрамиздан олдин IX-асрдан бошлаб Абхаз ерлари Гуржилар ҳукм сурган Колхилар(Колхида) қироллигининг ажралмас қисми бўлган.

Мазкур ҳудуд VI-асрда насронийликни қабул қилган.

Абхазия мустақил давлат сифатида 1008 йили Гуржистон қироллигига қўшилади.

XIX-aсрда бутун минтақа Россия таъсири остига тушади ва 1864 йили Россия империяси Абхазияни забт этади.

Болшевиклар инқилобидан сўнг Абхазияга мухторият мақоми берилган, аммо кейинчалик 1931 йили Сталин бу ҳудудни Гуржистон Совет республикаси таркибига киритган.

Шўролар даврида расман мухтор бўлишига қарамай, Абхаз халқининг маданияти Гуржилар таъқиби остида бўлган.

1991 йили Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг Абхазия аҳолисининг 20 фоизидан камроғини этник Абхазлар, қолган қисмини Гуржилар ташкил қиларди.

Гуржистон мустақил бўлганидан кейин Гуржи ҳукумати назоратидан чиқиб кетиш ва Россияга яқинроқ бўлиш чақириқлари кучайиб боради. Танглик ўсиб боради ва 1992 йили Гуржистон ўзаро муносабатларни олдинги ҳолига келтириш мақсадида қўшин юборади.

Муҳим саналар

1993 йилнинг охирида Абхазияда қақшатқич жанглар рўй берган. Минглаб одамлар ўлдирилган ва деярли бутун гуржизабон аҳоли ўз уй-жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Гуржистон бу ҳаракатларни этник тозалаш деб таърифлайди.

Охир-оқибат Абхазия 1999 йили ўз мустақиллигини эълон қилади ва халқаро ҳамжамият бу ҳаракатларга қарши иқтисодий жазо чораларини киритади. Натижада Абхазиянинг иқтисодий алоқалари буткул Россияга таяниб, Сухуми билан темир йўл орқали амалга оширилади.

Москва Абхазияда истиқомат қилган аҳолига Россия фуқаролигини осонлаштирди ва шу билан Гуржистон ҳукуматини ғазабга келтиради.

15 йил мобайнида аксари россияликлар бўлган БМТ тинчликни сақлаш кучлари икки мамлакат ўртасидаги буфер ҳудудда жойлаштирилган.

Бироқ 2008 йилнинг августида Россия ва Гуржистон ўртасида Жанубий Осетия устидан кечган урушда Россия қўшинлари Абхазия ҳудудидан ўтиб Гуржиларнинг бевосита ерларига кириб, шу орқали иккинчи жабҳа очишга қодир бўлганлар.

Айни вақтда Абхаз кучлари Гуржистон назорати остида бўлган Кодори дарасидан Гуржи аскарларини сиқиб чиқаришга уринганлар.

2008 йилда юз берган можародан сўнг, Москва иккала мамлакат, яъни Жанубий Осетия билан Абхазия мустақилликларини расман тан олишини эълон қилди. Россия иттифоқдошлари Никарагуа ва Венесуэла ҳамда Тинч уммонида жойлашган кичик ороллар ҳам бу қадамларни эътироф этишган.

Бир йил ўтгач, Москва БМТ кучларининг ваколатлари узайтирилишига вето қўйиб, Гуржистон билан чегарадош ҳудудни ўз назорати остига олиш борасида Абхазия ҳукумати билан келишув имзолаган.

Абхазияда содир этилаётган сўнгги ҳодисаларни экспертлар гуруҳи таҳлил қилади:

1. Филадельфияда жойлашган Ҳорижий сиёсат тақиқотлари институти эксперти Michael Cecire:

Қашшоқликка ботган ўлка

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Абхазларнинг сабр-тоқат косаси тўлиб ошиб кетган кўринади. Россия ва de-facto Абхаз ҳукумати 2014 йилда ўтказилган Сочи Қишки Олимпиада ўйинлари маҳаллий иқтисоднинг гуркираб ривожланиб кетишига туртки бўлади, дея ваъда қилишган, бироқ сира бундай бўлмаган. Олимпиада минтақага сайёҳларни олиб келиб, қурилиш учун сармоялар ва молиявий қўйилмалар келтириш ўрнига Россия-Аабхаз чегарасидан ўтган хавфсизлик кордони абхазияликларнинг ғазабини қўзғади.

Абхазиянинг баъзи иқтисодий муаммолари de-facto ҳукуматига боғлиқ бўлиши мумкин. Россия минтақада иқтисодий вазиятни яхшилаш учун барча куч-қудратга эга. Мисол учун, Чеченистонда кенг миқёсда йўлга қўйилган қурилишнинг юксалиши айнан Москвадан молиялангани боис, у ердаги одамларнинг турмуш шароити яхшиланган(инсон ҳуқуқлари абгор ҳолатда қолаётган бўлса ҳам). Абхазияда эса бунга ўхшаш вазият умуман юзага келмаган ҳам.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бироқ бу ҳам тўлиқ вазиятни акс эттирмайди. Мухолифат ёмонлашаётган иқтисодий шароитни асосий муаммо деб кўтариб чиқди. Лекин шу билан бирга, норозиликларнинг тўлқини Президент Александр Анквабнинг этник Гуржиларга нисбатан либерал бўлган сиёсатига қарши қаратилди. Абхазиянинг этник Гуржи жамоаси асосан Гали ҳудудида яшаб келади. Анкваб жаноблари уларни Абхаз жамиятига тўлақонли интеграциялаши, шу билан уларга Абхазия фуқаролиги берилишини қўллаб-қуватлаб келган. Рауль Хаджимба бошқарган мухолифат Анквабни ўз сиёсий манфаатларини кўзлаб сайловчилар базасини кенгайтириш орқали, Абхаз ўзлигини хавф остига қўйишда айблади.

Хаджимба Анкваб бошқарган ҳукуматни Москвага яқинлашишда ҳам айблайди. Гарчи Абхаз жамиятида Россия билан хавфсизлик иттифоқини тузишга сиёсий интилиш ҳозир мавжуд бўлса ҳам, Хаджимба мухолифати россияликлар Сухумида мол-мулк сотиб олишларини ва умуман Москва билан ўта яқинлашишни хоҳламайди.

Хаджимбанинг сиёсий назарларига қанчалик ишониш мумкин – бу мавҳум қолмоқда. Бир пайтлар КГБнинг собиқ зобити бўлган Хаджимба Москва хуш кўрган сиёсатчилардан бири деб саналган.

Унинг сиёсий қарашларининг ўзгаргани собиқ хўжайинлари билан келишмовчилик юзага чиққанидан далолат бўлиши мумкин. Бизга маълум бўлган нарса шуки, Хаджимба жаноблари ҳокимиятни бошқара олишига ишонган шахс. Президент Анквабга келганда, унинг сиёсий келажаги Россияга боғлиқ бўлиб қолган. Агар Москва ўз сиёсий интилишларини оқламаган сиёсатчи сифатида ундан воз кечса, Анкваб учун ҳокимиятни қайта қўлга киритиш қийин бўлади.

Мухолифатнинг кучи нимадан иборат?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Natalia Pronina

Хаджимба этник миллатчи. Абхазияда Россияга қарши кайфиятларни изҳор этиш учун сиёсий мухит йўқлигини инобатга олсак, уни аксилроссия сиёсатчи деб таърифлаш қийин.

Унинг платформаси этник Абхаз ўзлигини сақлашдан иборат. Барча маълумотларга кўра, Россия мулозимлари унинг номзодини 2004 йили президент Багапшга қарши қўллаб-қувватлаганлар. Хабарларда Россия Президенти Путин унинг фойдасига сайловолди кампаниясини ўтказгани ҳам айтилганди.

Мазкур норозиликлар тўсатдан юзага келдими?

Улар тўсатдан юзага келгани йўқ. Апрел охирларида мухолифат жаноб Анквабга “5 май ултиматуми” деб номланган ҳужжат тақдим этди. Ҳужжатда ҳукуматни истеъфога чиқариш ва радикал ислоҳотларни ўтказиш каби талаблар ўрин олган эди. Бироқ Абхазия раҳбари мухолифат талабларини жиддий қабул қилмагани мухолиф кучларни қатор норозиликларни уюштиришга ундади. Мухолифатнинг куч жамлаб Анкваб ва унинг ҳукуматини ағдариш қобилияти кутилмаган бир ҳодиса бўлиши мумкин, бироқ бундай ривожланишни тасаввур қилиш мумкин эди. Бу воқеаларда Кремл ё-да Гуржистоннинг қўли бор деб айтиб бўлмаса-да, агар жаноб Анкваб барқарорликни ушлаб туролмаслиги аён бўлиши биланоқ, Россия унинг ўрнига бошқа сиёсий иттифоқдошни топиши аниқ кўринади.

Президентнинг ҳокимиятдан кетиши Абхазиянинг Гуржистон билан Россия ўртаисдаги муносабатларига қандай таъсир қилиши мумкин?

Агар жаноб Хаджимба ҳокимиятга келса, эҳтимол Галилик Гуржилар бундан олдин йўлга қўйилган интеграцион жараён сусайишини кўришлари мумкин. Бироқ Россия билан алоқалар кенг маънода ўзгармайди. Абхазиянинг Россия билан ўзаро ривожланиши камайиши мумкин, аммо шу вақтга қадар Хаджимба Гуржистон ёки Ғарбга таяниш эҳтимоли борасида бирор белги кўрсатмаган. Шунингдек, Сухуми бюджет ва иқтисод масалаларида Москвага таянишни давом этаверади деб ўйлайман.

Украина билан ўхшаш жиҳатлари борми?

Ўхшаш жиҳатлари борасида гапирсак бу - коррупцияга ботган иқтисод устидан ҳукм сурган раҳбарга қарши халқ норозиликларга кўтарилганини таъкидлашимиз керак. Қолган умумий жиҳатларни кўролмайман.

2. Инал Хашиг, "Чегемская правда" рўзномасининг бош муҳаррири, Сухуми:

Анкваб ҳокимиятга келишида кўп одамлар у билан ўз умидларини боғлашган эди. У иқтисодий ислоҳотларни ўтказади, деб ўйлашган эди. "Қонун посбони" имиджи кучли эди унда. Бироқ коррупция унинг ҳумронлигида бадтар ривожланиб, ҳеч қандай ислоҳотлар ўтказилмади. Яқинда, у "ислоҳотларни ўтказишнинг фойдаси йўқ, чунки уларнинг оғирлиги халққа тушади", деб айтган.

3. Ренат Карчаа, Абхазия масалалари бўйича мутахасис, Москва:

Мисол учун, Россиянинг Абхазияга ажратаётган молиявий ёрдамини тилга олайлик. Бутун молиявий ёрдам ё ички истеъмол ё-да қурилишга харажат қилинади. Иккала соҳа ҳам ўта муҳим, бироқ иқтисоднинг реал секторига бирор тийин ҳам ажратилмайди, яъни, қайта тиклана оладиган манбаларнинг барпо этилиши учун пул умуман йўқ. Ва бу жамиятда тайёрга айёрлик кайфиятини кучайтиради. Лекин бу даъволар нафақат Анквабга, балки Россия Федерациясига ҳам қўйилиши лозим. Фақат сармоя орқали иқтисодни кўтариш мумкин.

4. Алексей Мартинов, Янги давлатлар институти мудири, Москва:

Бугун Абхазияда содир бўлаётган ҳодисаларни соғлом сиёсий жараён ёки ёш давлатнинг ўсиш давридаги қийинчиликлари, деб таърифлаш мумкин. Ноанъанавий йўл орқали ҳокимиятни ағдариш уриниши содир бўлгани, албатта, кескин қораланиши керак. Бошқа томондан, бевосита демократия анъанаси, яъни бутун халқ майдонга чиқиб, ўз раҳбарларини жавобгарликка тортишлари – бу Абхаз халқининг ўтмишдан қолган удуми, ва мен бунда ҳеч қандай ғайриоддийликни кўрмайман. Сўзсиз, бундай чиқишлар контитуцион доирада ўтишлари лозим, жумладан, демократик сайловлар йўли билан. Муддатидан олдин сайловлар орқали раҳбарларни ҳокимиятдан четлатиш мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.