'Дунёда Россияга нисбатан муносабат ёмонлашган'

Image caption Украина ҳодисалари Россияга нисбатан муносабатга таъсир кўрсатган.

Би-би-си Жаҳон хизмати ўтказган сўровда аниқланишича, ўтган йилдан буён жаҳонда Россияга нисбатан муносабати ёмонлашган одамларнинг сони ортган.

Би-би-си бу борада дунёнинг 24 мамлакатида истиқомат қиладиган одамларнинг фикрини ўрганган.

Ушбу жамоатчилик фикрни ўрганиш Россия Украина Қримини ўзига қўшиб олишдан олдин бошланган, шунга қарамасдан, инсонларнинг Россияга нисбатан муносабатлари салбийлашганини кўрсатган.

2013 йилнинг декабридан 2014 йилнинг апрелигача давом этган омма фикрини ўрганишда 24500 дан ортиқ киши қатнашган.

Би-би-си дунёнинг у ёки бу мамлакатига нисбатан одамлар фикрини 2005 йилдан буён ўрганиб келади.

Сўнгги сўров шу йиллар мобайнида ўтказилган тадқиқотлар орасида Россияга нисбатан муносабат энг салбийлашганини кўрсатган.

Cўровда АҚШ ва Оврўпо Иттифоқига нисбатан ҳам фикрлар ёмонлашгани аёнлашган.

Бироқ Олмониянинг ўрни олдинги йилларда олиб борилган тадқиқотлардаги мавқеда қолган, дунёнинг кўп мамлакатларидаги одамлар ҳамон Олмонияга анча ижобий мамлакат сифатида қарашар экан.

Ушбу рейтингда Шимолий Корея ва Эрон энг ёмон кўрсаткичларга эга бўлганлар.

Сўров иштирокчиларидан дунёдаги 16 мамлакат ва Оврўпо Иттифоқининг халқаро таъсирига баҳо бериш сўралган.

Булар АҚШ, Британия, Бразилия, Жанубий Африка, Жанубий Корея, Исроил, Канада, Оврўпо Иттифоқи, Олмония, Покистон, Россия, Франция, Хитой, Шимолий Корея, Эрон ва Ҳиндистондир.

Саволлар бирор бир мамлакатга "асосан ижобий" ёки "асосан салбий" муносабат билдириш шаклида қўйилган.

Россияга муносабат ёмонлашгани жаҳондаги барча қитъаларнинг 13 мамлакатида кузатилган.

Ҳаммадан ҳам кўра Оврўпо мамлакатлари ва Шимолий Америкада Россияга нисбатан салбий муносабат билдирилган.

Францияда фикри сўралганларнинг 69 фоизи, Олмонияда 67 фоизи, АҚШ ва Британияда 64 ва Канадада 62 фоизи Россияга нисбатан муносабати ёмонлигини билдирган.

Аксар Осиё мамлакатларида Россияга нисбатан муносабат ижобий экан.

Хитойда респондентларнинг 55 фоизи, Ҳиндистонда 38 фоизи Россияни яхши қабул қилишлари ҳақида айтганлар.

"Сўров асосан Қрим ҳодисаларидан олдин ўтказилган, Сочи ўйинлари, Ходорковский ва Pussy Riot гуруҳи аъзоларининг озод қилинган пайтига тўғри келган бўлса ҳам бу ҳодисалар қисқа вақт ичида бўлган ва айни шу пайтда Путин Украинадан Оврўпо Иттифоқи томонга ҳаркатланишни тўхтатишни талаб қилган ва Киев кўчаларида илк тартибсизликлар юз берган пайтлар эди", дея таҳлил қилган Мэриленд университетининг халқаро сиёсатга нисбатан муносабатларни ўрганиш дастури директори Стивен Кулл.

Би-би-сининг ўтказаётган сўровлари охирги уч йил мобайнида АҚШга нисбатан ҳам муносабат ёмонлашаётганини кўрсатмоқда.

Америкага салбий муносабатда бўлганлар Покистонда 61 фоиз, Хитойда 59 фоиз, Олмонияда 57 фоиз ва Россияда 52 фоизни ташкил қилиши маълум бўлган.

Ҳаммадан ҳам кўра Испания, Олмония ва Бразилияда АҚШга нисбатан муносабат ёмонлашган, бу мамлакатларда салбий фикр билдирганлар аввалги йилги сўровларга солиштирганда 15 фоиздан 19 фоизгача кўпайган.

Би-би-си буюртмаси бўйича сўроқ ўтказган GlobeScan ширкати вакили Лайонел Беллье фикрича, бунинг сабаби АҚШ бу мамлакатда телефонларни яширинча тинглагани ошкор бўлган пайтига тўғри келганидир.

"АҚШ танқидчилари Испания, Олмония ва Бразилияда кўпайгани балки тасодиф эмасдир. Булар айнан АҚШнинг кенг қамровли жосуслик фаолияти аниқланган ва кенг танқид қилинган мамлакатлардир", деб айтган GlobeScan ширкати вакили.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ