Хитой: Тянанменда хавфсизлик чоралари кучайтирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Тянанмен майдонида юз берган қонли ҳодисанинг 25 йиллиги олдидан пойтахтда Хитой хавфсизлик кучларининг фаоллиги оширилган.

Хабарларга кўра, Пекиннинг Тянанмен майдонидаги хорижий журналистлар ва йўловчилар синчиклаб текширувдан ўтказилиб, ҳужжатлари текширилмоқда.

Охирги ҳафтада ҳукумат ушбу маросим олдидан бир қанча фаоллар, ҳуқуқшунос ва журналистларни ҳибсга олган.

Оммавий ахборот воситалари Тянанмен ҳодисалари ҳақида хабарларни тарқатиш "жиддий оқибатлар"га сабаб бўлишидан огоҳлантирилган.

1989 йил сиёсий ислоҳотларни талаб қилиб чиққан талабалар намойиши коммунистик партия томонидан шафқатсизлик билан бостирилган.

Хитой ҳукумати 1989 йилги норозиликларни инқилобга қарши дея баҳолаган.

Нафақат хотира маросимлари ўтказиш, балки юзлаб инсонлар ўлимига сабаб ушбу намойиш ҳақида гапириш ва уни тарқатилишини муҳокама қилиш ҳам тақиқланади.

Коммунистик партия раҳбарлари Тянанмен намойишини тарқатиш тўғри ва қонуний бўлганини таъкидлайдилар ва бунинг оқибатларини Хитой матбуоти ва ижтимоий тармоқларда муҳокама қилишга қаршилик қиладилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бироқ Ҳонгонгда минглаб одамлар Тянанмен майдонидаги хотира акциясида қатнашишлари кутилмоқда.

Тайвандаги фаоллар гуруҳи ҳам Тянанменни хотирлашга чақирган.

Тайван ва Япония ҳукуматлари расмий Пекинни хотира маросими ўтказиб, инсон ҳақлари вазиятига муносабатини яхшилашга чақирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Мухбирларга кўра, айни пайтда Тянанменда ўнлаб полиция автомашиналари билан ўраб олинган. Яна қўшимча ҳарбийлар майдонни назорат қилишга олиб келинаётгани айтилади.

Amnesty Internationalга кўра, 66 киши ушланиб, сўроқ қилинган ёки бедарак кетган.

Хитойда қонли ҳодиса йиллиги боис, интернетга, жумладан Google қидириш тизимига чекловлар ўрнатилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

"Афсуски, мен марҳумларга ҳурмат маъносида майдонга боролмайман", деб айтган охирги олти йилни турма ва уй қамоғида ўтказган хитойлик фаол, Нобел мукофоти соҳиби Ху Цзя.

"Лекин бу воқеа ва қурбонлар 25 йил ўтгач ҳам унутилмагани менга таскин беради", деб айтган у Associated Pressга.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Тянанмен намойишлари

1978 йилдан Хитой ўзининг иқтисодини дунёга очди, лекин коммунистлар сиёсат устидан тўлиқ назоратни давом эттираверди.

1989 йил юз минглаб одамлар сиёсий ислоҳотлар талаб қилиб Пекиннинг Тянанмен майдонига йиғилишди.

Норозилик ҳаракати қатнашчилари бир неча ҳафта мобайнида майдонда қолишди. Бу пайтда бошқарувдаги Коммунистик партия ичида ҳокимият учун кескин кураш кетаётган эди.

Олти ҳафталик норозиликларга қарши ҳукумат шафқатсиз жавоб қайтарди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Кескин ҳаракат тарафдорлари бўлган коммунистлар намойишчиларни куч билан тарқатишга буйруқ берди ва кўчалардаги минглаб одамларга қарши ўт очилди.

Ушбу намойишлар Хитой Халқ Республикаси тузилган 1949 йилдан буён коммунистик ҳукуматга қарши энг йирик қўзғолон эди.

1989 йил 4 июнда эркинлик истаб кўчага чиққан юзлаб одамлар қурбон қилинди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.