“Йирик еттилик” Россияни янги жазо чораларидан огоҳлантирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Дунёнинг саноати ривожланган етти йирик давлати раҳбари саммити Брюсселда бошланган, “йирик еттилик” Украинадаги амаллари боис Россияга нисбатан янада кўпроқ санкциялар жорий этилиши ҳақида баёнот тарқатган.

Қўшма баёнотда Москва Украина суверенитетини “бузишни давом эттираётгани” қораланган.

"Биз Украинанинг янада беқарорлаштирилишига ортиқ тоқат қилолмаймиз", деб айтган Олмония канцлери Ангела Меркел.

Иқтисодиёти йирик мамлакатлар раҳбарлари учрашуви шу йил март ойигача “Йирик саккизлик” деб аталар, Россия бу саммит аъзоси эди.

Россия Украина Қримини аннексия қилганидан кейин ташкилотдан Россияни чиқариб юборишга қарор қилинди.

Брюсселдаги саммит Россия бу гуруҳдан чиқариб юборилганидан кейин ташкиллаштирилган биринчи мулоқотдир.

Бошида ушбу саммит Россиянинг Қора денгиз соҳилидаги Сочи шаҳрида режаланган эди.

Россия Қримни қўшиб олганидан кейин “йирик еттилик” раҳбарлари Сочи саммитини бойқот қилишлари ҳақида баёнотлар бердилар, бироз ўтиб эса Россия бу гуруҳдан чиқариб юборилди.

Брюссел саммитида раҳбарлар глобал иқтисодий вазият, иқлим ўзгариши ва тараққиёт масалаларини муҳокама қилишлари хабар қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.