'Ғарб Россия билан ҳамкорликка мажбур'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Жаҳоннинг энг ривожланган етти давлати раҳбарлари Брюсселда навбатдаги саммитга йиғилдилар.

Дунёнинг саноати ривожланган "йирик саккизлиги" бўлиб келган ушбу уюшма Россиянинг Украинадаги амаллари боис энди "еттиликка" айланди.

Дастлаб ушбу саммит Россиянинг Қора денгиз соҳилидаги Сочи шаҳрида режаланган эди.

Лекин Россиянинг Украинадаги амаллари ва Қримнинг аннексиясидан сўнг у саккизлик таркибидан чиқарилди.

Россия Президенти Владимир Путин Брюсселга таклиф этилмаган.

Лекин эртага Франсада Иккинчи Жаҳон уруши даврида бурилиш нуқталаридан ҳисоблаган Нормандияга иттифоқчи кучлар туширилиши 70 йиллиги маросимларига жаноб Путин ҳам чақирилган.

Еттилик раҳбарлари ҳам бу маросимларда иштирок этадилар ва у ерда Владимир Путин билан ёнма-ён туришлари ва ё бир стол атрофида ўтиришлари эҳтимолдан ҳоли эмас.

Бу қанчалар ўнғайсиз вазият бўлади?

Би-би-си билан суҳбатда Франсадан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, еттилик сафидан чиқарилиш Россия учун жиддий сиёсий масала бўлса ҳам, Иккинчи Жаҳон уруши даврида фашизм устидан қозинилган ғалабага йирик ҳисса қўшган мамлакат раҳбарининг таклиф этилмаслиги тарихий хато бўлган бўлур эди.

Бошқа томондан марoсимларга мезбонлик қилаётган Франса президенти Олланд жаноб Путин билан учрашиши режаланган, баъзи бошқа раҳбарлар ҳам у билан юзма-юз учрашмоқдалар, лекин АҚШ президенти ва яна қатор раҳбарлар учрашишдан бош тортганлар.

Камолиддин Раббимовга кўра, бу каби ҳолат Россияни Ғарб стратегиясидан мутлақо узиб ташламай туриб, маълум маънодагина жазолаш мақсадидан далолат беради.

Айни вақтда матбуотда Франса Россияга баҳоси 1 ярим миллиарддан кўпроқ бўлган икки йирик ҳарбий кемани қуриб, етказиб бераётгани хабар берилмоқда.

Шунингдек, 400 Россия Денгиз кучлари аскарлари Франсага ҳарбий тайёргарликдан ўтиш учун келаётганликлари ҳам айтилмоқда.

Буларнинг ҳаммаси Россияга нисбатан жазо чоралари амалда самарасиз эканлигини кўрсатмоқдами?

Таҳлилчи Камолиддин Раббимовга кўра, аслида Россияга нисбатан жазо чоралари натижа бермоқда.

Буни охирги вақтларда Россия президенти оҳангининг ўзгарганида кўриш мумкин.

Бошқа томондан Ғарбнинг мақсади Россияни тўлиқ иҳоталаб, ўзига рақиб бир душманона қутб яратиш эмас.

"Ғарб учун Россиянинг масъулиятли жаҳон ҳамжамияти иштирокчиси сифатида сақлаб қолиниши муҳимдир", дейди таҳлилчи.

"Энергия захираларига бой бўлган Россия билан Ғарб ўртадаги совуқлик ва ишончсизликка қарамай ҳамкорликни давом эттиришга мажбур ва маҳкумдир"

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди