Vodafone телефон сўзлашувларини эшитиш тизимини ошкор қилди

Британиянинг Vodafone ширкати махфий хизматларнинг мобил алоқа операторидаги барча сўзлашувларни тутишлари мумкин бўлган яширин телефон тармоқлари борлигини хабар қилди.

Бунда махсус техникалар тўғридан-тўғри нафақат Vodafoneга, балки бошқа мобил алоқа операторлари тармоқларига ҳам уланган.

Натижада махсус хизматлар телефон сўзлашувларини эшитиш, уларни ёзиб олиш ва мижозларнинг маълумотларини кузатиш имконига эга бўладилар.

Бу ҳақдаги ҳисоботда Vodafone ўзининг хизматларини таклиф қиладиган дунёдаги 29 мамлакатда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорлик тўғрисида сўз боради.

Ширкат ҳисоботда Оврўпо Иттифоқининг бир қанча мамлакатлари, шунингдек, Австралия, Конго, Миср, Гана, Лесото, Қатар, Фижи, ЖАР ва бошқаларда махфий хизматларнинг фаолиятини таҳлил қилган.

Шу билан бирга, у ерда барча маълумотлар ошкор қилинмаган. Юқоридаги мамлакатларнинг баъзиларида махфий хизматларнинг фаолияти қандай бориши тўғрисидаги маълумотларни чоп қилиш таъқиқланади.

Vodafone ширкати бундай маълумотни ошкор қилишига нима сабаб бўлгани тафсилотлари ҳозирча номаълум.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ