Россия: Политковская қотиллари бир умрлик қамоқ жазосини олдилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Чапдан ўнгга: Лом-Али Гайтукаев, Ибрагим Маҳмудов ва Сергей Ҳожиқурбонов

Москвада маҳкама икки кишини 2006 йилда таниқли журналист Анна Политковскаянинг қотиллигига боғлиқликда бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этган.

Бу икки шахс ўтган ой Политковская хонимнинг қотиллигида айбдор деб топилган беш киши орасидадир.

Россиянинг Чеченистондаги урушининг ашаддий танқидчиси бўлган 48 ёшли журналист ўзи яшайдиган кўп қаватли бинонинг лифтида отиб ўлдирилганди.

Беш кишидан уч нафари аввалроқ оқланганди, бироқ Россиянинг Олий маҳкамаси уларнинг иши қайта кўриб чиқилишини буюрган.

Бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Рустам Маҳмудов тўппончани отишда айбдор деб топилди.

Image caption Политковская Путиннинг Чеченистондаги урушининг ашаддий танқидчиси эди

Унинг тоғаси Лом-Али Гайтукаев қотилликни уюштиришда айбдор деб топилиб, у ҳам бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум қилинди.

Маҳмудовнинг икки акаси ва яна бир кишига берилган қамоқ жазолари 12 йилдан 20 йилгачадир.

Политковская хоним Россиянинг Чеченистондаги урушда инсон ҳуқуқларини қандай топтагани ҳақида қилган тергови "Новая Газета" газетасида чоп қилинган ва уни халқаро ҳамжамиятга танитган.

Унинг Президент Владимир Путин ва чечен раҳбариятига қарши олиб борган очиқча танқидий чиқишлари ҳукуматдагиларни ғазаблантирган.

Политковскаянинг яқин ҳамкасблари ва оиласи уни ўлдиришга буйруқ берган асл фитначилар жазосиз қолаётганини айтишади.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ