Карачи аэропорти яқинида яна қуролли ҳужум

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Куни кеча Карачи ҳаво қўналғаси нишонга олинганди

Покистоннинг Карачи шаҳри аэропорти яқинида яна отишма бошланиб кетган.

Бир кун олдин жангарилар ҳаво қўналғасининг терминалларидан бирига ҳужум қилишганди. Ҳодисада ҳужумчилар дохил 38 инсон нобуд бўлган.

Маҳаллий матбуотнинг айтишича, бу гал қуроллилар аэропортдаги хавфсизлик кучлари тайёрлов жамлоғини нишонга олишган. Талофатлар бор-йўқлиги қоронғу қолмоқда.

Расмийларга кўра, парвозлар яна тўхтатиб қўйилган. Хабарларда Карачига қўниши кутилаётган учоқлар ортга қайтарилган.

Тез ёрдам машиналари ҳодиса жойига шошилган, маҳаллий матбуотга кўра, ҳужумчилар ҳозир қочиб қолишган.

Покистондаги Толибон ҳаракати сўнгги ҳужум масъулиятини зиммасига олган.

Ўтган тун яна 9 та жасад топилиши ортидан кечаги ҳужумда нобуд бўлганлар сони кескин ортган. Жасадларнинг 7 таси совуқхонада ташлаб кетилган бўлган.

Сўнгги зўравонликлар Покистондаги Толибон ҳаракати орасида йирик бўлиниш борлиги борасидаги хулосаларга зид тушади.

Мухбирларга кўра, мазкур ҳодисалар Бош вазир Навоз Шариф ҳукуматига Толибонга қарши кескинроқ чора кўриш юзасидан босимни ҳам кучайтиради.

Сешанба куни тонгда Покистон ҳарбийлиги шимоли-ғарбдаги Хайбар минтақасини ҳаво ҳужумларига тутганди. Расмийларга кўра, амалиётлар чоғи камида 15 жангари ўлдирилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ