Россия ва НАТО бир вақтда ҳарбий машқларни ўтказишмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Латвиядаги Saber Strike машғулотида АҚШ аскарлари ҳам иштирок этишмоқда

Россия қуролли кучларининг Калининград вилоятидаги ҳарбий машғулотлари НАТОнинг Болтиқбўйи давлатларидаги ҳарбий машқлари билан бир вақтда бўлиб ўтмоқда.

Россия ҳукумати Болтиқбўйи давлатларида НАТО фаолиятининг авж олиши ва Украинадаги инқироз давом этаётган бир вақтда Россия чегарасида НАТОнинг ҳарбий ҳозирлиги ошганини "душманона муносабатнинг намоён бўлиши" дея қоралаган.

Апрел ойида НАТО Қримни қўшиб олган Россия билан ҳарбий ва фуқаровий ҳамкорликни тўхтатиб қўйган эди.

"Биз НАТОнинг Россия билан чегарага яқин ҳудудларда ўз ҳарбий фаолиятини ошираётгани душманона ниятларни намойиш қилишдан бошқа нарса эмас деб биламиз. НАТОнинг Марказий ва Шарқий Оврўпода, ротация асосида бўлса ҳам, ўз кучларини жойлаштираётганини 1997 йилда Россия ва НАТО ўртасида имзоланган шартларнинг бузилиши деб кўрамиз", - деди Россия Ташқи ишлар вазирининг муовини Владимир Титов.

Россия томонининг ҳарбий машғулотлари Болтиқ флоти кучлари, десант ва ҳаво кучлари, ҳамда ҳарбий ҳаво кучлари иштирокида ўтмоқда.

Флот кучлари билан бир қаторда машғулотларга Су-34 қирувчи учоқлари, Ми-24 тикучарлари ва Ту-22М3 бомбардимончи учоқлари жалб қилинган.

НАТО ўз навбатида Болтиқбўйи давлатларида 9 июндан бошлаб икки ҳафта давомида Saber Strike-2014 ва Baltops-2014 номи остида йиллик халқаро ҳарбий машғулотларини ўтказади.

Қуруқлик ва ҳаво кучлари жалб қилинган машқларда 4700 киши ва 800та ҳарбий техника иштирок этади.

Россия мудофаа вазирлиги икки томондаги машқларга жалб қилинган одамлар ва техника сони ва кўлами ўхшаш эканини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer