Лондонда жинсий зўравонликка қарши саммит очилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Жоли хоним икки йилдирки жинсий зўравонликка қарши кампания олиб бормоқда

Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Ҳейг ва БМТнинг махсус элчиси Анжелина Жоли уруш давридаги жинсий зўравонликка қарши Лондонда очилган тўрт кунлик саммитга мезбонлик қилишмоқда.

Мазкур саммит ушбу муаммони халқаро кун тартибига олиб чиқиш йўлида олиб борилган икки йиллик саъй-ҳаракатларнинг маҳсулидир.

Жаноб Ҳейг жинсий зўрлаш бугунги замоннинг "энг катта оммавий жиноятларидан бири" эканини айтди.

У саммитда иштирок этаётган 140та давлат вакилларини жинсий зўравонликка қарши курашни ўз мамлакатларидаги ҳарбий тайёргарлик дастурига киритишга чақирди.

Саммит уруш давридаги жинсий зўравонликни ҳужжатлаштириш ва тергов қилиш бўйича халқаро протоколни ишлаб чиқади.

У, шунингдек, мамлакатларни жинсий зўравонликка қарши ички қонунларни кучайтиришга ундайди.

Image caption Ҳейг ва Жоли жинсий зўравонлик қурбонлари билан учрашишган

Тадбир иштирокчилари жинсий зўравонлик урушнинг бир қисми деган қарашларни йўқ қилишга уринадилар.

"Уруш қуроли"

Анжуманда сўзга чиққан Ангела Атим 14 ёшида Угандадаги исёнчилар томонидан ўғирлаб кетилган.

"Жинсий зўравонликларга масъул шахсларни жавобгарликка тортиш керак. Бу бизнинг яраларимиз битишига ёрдам беради. Улар ҳали ҳам озодликда юриб, аввалги ишларини қайта-қайта қилаётганларини кўриш биз учун жуда оғриқли", - деди у Би-би-сига.

Анжуманда, хусусан, Босния, Конго, Сомалидан иштирокчилар қатнашаяпти. Жаноб Ҳейгга кўра, яқин ўтмишда айнан шу мамлакатларда юз берган можароларда жинсий зўравонликдан "ўта кенг қўлланилган".

Унинг айтишича, 20 ва 21-асрларда жинсий зўравонликдан уруш қуроли сифатида мунтазам равишда фойдаланилмоқда.

Саммитда айтилишича, атиги 20 йил аввал Боснияда юз берган жангларда 50 минг аёл жинсий зўрланган. Уларни зўрлагани учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer