Шимолий Вазиристонга яна АҚШ дронлари ҳужум бошлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Американинг дрон ҳужумлари аксарият покистонликларнинг қаҳру ғазаби марказида

Американинг учувчисиз учоқлари Покистонда икки ҳужумни амалга оширганлар.

Бу баҳсларга сабаб бўлган ва декабр ойида АҚШнинг дронлар ёрдамидаги амалиётлари тўхтатилганидан кейинги биринчи қайта ҳужумидир.

Хабарларга кўра, камида 16 нафар жангари қурбон бўлган.

Айни пайтда, Покистон маҳкамаси собиқ президент Парвез Мушаррафга мамлакатни тарк этишига рухсат берди.

Карачи маҳкамаси Парвез Мушаррафнинг мамлакатни тарк этиш имкониятини бериш ҳақидаги илтимосини қондириб, Покистондан чиқиб кетиши мумкинлиги ҳақида қарор чиқарган.

Маҳкама қарорига ҳукумат қарши чиқиши мумкин.

Ҳукуматнинг Олий маҳкамага шикоят қилиши учун 15 кун муҳлат бор.

Парвез Мушарраф 2007 йилда Покистон конституциясини тўхтатиш ва мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этганликда айбланади.

Жаноб Мушарраф шунингдек, давлатга хиёнат қилиш ва бошқа бир қатор жиддий айбловлар қаршисида қолмоқда.

Генералнинг ўзи барча айбловларни рад қилиб, уларнинг сиёсий мазмундалигини айтади.

Собиқ президент ўтган йил хориждан қайтганидан буён уй қамоғида сақланмоқда. У мамлакатдан чиқиш таъқиқланган алоҳида шахслар рўйхатига киритилган.

Парвез Мушаррафнинг мамлакатдан чиқишига рухсат берилиши АҚШ учоқлари Покистондаги жангарилар жамлоқларини нишонга олиши билан бир кунга тўғри келган.

Покистон ҳукумати НАТО кучларининг дрон ҳужумлари орқали кўплаб тинч фуқаролар қурбон бўлаётганини айтган.

Бу сафар дронлар Афғонистон билан чегарадаги Шимолий Вазиристонда жойлашган жангарилар лагерларига йўналтирилган.

Дрон амалиётларининг қайталашуви толибларнинг икки кун олдин Карачи аэропортига қилган ҳужумига жавоб тариқасида амалга оширилган.

Ҳужумда 10 жангари дохил 39 киши ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Ҳужумга масъулиятни Покистон Толибони, сўнгра Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўз зиммасига олган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ