Украина ҳукумати Мариуполда назорат ўрнатганини айтмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Украина ҳукумати 13 июн эрта тонгда шарқий ҳудудларда бошланган аксилтеррор амалиётлар муваффақиятли ўтганини билдирди.

Амалиётлар анчайин кенг миқёсли ва қақшатқич бўлган.

Донецк вилоятининг Мариупол шаҳри аксилтеррор амалиётлар натижасида тўлиқ Украина кучлари қўлига ўтди, деб хабар берган Украина ички ишлар вазири ёрдамчиси Антон Герашенко.

"Бугун Мариупол шаҳридаги барча маъмурий биноларда Украина байроқлари ўрнатилади. Шаҳар одатий ҳаёт тарзига қайтади", деб айтган у матбуот анжуманида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украина Ички ишлар вазири Арсен Аваковга кўра, бўлгинчиларнинг техника ва манзилларини яксон қилишга эришилган ва 11 бўлгинчи қўлга олинган.

Миллий гвардия билдиришича, тўрт Украина аскари яраланган, бўлгинчилар бир неча жангарисини йўқотган.

Гувоҳлар ҳам ўлдирилганлар кўплигини айтишган, бироқ уларнинг қанчалиги маълум эмас. Бўлгинчилар тахминича 6дан 12 тагача жангчилари ҳалок бўлган бўлиши мумкин.

Лекин ҳозирда Украина байроғи кўтарилган Мариупол шаҳри яна бўлгинчилар қўлига ўтиши эҳтимоли йўқ эмас, чунки аввал ҳам шаҳарнинг ҳукумат назорfтига олинган вақти бўлганди.

Кеча пайшанба куни кечқурун шунингдек ўзини Донецк Халқ республикаси, дея эълон қилган бўлганинг раҳбари бўлмиш Денис Пушилинга тегишли экани айтилган микроавтобусда портлаш рўй берган. Икки киши ҳалок бўлган, аммо Пушилиннинг ўзи бу вақтда микроавтобусда бўлмаган.

Мамлакат Миллий Гвардияси ўз веб-саҳифасида амалиётларда тўрт аскар жароҳатлангани ва яқинда кўнгиллилардан ташкил топган Днепр ва Азов бўлинмалари аскарлари иштирок этаётганлларини маълум қилган.

Бундан ташқари? Донецк шаҳри атрофларида бўлгинчиларга тегишли танклар пайдо бўлганлиги ҳақидаги тасвирлар Москва билан Киев ўртасидаги яна даҳанаки жангга сабаб бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Снежний мавзесида бўлгинчилар томонида танклар пайдо бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганидан сўнг, Украина президенти Пётр Порошенко мамлакат шарқидаги вазият борасида шошилинч мажлис ўтказган.

Пайшанба куни президент Порошенко президент Путин билан телефон сўзлашувида Украина шарқидаги вазиятни барқарорлаштиришни муҳокама қилган, шунингдек, Россия чегарасидан танклар ўтгани вазиятни чигаллаштиришини айтган.

Айни пайтда Донецкдаги россияпараст бўлгинчилар уч қуролланган танкни қабул қилганларини тасдиқлаганлар.

Исёнчилардан бири эса, Рейтерс агентлигига бу танкларни қурол аслаҳалар омборидан олишганини гапирган.

Украина мудофаа вазири танклар Россия чегараси томонидан келганини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Аксилтеррор амалиётлар манзарасида Киев ва Москва расмий муносабатлари ҳамон муаммоли қолмоқда.

Газпром Украина Бош вазири Яценюкнинг газ нархи ҳақидаги гапларини "ошкора провакацион" деб атади ва қарзлар тўланмас экан, 16 июндан бошлаб газ таъминоти тўхтатилишини таъкидлади.

Охирги хабарларга қараганда, "Нафтогаз" Россия талаб қилаётган 1,951 млрд доллар газ қарзларини шанба, 14 июнгача узишга ишора қилган.

Жаноб Порошенко Украина шарқидаги вазиятни Россия иштирокисиз ҳал қилиб бўлмаслигини қайд этган.

Кремлнинг веб саҳифаси Порошенко ва Путин сўзлашувидан сўнг берган хабарида Порошенкони биринчи марта Украина президенти деб атаган. Москва шу пайтгача Украина янги ҳукуматини тан олмай келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002