"Нигерия ҳукумати "Боко Ҳарам"га қарши курашда ўта заиф"

Фото муаллифлик ҳуқуқи afp

Шу ҳафта Британия Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан Нигерия ва қўшни мамлакатларнинг хавфсизлик вазирлари иштирокида исломчи "Боко Ҳарам" жангари гуруҳи фаолияти борасида халқаро анжуман бўлиб ўтган.

Йиғилишда Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг Нигерия ҳарбийларига исломий жангариларни бартараф этиш учун ўқув машқлар орқали ёрдамни кучайтиришга ваъда қилган.

"Боко Ҳарам" жангарилари Шимолий Нигерияда камида 20 нафар аёлларни ўғирлаб кетган эди.

Бундан олдин, Бенин, Чад, Камерун ва Нигер аскарлари Нигерия ҳарбийлари билан биргаликда Боко Ҳарам гуруҳи Чибук ҳудудидаги мактаб ётоқхонасидан ўғирлаган 200 дан ортиқ ўқувчи қизни топиш мақсадида амалиётни йўлга қўйганлар.

Нигерия

Расман Нигерия федерал республикаси деб ном олган мамлакат таркибини 36 вилоят ва Абужа федерал пойтахт ҳудуди ташкил қилади.

Африканинг ғарбида жойлашган Нигерия заминида қадим замонда турли қиролликлар ва империялар мавжуд бўлган. 19 асрда Нигерия Британия империясининг мустамлакасига айланган. Британия Нигерияда кучсиз давлатларни бўйсундириб олиш имконини берадиган мустамлакачилик шаклини қўллаган.

Шу билан бирга британияликлар анъанавий қабилалар бошқарувини сақлаб қолиб, замонавий маъмурий ва қонуний тузулмаларни барпо этишган.

Нигерия 1960 йилда мустақиликка эришди, бироқ бир неча йил ўтгач фуқаролар урушига дуч келди. Урушдан сўнг ўрнатилган тинчлик даврида Нигерияда демократик ҳукуматлардан тортиб ҳарбийлар диктаторликлар алмашиб турди. Нигерияда 2011 йили ўтган президентлик сайловлари нисбатан эркин ва адолатли ўтказилган деган қараш мавжуд.

Нигерия ўз аҳолиси ва иқтисоди катталиги туфайли "Африканинг улкан мамлакати" ҳисобланади. 174 миллион аҳолиси бўлган Нигерияда 500дан ортиқ этник гуруҳлар яшайди, улардан ҳауса, игбо ва йоруба энг катта қабилалардир. Бу ўлкада қарийб тенг миқдорда мусулмонлар ва насронийлар яшайди. Шимолий Нигериянинг ўн икки вилоятида шариат қонунлари жорий этилган.

Нигериянинг нотинч шимоли

Мамлакатнинг шимолида асосан мусулмонлар истиқомат қиладилар, бироқ марказий ҳудудларда, жумладан пойтахт Абужада, мусулмонлар билан бирга катта сондаги насронийлар бор. Мамлакат ғарбида, Йоруба ҳудудларида, аҳолини 60 фоизини насронийлар, 30 фоиз мусулмонлар ва 10 фоизчасини Африканинг бошқа маҳаллий динлари вакиллари ташкил қилади. Нефтга бой бўлган Нигер дарёсининг ўзагида асосан насронийлар истиқомат қилиб келишади.

Кано -Шимолий Нигерияда жойлашган Кано вилоятининг пойтахти, аҳолисининг кўплиги нуқтаи назаридан энг йирик шаҳар. У ерда аксар ҳауса этник гуруҳи юз бўлгани боис, ҳауса тили кенг тарқалган. Бу шаҳар Кано Амирлигининг пойтахти ҳамдир. Жорий Амир Сануси Ламидо Сануси собиқ Амир Алҳожи Адо Байеро ўлганидан икки кун ўтгач, шу йилнинг 8 июнида тахтга ўтирган. Амир Сануси ўтмишда коррупция айбловлари билан президент буйруғига биноан мамлакат банкининг раҳбари лавозимидан четлатилгач, у Нигерия ҳукуматининг ашаддий танқидчисига айланган. Амир Сануси Шимолий Нигериянинг мусулмонлари орасида энг нуфузли руҳоний раҳбарлардан биридир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Амир Сануси Шимолий Нигериянинг нуфузли руҳоний раҳбарларидан биридир.

Би-би-си эксперти Томи Оладипо шундай дейди:

"Жаноб Сануси Марказий Банк раҳбари лавозимида ишлаганида молиявий секторда илдиз отган қаллоблик ва товламачиликни бартараф этиш мақсадида катта ислоҳотларни бошлади. Яқинда унинг даъво қилишича, Нигериянинг нефт ва бензин саноатида коррупция кенг тарқалгани боис, давлат бюджетидан миллиардлаб доллар йўқолган. Унинг бу қадамлари Нигерия президенти Гудлак Жонатанга маъқул бўлмади ва у жаноб Санусини ишдан бўшатишга қарор қилди. Энди Канода тахтга эгаллагач, Ламидо Санусининг президент билан таранглашган муносабатлари қандай кечиши ҳамманинг диққат марказида. Кузатувчилар, ҳусусан келаси йилга режалаштирилган президент сайловлари арафасида янги тайинланган Амир шимолдаги мусулмонларга таъсир ўтказиш қобилиятига эгалиги борасида гапиришмоқда. Ламидо Сануси банкда ишлаганида аёлларнинг ўқиш ва ишлашлари кераклигини айтган ва Боко Ҳарамни танқид қилиб чиққан.

'Қирол ясовчилар'

Кано Амири Нигерияда иккинчи нуфузга эга бўлган исломий уламодир.

Амирни танлаш учун тўрта "қирол ясовчилар" йиғилиб ўз номзодларини илгари суришади. Ушбу саноқли вакиллар Байеро ва Сануси кланларини ўз ичига олган Иброҳим Дабо оиласидан бўлишлари лозим.

Мухбирларинг айтишларича, Нигериянинг анъанавий раҳбарлари кўп конституцион қудратга эга эмаслар, бироқ дин ва урф-одат посбонлари сифатида кўрилган шимолда улар сезиларли таъсир ўтказишга қодирлар.

Амир Сануси шимолда ўрнашиб олган Боко Ҳарам гуруҳини бартараф этишда ёрдами тегиши кутилмоқда. "Боко Ҳарам" гуруҳи анъанавий исломий раҳбарларни Қўрони жамиятга татбиқ этишни қаттиқ қўлламаётганикда айблайди. Бу гуруҳ Нигерияни кофирлар бошқараётган давлат деб ҳисоблайди.

Марҳум Амир Ал-Ҳожи Байеро тахтда 1963 йилда ўтирган. У Кано амирлиги тарихида энг узоқ муддат ҳукмронлик қилган раҳбар бўлиб, Нигериянинг насронийлар билан мусулмонлар ўртасида юзага чиққан тангликларни юмшатишда ўрни бор деб кўрилади. У исломий "Боко Ҳарам" гуруҳини ҳам қаттиқ танқид қилган ва ўтган йили ўзига қарши уюштирилган ҳужумдан тирик қолган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

"Боко Ҳарам" қандай гуруҳ?

Аҳоли сони бўйича Африканинг энг йирик мамлакати Нигерияда "Боко Ҳарам" қуролли гуруҳи ҳукуматни ағдариб, Исломий давлат қуришни ўзига мақсад қилган.

Суиқасд ва бомба ҳужумлари билан Нигерияда нотинчлик уйғотиб келган ушбу гуруҳ яқин пайтлардан бери одам ўғирлаш йўлига ўтган.

Унинг тарафдорлари Қуръони Каримнинг "Моида" сураси 44 оятидан илҳомланишлари ҳам айтилади.

"Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган Дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир", деб келтиради улар.

"Боко Ҳарам" Ғарбга боғлиқ ҳар қандай сиёсий ёки ижтимоий фаолиятни мусулмонларга "ҳаром" деб билади.

Ман этилган фаолиятлар жумласига сайловларда овоз бериш ва дунёвий таълим олиш киради.

Би-би-си Ҳауса хизмати муҳаррири Мансур Лиман таҳлилига кўра, "Боко Ҳарам" Нигерияда шариат қонунларини таъсис этишни истайди. Ушбу эктремист гуруҳ ўз мақсадига куч билан эришишига ишонади. Улар Нигерия ҳукуматига қарши қуролли кураш йўлини танлашган. Улар, шунингдек, Нигерия халқига ҳам қарши уруш очганлар. Чунки, "Боко Ҳарам" Нигерия аҳолисини ҳукумат билан бир сафда деб билади. Ҳауса тилидан таржима қилинганда "Боко Ҳарам" - "Ғарб маорифи ҳаромдир", деган маънони билдиради. Шунинг учун улар Нигерияда кўплаб мактабларни вайрон қилиб, кўплаб талабаларни ҳалок этишган. Апрелда эса 200 дан зиёд ўқувчи қизларни якуний имтиҳонларга тайёргарлик кўраётган пайтларида мактабдан ўғирлаб кетишди".

Фото муаллифлик ҳуқуқи ap
Image caption Боко Ҳарам раҳбари Абубакар Шекау ўғирланган қизларни қулликка сотиш билан таҳдид қилган.

«Боко Ҳарам» раҳбари

Абубакир Шекау охирги беш йилдан бери шимолий-шарқий Нигерияда қонли ҳужумларни йўлга қўйган жиҳодий гуруҳнинг раҳбаридир. Нигерия ҳукумати томонидан қидирувга берилган, АҚШ ҳукумати унинг исмини террористлар рўйхатига киритган.

Нигериялик Эксперт Абдуллаҳи Тасиу Абабакир фикрича, "Боко Ҳарам" раҳбари қўрқмас сўққабош, мураккаб ва мантиққа мос келмайдиган, бир томондан чаласавод диний ваъзгўй, бошқа томондан қароқчи шахс. У раҳбарликка эришгач, "Боко Ҳарам" янада радикаллашиб, қонли қирғинларни амалга оширган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ўқувчи қизларнинг ўғирлаб кетилгани Нигерия бўйлаб норозиликларга туртки бўлди.

Тарафдорлари томонидан имом деб қаралган Абубакар Муҳаммад Шекау Нигериянинг Йобе шимолий-шарқий вилоятида Шекау қишлоғида туғилган.

Баъзилар унинг ёши ўттизда, бошқалари қирқдан ошган деб айтишади. Аниқ маълумотларнинг йўқлиги ҳам унинг мавҳумлигига уйдирма афсоналарни қўшиб туради. АҚШ ҳукумати унинг қаерда эканлиги борасида истиҳборот маълумотини берган шахсга 7 миллион доллар мукофот ажратган.

Радикал исломий талаба

Шекау 2009 йили хавфсизлик ҳизмати томонидан ўлдирилгани борасида хабар тарқалган эди. Бироқ бир йил ўтмай у интернетда чоп этилган видео тасмаларда гуруҳнинг янги раҳбари сифатида чиқа бошлайди. Унинг ўлими борасидаги даъволар ёлғон бўлиб чиққан.

Гуруҳ асосчиси Муҳаммад Юсуф 2009 йил июл ойида полиция ҳибсхонасида ўлгани ва шундан сўнг қонли тўқнашувларнинг бошланиб кетгани мазкур гуруҳнинг зўравонлигини яна ҳам кучайтирган.

Шекау бу воқеалардан кейин ҳеч қаерда кўринмаган. Унинг расмлари ва видео клиплари гуруҳнинг "Оммавий маърифат департаменти" томонидан вақти вақти билан интерентга чиқарилади.

Шекау раҳбарлигида "Боко Ҳарам" радикаллашиб қатор қотилликларни амалга оширган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption 2014 йилнинг май ойида Халқаро Иқтисодий Анжуман арафасида "Боко Ҳарам" Абужада бир неча талофотли ҳужумларни уюштирган.

Шекау гуруҳ асосчисини динни ўрганаётган пайтда учратган. Талабалар орасида Шекау энг мулойим кўринганига қарамай, энг ашаддийлардан бўлган.

"У камгап ва ҳеч нарсадан қўрқмайди," дейди маҳаллий журналист Аҳмад Салкида. Мазкур журналистнинг Боко Ҳарам гуруҳи билан алоқалари яқин бўлгани туфайли у бир пайтлар гуруҳ аъзоси деб гумон ҳам қилинган.

Унинг айтишича, Боко Ҳарам қароргоҳи бўлмиш Майдугури шаҳрида полиция гуруҳга ҳужум уюштириб, бир неча аъзосини қўлга олганда, отиб олдиришга мўлжалланган жиҳодчилар орасида бўлган Салкида фақат хавфсизлик зобити аралашганидан сўнг қўйиб юборилганди.

Шекау ҳақида гапирар экан, "У эътиқод учун ҳамма нарсани қурбон келтириш мумкин деб ўйлайдиганлардандир", деб айтади журналист.

Усамо Бин Лодденнинг арзимаган издоши

Шекау Африканинг "Усамо бин Лоденига" айланишга ва баъзи белгиларга кўра, у Бин Лоденга ўзини ўхшатишга ҳаракат қилади. Шекау ўз она тили канури ҳамда хауса ва араб тилларида бемалол сўзлашади. У журналистларга мўлжалланган чиқишларида инглиз ибораларини ҳам ишлатади. Гуруҳ асосчиси Муҳаммад Юсуф ўлдирилганидан сўнг, хабарларга кўра, Шекау ундан қолган тўртта аёлидан бирига уйланиб, унинг болаларини асраб олган. Шу билан, исмини ошкор қилмаган манбага кўра, Шекау «Боко Ҳарам»да иноқлик ва "поклик"ни сақлаб қолмоқчи бўлган.

Мадугури университети тадқиқотчиси Абубуакар Муъазу "У гуруҳнинг жанговар қаноти раҳбари ва видео чиқишларида ўзини Усамо Бин Лоденга ўхшатмоқчи", деб айтган.

Яқинда интеретда пайдо бўлган видео тасмада Шекау дахшат туғдирадиган огоҳ билан чиққан.

"Ҳудди жўжа ёки қўйни сўйганимдек, мен Аллоҳ буйруқ берган ҳар кимсани ўлдиришдан роҳатланаман", дейди у 2012 йилнинг январ ойида чиқарилган видеосида. Шекау "Боко Ҳарам" видеосида Кано шаҳрида 180дан ортиқ одамни ўлдирганини тан олган.

Би-би-си эксперти Мансур Лиман "Боко Ҳарам"нинг "Ал-Қоида" тармоғи билан эҳтимолий алоқалари бўлиши мумкин, дейди.

"Ҳозирча иккала ташкилот ўртасидаги алоқалар ҳақида бир нарса дейиш қийин. Бугунгача Боко Ҳарам чиқиб, "Ал-Қоида" билан алоқа ўрнатдик, дегани йўқ. Аммо, улар авваллари "Ал-Қоида" билан маълумот алмашгани ёки машғулот ўтказганлари ҳақида гумонлар бор. "Боко Ҳарам" "Ал-Қоида" билан тўғридан-тўғри алоқаларга эга, деб ишонч билан айта олмаймиз. Бироқ, иккала гуруҳнинг ҳам мақсади бир хил - мусулмон давлатларида шариат қонунларини ўрнатиш.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

"Боко Ҳарам" Ислом тарғиботчисими?

Гуруҳ ўта юқори марказлаштирилмаган тузулмага эга - мафкура бирлаштирувчи омил бўлса ҳам, бироқ аксар одамларнинг ишонишларича, улар мафкуравий ишлардан кўра кўпроқ ўч олиш ҳаракатлари билан қизиқишади.

Боко Ҳарам 200дан зиёд ўқувчи қизларни ўғирлаганини тан олган. Гуруҳ раҳбари қизларни қулликка сотиш ҳақида кулиб гапиргани тасвирлаган видео кўп одамларнинг ғазабини келтирган.

"Қизларингизни ўғирлаган одам мен ва Иншоллоҳ уларни бозорда сотаман. Мен уларни сотиб юбораман ва эрга бериб юбораман", дейди Шекау видеода.

Журналист Салкиданинг айтишича, Шекау гуруҳнинг оддий жангарилари билан бевосита мулоқотда бўлмайди ва гуруҳ ичида ўзларини раҳбар деб атаётганлар у билан ҳатто алоқа ҳам ўрнатмаган.

Гуруҳни ўрганган тадқиқотчиларнинг фикрларига кўра, Шекау ўтмишдошининг харизмаси (эътибори) ёда нотиқлик маҳоратига эга бўлмаса ҳам у ўз дунё қарашлари ўта қатъийлиги ва шафқатсизлиги билан ажралиб туради.

Шекау гуруҳнинг руҳоний лидери ҳам саналади, видеоларда кўринишича, тарафдорларига хутба ўқишдан тортинмайди. "У кучли хотирага эга ва сураларни бемалол ёддан келтира олади", дейди журналист Салкида. Атрофдагилари унга "Дарул Тавҳид" яъни Тавҳид бўйича мутахассис деган лақаб беришган. Бироқ Нигериянинг уламолари Шекаунинг билимларини шубҳа остига олиб, уни Ислом олими сифатида тан олмайдилар.

Нима учун Нигерия ҳукумати "Боко Ҳарам"ни жиловлай олмаяпти?

Нигерия масалалари бўйича эксперт Эндрю Уолкернинг сўзларига қараганда, бир йил муқаддам президент Гудлак Жонатан Нигериянинг шимолий-шарқий ҳудудларида фавқулодда ҳолат киритганига қарамай, зўравонликларни тўхтатолгани йўқ.

"Боко Ҳарам" нинг ҳарбий баракка қилган ҳамласи, Кано шаҳридаги автобус бекатларидан бирида бомба ҳужумларини уюштириб, франциялик оилани ўғирлагани ҳалқаро ҳамжамиятнинг эътиборини Нигерияга қаратган.

Энди 12 ой ўтгач, сўнгги бир неча ҳафта давомида "Боко Ҳарам" қатор ҳарбий бўлимларга ҳужумларни амалга ошириб, икки маротаба пойтахт Абужада автовокзалида порлашларни содир этиб, сўнгра ўсмир қизларнинг ўғирлаши ҳаммани ларзага солган.

Баъзи маҳаллий кузатувчиларнинг фикрича, Нигерия ҳукумати бу гуруҳга қарши кураш олиб боришига қарамасдан, халқ ҳукуматни "Боко Ҳарам"га қарши курашда танланган услуби самарали бўлмаётганини танқид қилмоқда.

12 ой мобайнида тинч аҳоли орасидаги талафотлар 2 минг кишидан ортган. Бунга Нигерия армиясининг яхши жиҳозланмагани сабаб бўлиши мумкин. Нигерия армияси билан яқиндан ишлаган Британия ҳарбий зобитларидан бири "улар ўзларини боши берк кўчага киргандек ҳис қилишади", деб айтади.

"Нигерия ҳукумати юз тутган энг катта муаммолардан бири- мулозимлар бир бармоқ билан босганда ҳамма муаммоларни ҳал қилувчи катта қизил тугмани исташмоқда", дейди нафақага чиққан полковник ва Нигерияда собиқ ҳарбий атташе сифатида ишлаган Жеймс Ҳолл.

"Менга бир юқори мартабали зобит савол билан мурожаат қилган, улар йўлда кетаётган машинада тероррист бор- йўқлигини аниқлашга имкон берадиган бир ускунани сотишни сўраган. Гарчи мен уларга бундай ускуна умаман йўқ деб тушунтирмоқчи бўлганимга қарамай, улар бизга ишонишмаган".

Унинг таъкидлашича, Буюк Британия Нигерияга ҳарбий ўқув амалиётларни йўлга қўйишда ва ҳарбий жиҳозларни сотишдан хафсирайди.

Ҳалқаро Амнистия ва Ҳюман Райтс Уотч Нигерия ҳарбийларини улар қўллаган тактикалари учун кўп танқид қилган.

Боко Ҳарам: Қўпорувчи амалиётлар рўйхати

• 2002 йилда тузилган. • Ғарб таълимотига қарши чиққан «Боко Ҳарам» ҳауса тилида - "Ғарб маорифи ҳаром" маънони англатади. • Исломий давлат қуриш мақсадида 2009 йили ҳарбий амалиётларни бошлаган. • Шимолий-шарқий Нигерияда минглаб аҳоли ўлдирилган, пойтахт Абужада полиция ва БМТ ваколатхонасига ҳужум уюштирилган. • Гуруҳ фаолиятидан тахминан уч миллион одам жабр кўрган. • 2009 йили "Боко ҳарам" асосчиси Муҳаммад Юсуф ўлдирилган. Унинг ўрнига Абубакир Шекау тайинланган. • 2013 йили АҚШ террорист гуруҳлар рўйхатига киритган. • 2014 йили март ойида Майдугурида жойлашган ҳарбий қароргоҳга юзлаб исёнчилар ҳужум уюштирганлар. • 2014 йили апрелда Абужада амалга оширилган бомба портлашларида камида 75 киши ҳалок бўлган. • 2014 йили апрел: Борно вилояти Чибук ҳудудидан 200дан зиёд ўқувчи қизларни ўғирлаган.

'Сиёсат уйинлари'

Президент Гудлак Жонатан мамлакатнинг жанубий ҳудудида оқаётган Нигер дарёси ўзаги минтақасидан келиб чиқади. Бу ҳудуд нефт конларига бой бўлиб, ҳалқаро ҳисоботларга кўра, потенциал нефт ишлаб чиқариш миқдори кунига 3 миллиард баррел ташкил қилиши мумкин, лекин амалда бу икки миллиардга ҳам етмайди.

Ҳозирда уч шимолий-шарқий вилоятларнинг сиёсий раҳбарлиги мухолиф Прогрессив кучлар конгресси (APC) билан иттифоқдош.

Маҳаллий мутахассислардан бирининг айтишича, президент атрофидаги одамлар, унинг яқин иттифоқдошлари оммага "Боко Ҳарам"ни сиёсий манфаатларни кўзлаган шимолдагилар яратганлар, деб зимдан сингдириб келмоқдалар.

У, шунингдек, бутун жараёндан ўзини узоқлаштиришга ҳаракат қилади. Ҳарбийлар ҳам сиёсий ўйин қилишмоқда.

"Бироқ инқироз юзага чиққан пайтда, ҳеч ким таъсирли амал қилолмайди, чунки ҳамма нарса чигал аҳволдадир", дейди маҳаллий кузатувчи.

Ҳукумат буни эътироф этмаса ҳам, ўғирлаб кетилган Чибук ўқувчи қизлари боис халқаро ҳамжамият босимига дуч келиб, улардан ёрдам сўрашга мажбур бўлган. Нигерия Хитой, Франция, Исроил, Буюк Британия ва АҚШ маслаҳатчиларининг келишларига рухсат берган.

"Боко Ҳарам" ўзининг ўта хавфли гуруҳ эканини амалда исботлаган. Унга қарши кураш муттасил олиб борилмас экан, "Боко Ҳарам" Нигерия шимоли-шарқидаги йирик ҳудудларни босиб олиш қудратига эга. Ҳозирда "Боко Ҳарам" мавжуд ҳудудларда фавқулодда ҳолат жорий этилган бўлса-да, гуруҳ ҳамон қуролли ҳужумлар содир этишга муваффақ бўлмоқда. Нигерия армияси ҳозирда, ушбу гуруҳни йўқ қилиш у ёқда турсин, у назорат қилган ҳудудларга бориш, ё бўлмаса, унинг таъминотини узиб қўйишга қурби етмаётир", дейди Би-би-сининг таҳлилчиси Мансур Лиман.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ