Эрон сунний жангариларга қарши курашда Ироққа ёрдам бермоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи c

Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний Теҳрондаги матубот анжуманида мамлакати террористларга қарши курашда халқаро ҳуқуқ доирасида Ироққа ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Жаноб Руҳоний таъкидлашича, Эрон учун Ироқ дўст ва қўшни давлат ҳамда, икки мамлакат орасида жуда яқин ва самимий алоқалар шаклланган. "Агар Ироқ террористларга қарши кўмак сўраса, биз бу масалани кўриб чиқамиз ва халқаро ҳуқуқ доирасида ёрдам кўрсатамиз", деган Эрон Президенти.

Унинг сўзларига кўра, экстремистик гуруҳлар бундан олдин ҳам Ироқда фаолият олиб борган, бироқ охирги воқеалар уларнинг орқасида бошқа кучлар ҳам турганини кўрсатади.

"Мосул шаҳрини босиб олиниши терроризмга қарши биргаликда курашиш кераклигини кўрсатади", деб айтган жаноб Руҳоний.

Руҳоний шу билан бирга, Эрон АҚШ билан ҳамкорликда Ироқда амалиётлар олиб бориши ҳақида чиққан хабарларни рад қилган.

Ҳафта бошида "Ироқ ва Шом Исломий Давлати" гуруҳи бошчилигидаги сунний жангарилари Мосул ҳамда Тикрит каби йирик шаҳарларни босиб олган ва эндиги мақсадлари Бағдодга қараб юриш эканини айтганди.

Хабарларга кўра, жангарилар Мосулда шиалардан бўлган ўндан ортиқ полиция ходимларини қатл этганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

АҚШ дрон ҳужумлари билан ёрдамни кўзламоқда

Бундан олдин АҚШ президенти Барак Обама Америка ҳукумати Ироқ исломийларига қарши курашда бир қанча йўлларни кўриб чиқаётганини билдирган, бироқ Ироққа ўз қўшинларини жўнатмоқчи эмаслигини таъкидлаган.

"АҚШ Ироқда сиёсий режаларсиз янги ҳарбий ҳаракатлар бошлаш ниятида эмас", деган Обама жаноблари мухбирларга.

Обама Ироқдаги зўравонликлар бутун минтақага хавф эканлигидан хавотир билдирган ва мамлакат раҳбарларини инқирозни ечиш учун ўзаро келишмовчиликларни енгиб ўтишга чақирган.

Ассошиэйтед пресснинг Оқ Уй маъмуриятидаги манбага иқтибосан хабар беришича, АҚШ Ироққа дрон ҳужумларини амалга ошириш эҳтимолларини кўриб чиқмоқда.

Обаманинг таъкидлашича, Ироқдаги ҳар қандай ҳарбий ҳаракатлар тўғри ва аниқ, шунингдек дипломатик йўлда амалга оширилиши кўзда тутилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Айни пайтда Ироқ шиалари олий раҳбари Оятулло Али Систоний сунний жангариларга қарши шиаларни қўлларига қурол олишга даъват қилиб чиққан.

Оятулло Али Систоний Ироқ шиалари орасида катта нуфузга эга ва аллақачон кўплаб кўнгилли шиалар суннийларга қарши курашга тайёрликларини айтганлар.

Ироқда суннийлардан бўлган президент Саддам Ҳусайн ағдарилиб, сўнг қатл қилингандан сўнг, ҳокимият аксарияти шиалардан иборат гуруҳ қўлига ўтган.

Бироқ ҳокимият алмашиши мамлакатга кутилган демократия ва тинчликни бермади. Аксинча, кучайиб кетган мазҳаблараро кураш оқибатида Ироқда минглаб одамлар қурбон бўлди. Деярли ҳар куни тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлаётган портлашлар одатий ҳолга айланди.

Таҳлилчилар бундай сунний ва шиа қарама-қаршилиги орқасидан мамлакат парчаланиб кетиш ёқасига бориб қолганини айтишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002