АҚШ Ироқ юзасидан Эрон билан гаплашишга тайёр

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ироқ жангарилари

Вашингтон Ироқдаги вазиятни тўғридан тўғри Эрон билан муҳокама этиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Бу ҳақда Би-би-сига Америка мулозимларидан бири маълум қилган.

Айни пайтда Америка Қўшма Штатлари Сунний жангарилари афтидан Ироқ аскарларини қирғин қилаётгани туширилган тасвирларни кескин қоралаб чиққан.

Ироқ бўйлаб қатор шаҳарларни эгаллаб олган сунний экстремистлар ўз жангарилари ироқлик аскарларни қириб ташлагани намоён бўлган суратларни интернетга жойлаштирган.

Аскарлар бирин-кетин олиб кетилаётгани, сўнгра “қатл” олдидан ва унинг ортидан ариқларда ётганлари кўринади.

Ироқ армияси воизи Генерал-лейтенант Қосим ал-Муссавий суратлар ҳақиқий экани ва Салоҳиддин вилоятида олинганини айтди.

Бироқ, суратларнинг ҳақиқий экани мустақил манбалардан тасдиқланмаган.

Image caption Қирғин?

Би-би-сининг Ироқ шимолидаги мухбири Жим Мюирнинг айтишича, агар суратлар ҳақиқий бўлиб чиқса, бу 2003 йилда АҚШ бошчилигидаги Ироқ ишғоли бошланганидан бери энг йирик қирғин бўлади.

Суратлар Ироқ ҳукумати Ироқ ва Шом Исломий Давлати жангариларига қарши амалиётни бошлаганларини айтган бир вақтда пайдо бўлди.

Жангарилар ўтган ҳафта Мосул ва Тикрит дохил қатор шаҳарларни қўлга олганлар, бироқ ундан бери бир неча шаҳарлар жангарилардан озод қилинди.

“Ўлим сари элтилган”

Ироқ ва Шом Исломий давлати жангарилари чоп қилган суратларда Тикритдаги ҳарбий база таслим бўлгач, афтидан ундаги аскарларнинг тақдири нима кечгани намоён бўлади.

Видеокадрларда таслим бўлган Спейчер базасидан бир неча юз нафар аскарлар қаергадир пиёда олиб кетилаётгани айтилади.

Суратларда эса кўп сонли ёш эркаклар юк машиналарида олиб кетилаётгани акс этган.

Жангариларнинг суратлар остига битган ёзувларида аскарлар ўлим сари олиб кетилаётгани айтилади.

Баъзи суратларда жангарилар афтидан тутқун аскарларга қарата ўқ узаётганилари намоён бўлади.

Исёнчилар орасида бўлган, бироқ Ироқ ва Шом Исломий Давлати аъзоси бўлмаган манбанинг Би-би-сига айтишича, Спейчер базасидан камида 1000 аскар қатл қилинган.

Манбага кўра, жангарилар аввало аскарларни гуруҳларга бўлиб чиққанлар: оддий аскарлар озод қилинган, Шиа жангчи гуруҳлари кўнгиллилари ва ҳукуматнинг нуфузли Олтин Бригадаси аъзолари эса қатл қилинганлар.

Хорижий кўмак

Вашингтон вазиятдан ҳавотирда эканини айтиб, Бағдоддаги элчихонасидаги хавфсизлик чораларини кучайтирган.

АҚШнинг USS George HW Bush учоқ ташувчи кемаси ва яна икки ҳарбий кема Форс кўрфазига йўл олган, бироқ Обама маъмурияти ўз пиёда аскарларини юбормаслигини айтган.

Айни дамда қўшни Эрон Бағдодга бевосита ҳарбий ёрдам таклиф қилган, аммо қўшинлар юборганини рад этаяпти.

Лекин, хабарларга кўра, Эроннинг 130 нафар Инқилоб Қўриқчилари ҳарбий тайёргарликларни ўтказиш учун чақирилгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002