Англия ва Уэлсда мажбурий никоҳ жиноят саналадиган бўлди

Image caption Мажбурий никоҳ энди жиноят саналади

Англия ва Уэлсда мажбурий никоҳни жиноят деб белгиловчи янги қонунни инсон ҳуқуқлари фаоллари олқишлашди.

2008 йилдан бери мажбурий никоҳни бартараф этиш учун маҳкама қарори зарур эди.

Бироқ, янги қонунга кўра, инсонни ўз хоҳишига қарши никоҳ қуришга мажбурлаш жиноят ҳисобланади ва унга қарши етти йилгача қамоқ жазоси белгиланади.

Қонун нафақат Англия ва Уэлс ҳудудида, балки хорижда никоҳ қуриша мажбурланаётган Британия фуқароларини ҳам ҳимоя қилади.

Ўтган йили ҳукумат қошидаги Мажбурий Никоҳ бўлими 1302та ишни кўриб чиққан.

Қурбонларнинг 82 фоизи аёллар, 18 фоизи эркаклар бўлган, уларнинг 15 фоизи ҳали 15 ёшига кирмаган болалар ва ўсмирлар бўлишган.

Кўриб чиқилган ишлар 74та мамлакатга алоқадор бўлиб, 43 фоизи Покистон, 11 фоизи Ҳиндистон ва 10 фоизи Бангладешга тўғри келган.

Ички Ишлар вазири Тереза Мей мазкур тажриба “ҳар бир қурбоннинг фожеаси” эканини айтди.

Би-би-си билан суҳбатлашган қурбонлардан бири Покистонга мажбуран олиб борилиб, ўз амакиваччасига турмушга чиқарилганини айтди.

“Мен 17 ёшимда эдим. Оиламиз билан хорижга дам олишга кетаётганимизни айтишди. Таътилнинг иккинчи ҳафтасида менга Лондонга энди қайтмаслигим, балки шу ерда турмушга чиқишимни айтишди”, - дейди ўз исми-шарифини ошкор қилишни истамаган аёл.

“Мен уни аввал умримда кўрмаганман. Ҳатто исмини, ё умуман у ҳақида ҳеч нарса билмасдим. Лондонга қайтиб ўқишимни тугатишимга рухсат беришларини талаб қилдим. Жуда кўп ялиндим, лекин рози бўлишмади ва мажбуран эрга беришди. Улар мен Лондонда қолсам, жуда ғарбийлашиб кетиб, оилам шаънига доғ туширишимдан қўрқишларини айтишди”.

“Турмушим ўта ёмон эди. Мени жинсий ва жисмоний таҳқирлашди, уриб сўкишди. Буни ҳатто душманимга ҳам тиламаган бўлардим”.

“Қайнонам менга менинг вазифам фақат овқат пишириш ва уйни тозалаш, тунда эса ўғлига қул бўлишим кераклигини айтди”.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002