Буддавий руҳонийлар нима учун мусулмонларга ҳужум қилмоқдалар?

Буддавий руҳонийлар учун "бировни ўлдирма" ақидаси энг асосий аҳлоқий тамойиллардан ҳисобланади.

Зўравонликка қўл урмасликка ҳам бошқа динларга қараганда буддавийликда кўпроқ эътибор берилади.

Шундай экан нима учун буддавий руҳонийлар мусулмонларга қарши нутқлар айтиб, ўнлаб кишиларнинг қурбон бўлишига олиб келган оломон ҳужумларига қўшилишмоқда?

Бу каби ҳодисалар ҳозирда Бирма ва Шри-Ланкада рўй бермоқда.

Иккала мамлакатда ҳам Исломий жангарилик таҳдиди кузатилмаган. Бирмада ҳам, Шри Ланкада ҳам мусулмон озчилиги тинч ҳаёт кечириб келган.

Шри Ланкада ҳалол мол сўйиш масаласи можарога туртки берган нуқта бўлди.

Буддавий руҳонийлар бошчилигида мусулмонлар бизнесларига қарши ва бойқотга чақирувчи намойишлар ўтказилди.

Шри Ланкада биронта мусулмон ўлдирилмаган бўлса, Бирмадаги вазият анчайин хавотирли.

Бу ерда мусулмонларга қарши руҳоний Ашин Вирату бошлаган кампанияга 900 дан ортиқ гуруҳ қўшилган. Виратунинг ўзи 2003 йили диний адоватни қўзғашда айбланиб қамоққа ташланганди.

Лекин 2012 йили қамоқдан чиққач ўзини "Бирманинг Бин Лодини" дея атай бошлади.

Буддавийлик ва тинч-тотувлик

Буддавийлар таълимоти кўп ҳолларда асосан оғиздан-оғизга ўтиб, асрлар оша етиб келган.

Будданинг асосий нутқлари жамламаси сифатида кўрилган "Дамапада"да зўравонликни рад этиш асосий ғоялардан биридир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Буддавий руҳонийлар учун амал қилиш ва қолганлар учун уларга эргашиш керак, дея айтилган амаллар ичида энг аввало тирик жонни ўлдирмаслик тилга олинади.

"Дамапада"нинг бешинчи бобида "нафратни нафрат ҳеч қачон тўхтата олмайди. Нафратни фақатгина муҳаббат тўхтатади ва бу абадий қонундир" дейилган.

Март ойида ғазабнок оломон ҳужуми оқибатида Бирма марказидаги Мейктила шаҳрида 40 киши қурбон бўлди.

Жанжалга олтин дўконидаги ҳодиса туртки бергани айтилади.

Иккала мамлакатда ҳам маҳаллий гуруҳлар оғир иқтисодий шароит туфайли вужудга келган вазиятни аксарият аҳоли ғазабини қўзғатиш йўлида фойдаланмоқда.

Бу ҳафта Бирманинг Рангун минтақасида оломон масжид ва муслмонлар уйларига ҳужум қилди. 70 га яқин уй вайрон этилди, бир киши ҳалок бўлди.

Лекин тинч-тотувликни тарғиб қилувчи буддавийлар нима учун бу каби зўравонликларга қўл урмоқдалар?

Ҳар қандай дин не қадар тинч-тотувлик ғоялари билан бошланмасин қайсидир даражада қудрат билан "тил бириктиради".

Буддавий руҳонийлар ҳам қироллардан қўллов, ҳомийлик ва шу каби нарсаларга умидвор бўлиб келганлар.

Эвазига қироллар руҳонийлардан ўзлари учун илоҳий "легитимлик" таъминланишига кўз тикканлар.

Натижа эса шундайки, агарда сен ўз нуқтаи назаринг бошқаларникидан устувор эканлигига ишониб қолсанг, ўша дунёқарашни ҳимоялаш ва тарғиб қилишни ўзингнинг муқаддас бурчинг, дея ҳисоблай бошлайсан.

Насроний саблчилар, исломий жиҳодчилар ҳам ўзлари қўл урган ёки ураётган зўравонлик амалларини ана шу каби "устувор аҳлоқий зарурият" билан оқлайдилар.

Ҳозирда бундан буддавий раҳбарлар ва руҳонийлар ҳам истисно қолмаяптилар.

Бирмада буддавий руҳонийлар 2001 йили бошланган ва "зафарон инқилоби" дея ном олган ҳарбий хунтага қарши чиқишларда муҳим рол ўйнадилар.

Намойишлар тинч бўлиши кераклиги ўшанда асосий тамойил эди, оқибатда кўплаб руҳонийлар ўз жонларини қурбон бердилар.

Ҳозирда эса буддавий руҳонийлар ўз қудратларидан ўзгача йўлда фойдаланмоқдалар.

Мамлакат ибодатҳоналарида 500 мингга яқин руҳонийлар яшайди. Улар орасида ёшлигида етим қолган ёки қашшоқлик туфайли бу ерга келишга мажбур бўлган кўплаб ғазабнок ёш йигитлар ҳам бор.

Бирма ва Шри Ланкада буддавий ақидапарастлар ва иқтидордаги партиялар орасидаги муносабатлар ҳақида кўп нарса маълум эмас.

Лекин мусулмонларга қарши "даъватлар" аҳолининг маълум қисми онгига ўрнашиб қолган кўринади.

Иккала мамлакатда ҳам буддавийлар аҳолининг аксар қисмини ташкил қилсалар ҳам уларнинг динлари таҳдид остига эканлигига ишонч ҳосил қилганлар.

Бу ҳолатга глобал жаҳондаги вазият ҳам таъсир қилмоқда. Одамлар радикал ислом ҳозирда жаҳонда рўй бераётган энг қақшатқич зўравонликлар марказида турганига ишонадилар.

Шунинг учун бошқа динлар қатъийлашаётган бўлса, биз ҳам шу йўлдан боришдан бошқа иложимиз йўқ, деган фикрдалар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002.

Бу мавзуда батафсилроқ