Украина можароси: Россиялик журналист ҳалок бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Украинанинг Луганск шаҳри яқинидаги ҳужум оқибатида Россия телевидениеси журналисти ҳалок бўлди.

Хабарларга кўра, журналист Игор Корнелюк Металист қишлоғи яқинидаги ҳужумда жароҳатланиб касалхонага олиб келинган ва ўша ерда жон берган.

У билан бирга бўлган овоз оператори Антон Волошин бедарак кетгани айтилган.

Украина шарқий ҳудудларида ҳукумат кучларининг россияпараст бўлгинчиларга қарши амалиётлари давом этмоқда.

"Россия-1" телеканали журналистлари билан бирга бўлган оператор Виктор Денисовнинг айтишича, миномётлардан ҳужум остида қолишган.

Россия Ташқи Ишлар вазирлиги Украинадан ҳужум юзасидан текширув ўтказиб, масъулларни жавобгарликка тортишни талаб қилган.

Москва апрел ойидан бери Украина ҳукумати ўтказиб келаётган амалиётларни тазйиқкор, дея баҳолаб келмоқда.

Киевга кўра, бу амалиётлар мамлакат шарқий ҳудудларида тартибни қайта тиклашга қаратилган.

Ўтган ойда Украина шарқида италиялик фотожурналист Андреа Рочелли ва унга ҳамкорлик қилган ҳуқуқ фаоли Андрей Миронов ҳам ракета ҳужуми оқибатида ҳалок бўлишганди.

Айни вақтда Россия газини Оврўпога элтувчи Украина ҳудуди орқали ўтувчи қувур йўлида портлаш рўй берган.

Лекин Россия ва Оврўпо ширкатларининг хабар беришларича, газ таъминотида узилиш кузатилмаган.

Портлашга нима сабаб бўлгани ҳозирча ноаниқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002.

Бу мавзуда батафсилроқ