Ироқ АҚШдан жангариларга қарши ҳаво ҳужуми бошлашни сўради

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Нефтни қайта ишловчи йирик корхоналардан бири

Ироқ расман Америкадан жиҳодчи жангариларга қарши ҳаво ҳужумини бошлаш ҳақида сўраган.

Мужоҳид жангарилар мамлакатнинг бир қатор шаҳарларини ишғол қилишган.

"Ироқ ҳукумати биздан ҳаво ҳужумларини бошлаш ҳақида сўради”, деб айтган ҳақида АҚШнинг юқори лавозимли ҳарбий қўмондони генерал Мартин Демпси сенаторларга.

Аввалроқ жангарилар Ироқдаги энг йирик нефтни қайта ишловчи иншоотни минамёт ва автомат қуроллар билан нишонга олишган.

Ироқ Бош вазири Нури Маликий барча ироқликларга мурожаат қилиб, жангариларга қарши бирлашишга чақирган.

Ҳукумат кучлари Ироқ ва Шом исломий давлати гуруҳи ва унинг бошқа сунний жангари гуруҳлардан бўлган иттифоқчилари билан Дияла ва Салоҳуддин вилоятларида қақшатқич жангларга киришган.

Ўтган ҳафта жангарилар мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Мосулни ишғол этишган эди.

АҚШ президенти Барак Обама Конгресс аъзолари билан Ироқ инқирозини чоршанба куни муҳокама этиши режаланган.

Учрашувдан аввал Сенатдаги демократларнинг лидери Ҳарри Рейд Ироқдаги “фуқаролар урушида” америкалик қўшинларнинг ҳар қандай иштирокини дастакламаслигини айтган.

Аммо генерал Демпси Сенатга ИШИД ( Ироқ ва Шом исломий давлати)га қарши туриш Американинг миллий манфаатлари доирасида эканини айтган.

Ироққа доир бошқа хабарларда:

*Буюк Британия Бош вазири Дэвид Камерон парламентга ИШИД Британияда ҳам террор ҳужумларини режалаётгани ҳақида гапирган

*Ҳиндистон ўзининг қирқ нафар фуқароси Мосулда ўғирлаб кетилганини маълум қилган

*Саудия Ташқи ишлар вазири Ироқ фуқаролар уруши остонасида турибди дея огоҳлантирган

*Туркия ҳам 15 нафар қурувчиси ИШИД томонидан ўғирлаб кетилганига доир янгиликларни текширмоқда. Ўтган ҳафта Мосулда 80 нафар туркиялик ўғирлаб кетилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ