Ироқ инқирози:Обама Конгрессни четлаб ўтади

Фото муаллифлик ҳуқуқи n
Image caption Обама кенгаш олди

Америка президенти Барак Обама Ироқ бўйича қарор олиш учун Конгрессдан рухсат олишига ҳожат йўқлигини айтган.

Бу ҳақда Сенатдаги республикачилар раҳбарларидан сенатор Мич Маконнел президент Обама ва Конгресснинг бошқа раҳбарлари билан учрашувдан кейин маълум қилган.

Ироқ аввалроқ бир неча шаҳару қишлоқларни шиддат билан ишғол қилиб келаётган мужоҳид жангариларга қарши АҚШдан ҳаво ҳужумларини бошлаш ҳақида сўраган эди.

Аммо мухбирларга кўра, Вашингтон томонидан ҳар қандай ҳарбий ёрдам Ироқда сиёсий ўзгаришлар бўлишини тақозо этиши мумкин.

АҚШ вице-президенти Жо Биден Ироқ Бош вазири Нури ал Маликий билан “террорчиларни қайтаришга доир қўшимча чоралар” ҳақида суҳбатлашган.

Обама маъмурияти Маликий жанобларининг маъмуриятидан миннатдор эмаслигига доир ишоралар бериб келмоқда.

Шиа мусулмонларининг вакили ўлароқ, Нури ал Маликий бир неча бор суннийларни атайдан четлаштириш ва камситишда танқид қилинган.

Би-би-сининг хавфсизлик масалалари бўйича мухбири Франк Гарднерга кўра, Обама жаноблари Ироқ бўйича бир неча йўлда қарор олиши мумкин.

АҚШ Ироқдаги жиҳодчиларга қарши ҳаво ҳужумларини бошлаши, ҳарбийларни қўшимча тайёргарликдан ўтказиши ва энг озида Ироққа кузатувчи дрон учоқларини йўллаши мумкин, дейди Би-би-си мухбири.

Ироқдан келаётган хабарларга кўра, сўнгги кунлар юзлаб инсонлар қурбон бўлган.

Аксарият қурбонлар Ироқ ва Шом исломий давлати гуруҳининг жангарилар томонидан ўлдирилган ҳукумат аскарлари экани айтилади.

Аввалроқ жангарилар Ироқдаги энг йирик нефтни қайта ишловчи иншоотни минамёт ва автомат қуроллар билан нишонга олишган.

Ироқ Бош вазири Нури Маликий барча ироқликларга мурожаат қилиб, жангариларга қарши бирлашишга чақирган.

Ҳукумат кучлари Ироқ ва Шом исломий давлати гуруҳи ва унинг бошқа сунний жангари гуруҳлардан бўлган иттифоқчилари билан Дияла ва Салоҳуддин вилоятлари қақшатқич жангларга киришган.

Ўтган ҳафта жангарилар мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Мосулни ишғол этишган эди.

Ироққа доир бошқа хабарларда:

*Буюк Британия Бош вазири Дэвид Камерон парламентга ИШИД Британияда ҳам террор ҳужумларини режалаётгани ҳақида гапирган

*Ҳиндистон ўзининг қирқ нафар фуқароси Мосулда ўғирлаб кетилганини маълум қилган

*Саудия Ташқи ишлар вазири Ироқ фуқаролар уруши остонасида турибди дея огоҳлантирган

*Туркия ҳам 15 нафар қурувчиси ИШИД томонидан ўғирлаб кетилганига доир янгиликларни текширмоқда. Ўтган ҳафта Мосулда 80 нафар туркиялик ўғирлаб кетилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ