‘Ал-Қоида’ қўшни Афғонистонга қайтиб келадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзайнинг Би-би-сига берган сўнгги суҳбатида айтишича, йўқ.

Афғон раҳбарига кўра, “Ал-Қоида” тармоғига алоқадор гуруҳлар худди Ироқда бўлаётганига ўхшаб, мамлакатига қайта оёқ босмайди.

Би-би-си мухбири Лиз Дюсетнинг, “Ироқдаги ҳодисалар Афғонистонда такрорланиши мумкинми”, - деган саволига, Ҳомид Карзай, жумладан, “Йўқ, ҳеч қачон”, - деб жавоб берган.

Тез орада президентлик курсисини топширажак Ҳомид Карзайнинг айтишича, ҳозир Афғонистонда ал-қоидачилар йўқ.

Унинг қатъий ишонч билан айтаётган бу каби сўзлари катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари 13 йиллик ҳарбий ҳозирликлари ортидан Афғонистонни тарк этаётган бир йилда янграмоқда.

Айрим таҳлилчилар эса, хорижий қўшинларнинг сафарбарликлари ортидан, Афғонистондаги вазият жиддий издан чиқиб кетишидан хавотирдалар.

‘Давомий халқаро дастак’

Ўзининг сўнгги суҳбати чоғида Афғонистон президенти Толибон ҳаракати билан ҳам мунтазам мулоқотда эканини айтган.

“Улар ҳар куни мен билан алоқада. Хатлашиб, учрашиб ҳам турамиз. Тинчлик истагида эканликлари ҳам сезилиб туради”, - дейди жаноб Карзай.

Бироқ, афғон раҳбарига кўра, ҳеч бир томон: на-да халқаро иттифоқ қўшинлари, на-да ўзи, на-да афғон халқи ва на-да ҳукумати Афғонистонда ўз бошларича тинчлик ўрната олишган.

Ўтган ҳафта якунида Афғонистонда президентлик сайловларининг иккинчи давраси бўлиб ўтган ва жаноб Карзай шу йил август ойида ўз курсисини топшириши лозим кўрилади.

Аммо, жаноб Карзайнинг эътироф этишича, давомий халқаро дастакка эҳтиёжлари бор ва бусиз Афғонистон ўзини эплай олмайди.

Ворислик учун кураш

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Афғонистон президентининг айтишича, мамлакатининг ҳимояси ҳақида сўз кетганда, энг аввало бу афғонларнинг ўз иши бўлиши лозим.

Ўз ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, Ҳомид Карзай бошчилигидаги афғон ҳукумати ўтган йилдан буён расмий Вашингтон билан муҳим хавфизлик битимини имзолашдан бош тортиб келади.

Мазкур келишув бу йилги оммавий сафарбарлик ортидан ҳам, Афғонистонда 10 мингдан ортиқ хорижий аскар ва қатор ҳарбий базаларининг қолишига қонуний асос беради.

Аммо Ҳомид Карзайнинг ўрни учун беллашаётган икки номзод: собиқ Ташқи ишлар вазири доктор Абдулло Абдулло ва собиқ Молия вазири Ашраф Ғани Аҳмадзай ҳам ушбу битимни имзолаш ниятида.

Мухбиримизга кўра, муайян сондаги хорижий қўшинларнинг Афғонистонда қолиши Ироқ ҳодисаларининг бу ерда ҳам такрорланмаслиги учун муҳимдир.

Афғонистон ишғоли

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Президент Ҳомид Карзайнинг айтишича, 2001 йил 11 сентябр ҳодисалари ортидан ўша пайтдаги америкалик ҳамкасби Жорж Бушнинг “террорга қарши уруши”нинг афғон қишлоқлари ва хонадонларида олиб борилиши хато бўлган.

Афтидан, Покистонга ишора қиларак, жаноб Карзай, бу урушнинг жойи ўз мамлакати чегараларидан ташқаридаги бошпаналар бўлганини айтган.

“Террорга қарши уруш сидқидилдан ва ростманасига олиб борилмаганига ишончим комил”, - деб айтган Афғонистон президенти.

Ҳомид Карзайнинг ўз ўрнида қўшимча қилишича, “Энди бунинг оқибатлари бутун минтақада сезилмоқда”.

Мамлакат конституциясига мувофиқ, Афғонистонни АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучлари томонидан Толибон тузуми қулатилган 2001 йилдан буён бошқариб келаётган Ҳомид Карзайнинг учинчи бор президент бўлишга ҳаққи йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ