Олмонияда хорижийларга қарши ҳужумлар ортган

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Миллий Демократик Партиянинг энди Оврўпо парламентида вакили бор

Расмий рақамларга кўра, 2013 йил Олмонияда хорижийларга қарши ҳужумлар бешдан бир қисмга ортган. Айни пайтда Исломий гуруҳлар таҳдиди ҳам ўсиб бораётгани айтилади.

Ички ишлар вазири Томас до Майзейрнинг Берлиндаги мухбирларга айтишича, аксил-хорижий ҳужумлар 2012 йил билан солиштирганда 20.4% кўтарилган. Яъни, 2012 йил 393та ҳодиса кузатилган бўлса, бир йил ўтиб, бу рақам 473тага чиққан.

Аввалроқ, экстремистлар сиёсий бошпана сўраш ҳуқуқидан суистеъмол қилаётгани юзасидан хавотирлар билдирилганди.

Вазирга кўра, Олмониядан 270дан ортиқ Исломий экстремист Сурияга жўнаб кетган.

"2014 йил бошларидан 270дан ортиқ олмон исломчилари ёки олмониялик исломчилар Сурияга жангларда иштирок этиш ва ё дастак учун кетишган. Қайси кўринишда бўлмасин, Ассад тузумига қаршилик ҳали ниҳоя топмайдиган тренд", дейди Томас до Майзейр.

Ички жосуслик хизмати мамлакатдаги радикализм ҳоллари бўйича ҳисобот чиқарган. Унда айтилишича, ўнг-қанот экстемистлари сони кам бўлса-да, (22,150дан 21,500га) тушган. Зўравонликка шай ўнг-қанотчилар эса, 9,600 нафарлигича қолган.

Ўтган йил Олмониядаги Исломий экстремистларга оид рақамлар 42,550дан 43,190га чиққани қайд қилинган. Чап-қанот экстремистлари сони 29,700дан 28,500га тушган.

'Қўрқитиш ва ёмонотлиқ қилиш'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Олмониядаги Исломий экстремистларга оид рақамлар 42,550дан 43,190га чиққани қайд қилинган

Оврўпо Иттифоқидаги энг бадавлат ва аҳолиси кўп мамлакат Олмонияда муҳожирлар сони 2013 йил 18 фоизга ортган. Бу 20 йил асносида энг юқори кўрсаткич дея қайд қилинади.

Муҳожирларнинг аксарини овроҳудуд - Италия ва Испания каби мамлакатлар, шунингдек, Шарқий Оврўподан келганлар ташкил қилган.

Ўтган ҳафта Олмония яна суриялик қочқинларни қабул қилиш билан уларнинг сонини икки бараварга ортиши ва 20,000 етиши мумкинлигини айтганди.

Вазир до Майзейр эса: "Ўнг-қанотчилар мунтазам равишда хорижийлар муҳитини заҳарлашга уринишлари мени хавотирга солади. Улар бошпана сўровчиларни ёмонотлиқ қилиш ва уларга қарши қўрқув уйғотишга ҳаракат қиладилар", дейди.

Олмония ўнг қанот экстремистларни нацистлар рамзларини тақиқлашга оид қонунлар билан бостириш ҳаракатида.

Ўнг қанотдаги Миллий Демократик Партиянинг ўтган ойги муваффақияти барчани ҳайратга солди. Партия раҳбари ўринбосари Оврўпо Парламентига сайланди.

'Ҳалокатли хатар'

Исломчилар таҳдиди Оврўпо ғарбидаги Британия ва Франса каби бошқа давлатларни ҳам хавотирга солади.

Олмония Ички ишлар вазири Брюсселдаги яҳудийлар музейига қилинган ҳалокатли ҳужумни Суриядан қайтаётган жангарилар хавфига мисол қилиб кўрсатади. Ўшанда 4 инсон отиб ўлдирилганди.

Ҳужумда гумон қилинган 29 ёли Франция фуқароси Меҳди Неммуша ҳибсда қолмоқда. Прокурорларнинг айтишларича, гумондор Сурияда бир йилдан ортиқ бўлган ва радикал исломчилар билан алоқаси бор. У видеоёзувда ўзи қўл урган қотилликка иқрор бўлган.

"Оврўпо, жумладан Олмонияда мавҳум хатар аниқ, ҳалокатли тусга кирган", дея қўшимча қилади Олмония Ички ишлар вазири.

Ҳисоботда қўшимча қилинишича, чап-қанот эсктремистлар томонидан амалга оширилган зўравонликлар ўтган йилга қараганда 26 фоизга ортган.

Чап-қанотдагиларни полицияга ҳужумлари 34 фоиз, уларнинг ўнг-қанот гуруҳларга қарши зўравонликлари қарийб 40 фоиз ўсган.

"Биз зўравонлик амалларини ортганини қабул қила олмаймиз ва уларга қарши барча конституцион чораларни кўрамиз", деб айтган вазир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ