Хитой: ҳужумлар кўпайишига Интернет сабабчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Хитой Интернетга қарши янги кампания бошлаган.

Бундан кўзланган мақсад, давлат матбуотига кўра, Интернетдаги террор ва зўравонликни тарғиб қиладиган саҳифаларга тўсиқ қўйишдир.

Хитой Давлат Интернет Ахбороти идораси баёнотида айтилишича, "террор видео ва аудио маҳсулотлар ҳозирги пайтда террорчилик фаолиятига гижгижлаётган энг асосий фитначи бўлмоқда".

"Уларнинг аксари портловчи моддаларни ясашни онлайн сабоқлардан ўрганганлар. Портловчи моддаларни ясаш ва жиҳодни тарғиб қилиш борасидаги ўзаро тажрибаларини чатлар, текст-хабарлар ва ноқонуний ибодат сайтларида бўлашганлар", дейилади Хитой Интернет идораси баёнотида.

"Жиҳод, терроризм ва диний экстремизмни тарғиб қиладиган материаллар Хитойда мунтазам тарқатиб келинган. Улар кучли гижгижловчи ва ҳаддан зиёд шикаст етказадиган таъсирга эга бўлган", дейилади Хитойнинг давлат назоратидаги Синхуа агентлиги тарқатган Интернет идорасининг янги ҳужжатида.

Синхуа ахборот агентлигининг хабар қилишича, янги кампания билан ҳукумат хорижда тайёрланган террорга алоқадор материалларнинг Хитой ҳудудида тарқалишини тўхтатиш, шундай мазмундаги ахборотни Интернетдан олиб ташлаш ва бу борадаги қоидаларни бузган веб-сайтларни жазолашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Интернет ширкатлари "масъулиятли" бўлишлари талаб қилинади.

Хитой шундоқ ҳам дунёдаги Интернетни энг қаттиқ назорат қиладиган мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Пекин "интернет ҳужумларга руҳлантирди", деганда охирги уч ойдаги зўравонликларни назарда тутган.

Март ойида Кунмин темир йўл вокзалида 29 киши пичоқлаб ўлдирилган эди.

Апрел ойи охирида Хитой Президенти Ши Жинпиннинг Шинжон Уйғуристонига сафарининг охирги кунида Урумчи вокзалида портлаш рўй берган, расмийлар ушбу ҳужумда Уйғур миллатига мансуб худкуш ҳужумчиларни айблаган.

23-май куни Урумчидаги кўча бозорида худкушлик ҳужумининг 39 инсон умрига зомин бўлгани хабар қилинган.

Хитой "Интернетни террорга боғлиқ Интернет мазмундан тозалаш" деганда Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати материалларини назарда тутади.

Хориждаги уйғур жангарилари Интернетда ўз материалларини эълон қилиб боради.

Муҳожиротдаги уйғур гуруҳлари эса Шинжон Уйғуристонида ҳукуматга қарши зўравонликлар кучайишининг асосий сабаби Хитой ҳукуматининг мусулмон уйғурларнинг дини, маданияти ва урф-одатларига кучайтираётган тажовузида, дейишади.

Бу мавзуда батафсилроқ