АҚШ генерали: "Ироқдаги жиҳодчилар АҚШ эмас, Эрон учун муаммо"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ироқда исломий жангарилар ва ҳукуматпараст кучлар ўртасида жанглар давом этмоқда, охирги жанглар шимолдаги Байжи нефтни қайта ишлар корхонаси ва Тал афар аэропортида бўлиб ўтган.

Ироқнинг энг катта нефть корхонасини ўраб олганларини айтаётган жиҳодчилар Тал афар аэропортнинг аксар қисмини назорат қилаётганларини эълон этганлар. Кеча Президент Обама Ироққа 300 нафар америкалик ҳарбий маслаҳатчиларни йўллаётганини билдирди. Бироқ, у пиёда қўшинлар энди сафарбар этилмаслигини урғулади.

2003 йилда АҚШ қўшинлари Ироқни ишғол қилганида Генерал Жей Гарнерга мамлакатни бошқариш вазифаси топширилганди, бироқ атиги бир ойдан сўнг у вазифасидан четлатилган. Би-би-си ундан Президент Обаманинг Ироққа 300 нафар ҳарбий маслаҳатчини йўллаш қарорига муносабатини сўради.

Гарнер: Авваламбор, 300 нафар маслаҳатчи нима қилиб бериш мумкин, буни билмайман. Бағдод ўта йирик шаҳар. У ерда минглаб аскарлар жойлашган. Бу маслаҳатчилар ҳали Бағдодга бориб, ким билан қандай иш олиб боришни аниқлаб олгунларича, бутун можаро тугаб битса керак.

Би-би-си: Можаро тугаб битса керак деяпсиз, лекин қандай тугайди у? Сиз қандай оқибатни кутаяпсиз?

Гарнер: Ҳозирги босқичда биз босиқлик билан вазиятни кузатиб туришимиз керак. Ироқ ва Шом Исломий Давлати жангарилари ўзи аслида сунний бўлган шаҳарларни босиб олишди. Кўп ҳолларда маҳаллий суннийлар уларни қучоқ очиб кутиб олишди, чунки улар Ироқ Бош Вазири Нури ал-Маликий ва расмий Бағдоддан нафратланадилар. Жангарилар учун Бақуба ва Бағдодни олиш осон бўлмайди, чунки бу шиаларнинг шаҳарлари. Эшитишимча, Бағдодга ёрдам бериш учун эронликлар ҳам келишган. Шундай экан, улар Бағдодни олишларига қурблари етмайди ва бора-бора жанг-жадали сусаяди деб ўйлайман.

Би-би-си: Демак, сиз АҚШнинг муносабати ва бошқа халқаро муносабатлар асоссиз хавотирларга тўла деб ўйлайсиз, шундайми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Халқаро таҳлилчилар Ироқ Бош Вазири Нури ал-Маликий озчилик суннийларни камситгани туфайли, сунний жиҳодчилар сафлари бойиганини айтишади

Гарнер: Ҳа, биринчидан, шундай. Иккинчидан эса, улар агар Бағдодни эгаллай олишмаса, ортга чекинадилар ва аллақачон эгаллаган ҳудудларида яна куч йиғиб, қаттиққўл шариат қонунларини ўрнатадилар. Лекин, сунний шаҳарлардаги қабила раҳбарларининг аксари дунёвий одамлар ва бора-бора жиҳодчилар уларнинг жонига тегади ва бу жиҳодчиларни, 2008 йилда бўлгани каби, тепиб чиқаришади. Бу жиҳодчилар охир-оқибат Сурияга бориб жойлашадилар. Яна бир нарсани биз Ғарбда назардан қочираяпмиз, у ҳам бўлса, бу муаммо биздан кўра эронликлар учун анча каттароқ бошоғриқдир. Эрон учун ўта йирик муаммо бу. Эрон ўз чегараларида сунний жиҳодчилар эркин яшашига йўл қўйиб бера олмайди. Шунинг учун, менимча, бу муаммони биз эмас, эронликлар ҳал қилиши керак.

Би-би-си: Сиз Бағдодда аллақачон эронликлар бор дедингиз, биз ҳам бу борада хабарлар олдик. Демак, сизнингча, бу можарони ҳал қилишни эронликлар ва Ироқ ҳукуматига қўйиб бериш керак, шундайми?

Гарнер: Ҳа, шундай деб ўйлайман. Яна бир менга ёқмаётган тарафи, АҚШ 300 маслаҳатчи юбориб нимага эришмоқчи бўлаяпти? Мени хавотирга соладиган нарса шуки, бу миссия чуқурлашиб бораверади. Аввалига 300 киши юборилади, кейин яна бир нечаси, кейин яна шунча... Бунинг охири бўлмайди. Ундан ташқари, мен ҳаводан ҳужумлар қилишимизга ҳам қаршиман. Бош Вазир ал-Маликийнинг ўзида ҳам ҳаводан ҳужум қилиш салоҳияти бор, Эронликларда ва Сурияда ҳам бундай салоҳият бор. Уларнинг душмани бир, шундай экан, биргаликда курашишсин. АҚШ аралашмасин.

Би-би-си: Лекин, АҚШ, Ироқни ишғол қилгани туфайли, ироқликлар олдида қандайдир масъулиятга эга эмасми?

Гарнер: Бизнинг бўйнимизда ҳеч қандай масъулият йўқ деб ўйлайман. Чунки на Маликий, на унинг ҳукумати охирги саккиз йил ичида биз билан ҳамкорлик қилишни истади. У Эроннинг қўғирчоғига айланди. У биз унга берган маслаҳатларимизга қарши равишда иш тутиб келди. Биз фақат шимолдаги курдлар олдида масъулиятни хис қилишимиз керак, чунки улар 2003 йилда биз билан елкама-елка Саддам Ҳусайнни ағдариш йўлида жанг қилганлар. Кейин биз уларга кўп ваъдалар бердик, лекин ҳеч бир ваъдамизнинг устидан чиқмадик. Агар мендан сўрашса, мен курдларни яхшироқ қуроллантириш керак деган бўлардим. Чунки шу йўл билан уларнинг омон қолишини кафолатлаш мумкин. Ундан ташқари, мен Иорданияга яқиндан назар ташлаб, Қирол Абдуллани қуроллантирган бўлардим. Чунки, менимча, Иордания жиҳодчиларнинг кейинги нишони бўлади. Шундай экан, бу сафар, жиҳодчилардан бир қадам олдин ҳаракат қилайлик.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer