Миср: "Мусулмон Биродарлар"нинг 183 аъзоси ўлимга ҳукм этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Миср маҳкамаси "Мусулмон Биродарлар"нинг 183 нафар тарафдорларига чиқарилган ўлим ҳукмларини ўз кучида қолдирган.

Яна беш киши 15 йилдан 25 йилгача қамоқ жазоларига маҳкум этилган.

Маҳкама қолганларни оқлаган.

Шу йилнинг апрелида ўтган оммавий маҳкамада ҳакам 683 кишига нисбатан ўлим ҳукми чиқарганди.

Би-би-си мухбири Бетани Беллга кўра, ўлимдан омон қолган 500 киши "енгил тортганлар".

"Мусулмон биродарлар" тарафдорлари 2013 йилдаги полиция идорасига ҳужумда айбланган.

Оммавий ҳукм

Ўлим ҳукми кучда қолдирилганлар орасида фаолияти тақиқланган гуруҳ раҳбари Муҳаммад Бади ҳам бор.

Би-би-си мухбирининг ҳимоячиларга иқтибосан хабар қилишича, айбланганларнинг ҳукмдан шикоятлари кутилади.

Ҳарбийлар томонидан қўйилган ҳукумат ўтган йил декабридан буён юзлаб мухолифаларни маҳкум этган.

2013 йил июлида "Мусулмон Биродарлар"дан чиққан Президент Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан ағдарилганидан буён исломчиларга қарши таъқиб ва тазйиқлар кучайган.

Шанба кунги ҳукм Қоҳира жанубидаги Миня шаҳрида чиқарилган.

"Мусулмон биродарлар" 2013 йил 14 августида Миняда полиция ходимларини ўлдириш ва қотилликка тил бириктиришда айбланган.

Шу куни пойтахт Қоҳирада полиция "Мусулмон Биродарлар"нинг юзлаб тарафдорларини ўлдирган.

Бу ҳозиргача Миср маҳкамаси энг катта сондаги айбланувчиларга чиқарган ўлим ҳукмидир.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳукмни ва маҳкама жараёнини қоралашган.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02