Хитойда полиция бўлимига ҳужум ортидан 13 уйғур ўлдирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Хитой оммавий ахборот воситаларига кўра, Шинжондаги полиция бўлимига қилинган ҳужум натижасида 13 киши ўлдирилган.

Пекин уларнинг уйғур бўлгинчилари эканини айтган.

Полициянинг маълумотларига қараганда, ичида бир нечта киши бўлган автомашина полиция биносига келиб урилган ва портлаш содир этилган. Полиция ҳамла қилганларнинг барчаси отиб ўлдирилганини, ҳодисада уч полициячи яралангани хабар қилади.

Бир кун олдин Шинжонда террорчилик амалларида айбланган 13 уйғур ўлимга ҳукм этилган, яна беш нафарига узоқ йиллик қамоқ жазолари тайинланганди.

Хитой шу йил бошида бир йиллик аксилтеррор амалиёт бошлаганини билдирган. Коммунистик партиянинг Шинжондаги раҳбари минтақада терроризм ва диний экстремизмга қарши қаттиққўллик билан курашишга ваъда берган.

Унинг орқасидан ўнлаб уйғурлар қамоққа олинди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Май ойида Йили стадионида минглаб томошабинлар 50 уйғурга нисбатан сазойи маҳкаманинг гувоҳи бўлишган.

Хитой мамлакатда содир этилган барча портлашларда уйғур бўлгинчиларини айблаб келади.

Шинжоннинг туб аҳолиси бўлган мусулмон уйғурлар Хитой ҳукумати ўзларига нисбатан диний ва маданий қатағон сиёсатини олиб бораётганини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP GETTY

Минглаб уйғурлар Хитой ҳукуматининг таъқиблари оқибатида ватанларини ташлаб чиқишга мажбур бўлганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ