Путин Порошенконинг тинчлик режасини қувватлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россия Президенти Владимир Путин Украина Президенти Петр Порошенконинг мамлакат шарқидаги ҳарбий амалиётларни тўхтатишга қаратилган тинчлик планини маъқуллади.

Шу билан бирга, жаноб Путин ярашув "ултиматум" шаклида бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.

Кремлнинг сайтида чоп қилинган мурожаатда жаноб Путин томонларни музокаралар столига ўтиришга чақирган.

Бир кун олдин Россия ҳам, бўлгинчилар ҳам Украина Президенти Петр Порошенконинг бир томонлама ўт очишни тўхтатиш чақириғини рад этишган. Кремл оташкесимни "тинчлик ва музокараларга даъват эмас, балки ултиматум" дея танқид қилган.

Оташкесим Порошенко илгари сурган тинчлик режасида биринчи қадам бўлиши керак эди.

Шанба куни телевидение орқали мурожаат қилган Порошенко Украинанинг ҳудудий яхлитлиги масаласи муҳокама қилинмаслигини айтган.

Жаноб Порошенко жума куни ҳукумат кучлари махсус амалиётларни бир томонлама тўхтатиб, бўлгинчиларга қурол топширишга муҳлат берди.

Тинчлик режаси 20 июн соат 22.00 да кучга кирган ва 27 июнгача давом этади.

Ўз навбатида, жаноб Путин тинчлик режаси амалий ҳаракатларсиз ҳаётий ва ҳаққоний бўлмайди деди.

Путиннинг билдиришича, Украина президентининг ўт очишни тўхтатиш қарорига қарамасдан, Россия-Украина чегарасида отишмалар тўхтагани йўқ.

"Жанговар ҳаракатлар тўхтамаяпти. Ўтган кечада биз Украина томонидан артиллериядан кучли ҳужумнинг гувоҳи бўлдик. Мен буни ким амалга ошираётганини айта олмайман,- балки Украина армияси, балки қуролланган гуруҳлар, лекин бу давом этаяпти", деган Россия президенти якшанба кунги мурожаатида.

Расмий Киев Украина шарқидаги ҳодисаларда Москванинг қўли бор деб билади. Москва буни рад қилиб, россияпараст бўлгинчилар ҳаракатини "халқ қўзғолони" деб атайди ва ҳукумат кучларининг амалиётларини "жазолаш" дея қоралайди.

Украина шарқидаги ҳарбий амалиётлар икки ойдан бери давом этмоқда. Россияпараст бўлгинчилар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги қарама-қаршиликда юзлаб инсонлар ҳалок бўлди.

Шанба куни кечқурун президент Порошенко Луганск ва Донецк вилоятларида давлат чегаралари ҳукумат кучлари назоратига ўтганини билдирди.

Бўлгинчилар тўрт томондан ўраб олинди, дейди Порошенко.

Россияпараст исёнчилар эса қуролларини топшириш ниятида эмаслар. Исёнчилар қўмондони Украина қўшинлари шарқий минтақалардан чиқиб кетмагунича қуролларини ташламасликларини айтган.

АҚШ ва Оврўпо давлатлари Россия бўлгинчиларга таъсир ўтказмас экан, янги санкциялар билан таҳдид қилмоқда.

АҚШ Россия бўлгинчиларни ҳарбий техника, жумладан, танклар билан таъминлаётгани ва Украина билан чегарада қўшин тўплаётганини айтади.

20 июнда АҚШ Украинадаги бўлгинчилар етакчиларига қарши банк ҳисобларини музлатиш, виза чекловлари ва бошқа жазо чоралари киритди.

АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи бундан аввал март ойида, Россия Қримни қўшиб олган пайт санкциялар жорий этган.

Украина собиқ президентлари талаби

Охирги воқеалар манзарасида Украинанинг аввалги тўрт президенти Леонид Кравчук, Леонид Кучма ва Виктор Ющенко Россия Президентига мактуб йўллаб, Украинага нисбатан агрессияни тўхтатишга чақирган.

Собиқ президентларнинг фикрича, Путиннинг саъй-ҳаракатисиз Украина шарқида тинчлик ўрнатиш мушкул.

Жаноб Ющенкога кўра, Путин Украинага эълон қилинмаган уруш олиб бормоқда.

"Биз хатни рус тилида ёзмоқдамиз. Чунки Путин украин тилини билмайди. Балки ниҳоят рус тилида гапимизни эшитар", -деб қайд этади Кравчук.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ