Ироқ инқирози: Жон Керри Бағдодда, жангарилар илдамламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

АҚШ Давлат котиби Жон Керри эълон қилинмаган сафар билан Ироққа ташриф буюрган.

Керри жанобларининг Ироққа ташрифи сунний жангариларнинг Ироқ шимол ғарбида назоратни тезлик билан мустаҳкамлаётгани манзарасида юз бермоқда.

Бир кун олдин Мисрда президент Сиси билан учрашган жаноб Керри Ироқ ва Шом давлати жангарилари нафақат Ироққа балки бутун минтақага катта хавф эканлигидан огоҳлантирган.

Якшанба куни жангарилар Сурия ва Иордания чегараларини қўлга олганлар.

Стратегик аҳамиятга молик Тал Афар қўналғаси ҳам жангарилар назоратига ўтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ироқнинг иккинчи йирик шаҳри Мосулни жангарилар икки ҳафта олдин ишғол қилгандилар.

Ироқ расмийларига кўра, жангарилар Сурия билан чегарадош Ал-Қаим шаҳридан сўнг, якшанба куни Анбар вилоятидаги икки муҳим йўлни эгаллаганлар.

Тал Афар аэропортининг қўлдан кетиши ҳукумат учун йирик зарба ҳисобланади, ҳукумат ундан Мосулни қайтаришда фойдаланишга умид қилаётганди, дейди Би-би-си мухбири Жим Мюир.

Ироқ полициясидаги манбаларнинг Би-би-сига билдиришича, Бағдод жанубидаги Хилла шаҳрида 70 маҳбус ўлдирилган. Терроризмда айбланган маҳбуслар бошқа жойга кўчирилаётганда, уларнинг карвони жангарилар ҳужумига учраган. Отишмада бир нечта полициячи яраланган, олти нафар жангари ўлдирилганини полиция ходими билдирган.

Жангарилар шунингдек, Хадита шаҳри яқинидаги сув омбори ҳудудини ўз назоратига олган. Унинг яксон қилиниши мамлакат энергетика тизимига улкан зарар етказиши мумкин. Ироқ ҳукумати сув омборини қўриқлашга қўшимча кучлар юборгани айтилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ироқ ҳукумати Сурия ва Иорданияга элтувчи барча чегара масканларини қўлдан бой берган. Бу Ироқ ҳукуматининг чегаралар устидан стратегик назоратни йўқотганини англатади.

Асосан сунний аҳоли яшайдиган вилоятлар Анбар, Қаим, Рутба, Рава, Ана сунний жангарилар қўлига ўтган.

Маълумотларга кўра, жангарилар Сурия чегарасидаги Валид, Иордания ёқасидаги Тирабил постларини қўлга киритишган.

Таҳлилчиларга кўра, муҳим чегара постлари жангариларга оғир техника қуролларини Сурия ва Ироқ ўртасида эркин ҳаракатлантириш имконини беради.

Уларнинг фикрича, бу сиёсий томондан Ироқнинг парчаланаётганинг белгисидир. Уни бу хавфдан сақлаб қолиш имкони мавжудми? Саддам Ҳусайн ўз вақтида қаттиқ диктаторлик сиёсати билан бундан муваффақиятли чиққан эди. Назарий томондан шиа томони учун катта нуфузга эга Эрон билан АҚШ ҳамкорлиги туфайли бунга эришиш мумкин деб қаралмоқда.

Бироқ Теҳроннинг охирги баёнотлари манзарасида бу йўлнинг амалга ошиши мубҳамдир.

Эроннинг олий раҳбари Али Ҳоманаий АҚШнинг ҳар қандай аралашувига қарши чиқиб, Ироқдаги муаммолар мазҳаблараро курашда эмас, балки ҳукуматда АҚШ тарафдорлари ва Ироқ мустақиллигини ёқловчилар ўртасида эканлигини таъкидлади.

Жаноб Керри Мисрдаги чиқишида Ироқ раҳбарларини мазҳаблараро қарашлардан юқори кўтарилиб, барча аҳолини қониқтирадиган ҳукуматни шакллантиришга чақирган.

Нури Маликий ҳукумати АҚШ, БМТ ва Оврўпо Иттифоқидан жангариларга қарши зудлик билан ёрдам бериш, жумладан ҳаводан ҳужумни амалга оширишни сўрамоқда.

АҚШ қўшинлари 2011 йил Ироқдан олиб чиқилган, кейинги ҳафталарда Ироқдаги вазият боис, Обама 300 ҳарбийсини Ироқ ҳукуматига жангариларга қарши курашда маслаҳат бериш ва АҚШ фуқароларини ҳимоялашга юборишини билдирган.

Бироқ АҚШнинг ўзида Ироқ воқеаларига аралашишга қарши чиқувчи ҳарбийлар кўп.

Жумладан, 2003 йилда АҚШ қўшинлари Ироққа киргач, мамлакатни бир ой бошқарган генерал Жей Гарнер Нури Маликий ҳукумати АҚШ дан кўра, Эроннинг сўзига қулоқ соладиган экан, ёрдамни ҳам Эрондан олиши кераклиги ва сунний жангарилар билан муаммо кўпроқ Эронни хавотирга солишини айтган. Шунингдек, у жангарилар Бағдодга яқинлашгани билан шиалар кучи устун бўлган пойтахтни ишғол қилишга буларнинг қурби етмаслигини ҳам башорат қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўтган ҳафта охирида минглаб Шиа қуроллилари Бағдод ва Ироқнинг бошқа шаҳарларида юриш ташкил қилганлар, бу билан улар сунний жангариларига қарши кучларини намойиш этганлар.

Радикал Шиа уламоси Муқтадо ас-Садр тарафдорлари ҳар қандай Америка қўшинлари Ироққа қайтишига қарши эканларини айтганлар.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ