Ўлимга маҳкум этилган суданлик аёл озод этилди

Исломдан воз кечгани учун маҳкама томонидан ўлим жазосига ҳукм этилган аёл қамоқдан озод этилди.

Судан расмий хабар агентлиги Suna нинг хабар беришича, Мариам Иброҳим Исҳоққа нисбатан чиқарилган жазони аппеляцион маҳкама бекор қилган.

Насроний эркакка турмушга чиққани учун уни Шариат қонунларига мувофиқ май ойида ўлим жазосига ҳукм этгандилар.

Ҳукм эълон қилинганидан сўнг сал ўтмай қамоқда Мариамнинг кўзи ёриб, қиз фарзандли бўлган.

Унинг тақдири жаҳон бўйлаб шов-шувларга сабаб бўлди.

Ҳимоячисининг Би-би-сига айтишича, Мариам Иброҳим қамоқдан озод этилиб, уй томон йўл олган.

Отаси мусулмон, онаси насроний бўлган 27 ёшли Мариам 2011 йили насроний йигитга турмушга чиққан эди.

У феврал ойидан бери катта ўғли билан қамоқда ушлаб турилганди.

Мариамнинг онаси уни насроний сифатида тарбиялаган бўлса ҳам, расмийлар унинг отаси мусулмон бўлгани учун мусулмон, дея кўришларини айтишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ