Журналистлар қамоқдаги Ал-Жазира мухбирларини дастаклаб намойишга чиқишди

Лондонда юзлаб журналистлар Мисрда "Ал-Жазира"нинг уч мухбири етти йилга қамалганига норозилик билдиришган.

Қоҳирадаги маҳкама 23 июнда Питер Гресте, Муҳаммад Фаҳмий и Баҳир Муҳаммадни "Мусулмон Биродарлар" манфаатлари учун ёлғон хабар тарқатганликда айбдор деб топганди.

"Ал-Жазира" учлиги қўйилган айбловларни рад қилган ва чиқарилган ҳукмга қарши шикоят билдириши кутилмоқда.

Би-би-си ходимлари ҳам бугун бошқа ахборот воситаларидаги ҳамкасбларининг норозилик акциясига қўшилиб, Би-би-си биноси қаршисида бир дақиқалик сукут норозилик намойишини ўтказганлар.

Акция Мисрдаги маҳкама қарори чиқарилганига роппа-роса 24 соат тўлгач, бўлиб ўтган.

Би-би-си Янгиликлари директори Жеймс Хардинг бутун дунёда журналистлар адолатсиз ҳукмга қарши биргаликда қарши туришлари лозимлигини таъкидлади.

Жаноб Хардинг Миср Президенти Сисига ҳукм ўзгартирилишига таъсир қилишни сўраб хат йўллашларини айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Миср Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси сешанба куни унинг сўзлари билан-"мустақил маҳкама тизими"га аралашмаслигини билдирган.

Маҳкама қароридан кейин Австралия Ташқи Ишлар вазири Жулия Бишоп судланганлардан бири Австралия фуқароси Грестени озод қилиш бўйича Миср ҳукумати билан музокаралар бошлашини маълум қилди.

"Биз Мисрнинг демократияга ўтаётганини қувватлаймиз, лекин бунинг ичига сўз ва матбуот эркинлиги ҳам кириши керак", деган Бишоп хоним.

Брисбенда журналистлар билан учрашган Грестенинг отаси сўзича, чиқарилган ҳукмдан оиласи ҳамон шок ҳолатида.

"Бу нафақат бизнинг оиламиз учун, балки бутун журналистика учун оғир пайтдир, ҳукм дунёдаги барча ҳаққоний фикрловчи инсонлар учун тарсаки ҳисобланади", "Журналистика билан шуғулланиш жиноят эмас, ёки сизнинг ҳаммангиз панжара ортида бўлишингиз керак", деб айтган Грестенинг отаси.

Вашингтон журналистларнинг қамоққа ташланиши Мисрнинг демократик жараёнига зарба эканлигини уқтирган.

Image caption Дунёнинг бошқа жойлари, жумладан Ироқда ҳам Би-би-си мухбирлари норозилик акциясига қўшилишган.

Айни пайтда қароргоҳи Қатарда жойлашган "Ал-Жазира" телеканали ағдарилган президент Муҳаммад Мурсий ва унинг "Мусулмон Биродарлар" ҳаракатини "қувватлаб" берган хабарлари боис Мисрда фаолияти тақиқланган.

"Ал-Жазира" бу айбловларни инкор қилади ва ходимлари ўз ишларини бажарганларини айтади.

Ҳалқаро Амнести инсон ҳақлари ташкилоти маҳкама жараёнини "ўч олувчи ёлғончилик"деб атаган ва адолатсизликни тўхтатишга чақирган.

Ўтган йил 29 декабр ойида Қоҳирадаги меҳмонхонада ўтказилган рейд чоғида уч журналист ушланган ва шу пайтгача улар Тора қамоқхонасида сақлаб келинаётганди.