‘Давлат амалдорлари учун’ тилладан ишланган ‘Путин iPhone’

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Хабарларга кўра, тилла қопламасига президент Владимир Путин акси ўйиб туширилган хос русумдаги iPhone тез орада Россияда сотувга чиқарилади.

Янги iPhone “Caviar” брэнди остида харидорлар ихтиёрига ҳавола этилаётган эса-да, уни ишлаб чиқарган ширкат ўз маҳсулотини оддийгина қилиб “Путин телефони”, деб ҳам атамоқда.

Бу ҳақда Tjournal интернет нашрида чоп этилган хабарда айтилади.

iPhone нинг орқа қопламаси 18 карат олтиндан ишланган ва тепа қисмига президент Путин тасвири, унинг остида эса, Россия давлат герби зарб этилган.

Янгича русумдаги “Путин телефони” фақат саноқли сонда тайёрланган ва нархи 147.000 рубл (£2.500; $4.300) туради.

iPhone ҳозирда Россияга қарашли, аммо ҳануз италиялик дизайнер ва заргарлар меҳнат қилувчи “Perla Penna” итальян ширкати томонидан ишлаб чиқарилган.

Ширкатнинг бу хусусдаги баёнотида айтилишича, ўз маҳсулотлари “ватанпарвар нуфузли ҳукумат мулозимлари ва юқори мартабали раҳбарлар учун мўлжалланган”.

Ишлаб чиқарувчиларга кўра, россиялик амалдорлардан аксарияти хорижда дам олишлари ва ҳатто, у ерларда уй-жойлари борлиги ҳам назарда тутилса, “Путин телефони” уларга жуда қўл келиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

“Дейлик, Ницца ёки Монте Карлодаги бар пештахтасига президент Путин акси туширилган телефонни қўйсангиз, сизга олий даражада хизмат кўрсатишлари тайин”, - дейилади ширкат баёнотида.

Нимага дейсизми? Чунки “юрагига ғулғула тушиб қолган халқаро ҳамжамият Россия президентини қудрат, дадиллик, куч-қувват, қайсарлик ва ҳеч нарсадан тап тортмайдиган шахс тимсоли деб кўради”.

Шу йил бошида Украинага қарашли Қрим мухтор бўлгасининг Россия таркибига қўшиб олиниши ортидан, президент Владимир Путинни қўлловчи росияликларнинг сони ҳам кескин ортган.

Бунга Россия раҳбарининг акси туширилган турли маҳсулотларнинг дўкону бозорларда қанчалик қўлма-қўл бўлиб кетаётгани ҳам далолат қилади.

Бироқ айнан Украина инқирози сабаб, Россия ва Ғарб орасидаги алоқаларга жиддий дарз етгани ҳам бор гап.

Худди шу воқеалар манзарасида ўтган бир неча ой давомида Россия матбуоти Италияни ўзларига яқин Ғарб давлати сифатида кўрсатишга уринмоқда.

Кейин президент Владимир Путиннинг Италия собиқ Бош вазири Сильвио Берлускони билан қанчалик дўст эканини ҳам кўпчилик яхши билади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ