Путиннинг маслаҳатчиси Украина президентини “нацист” деб атади

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Сергей Глазьев, ўз ўрнида, Украинага ҳам “нацист Франкенштейн”, деб баҳо берди.

Унинг бу сўзлари расмий Киев Оврўпо Иттифоқи билан ҳар томонлама ҳамкорликка оид йирик битимни имзолаши арафасида янгради.

Жаноб Глазьевга кўра, Пётр Порошенко “нацист” ва иттифоқ билан эришаётган келишуви “ноқонунийдир”.

Россия томонининг кескин норозилигига сабаб бўлаётган битим эса, бугун жума куни Оврўпо Иттифоқининг Брюсселдаги саммити чоғида маъқулланди.

Худди шу бугун россияпараст бўлгинчилар украин ҳукумат кучларига қарши бир неча ойдан буён жанг олиб бораётган Украина шарқида ҳам муваққат оташкесим ҳам ниҳоясига етади.

Зиддиятли битим

Президент Порошенко имзолаган келишув ҳам иқтисодий ва ҳам сиёсий жиҳатдан Украинани Ғарбга янада яқинлаштиради.

Шу боис ҳам, Россия бунга кескин қарши ва Украина инқирози замирида ҳам, аслида, худди шу нарса туради.

Украина собиқ президенти Виктор Янукович уни имзолашдан бош тортган ва бу иши ўзининг қудратдан ағдарилиши билан якун топган оммавий намойишларга сабаб бўлганди.

Қрим мухтор бўлгасининг Россия таркибига қўшиб олиниши ортидан эса, Украина шарқидаги россияпараст бўлгинчилар ўз мустақилликларини эълон қилиб, Киевда ҳокимият экстремистлар қўлига ўтганини даъво қилишганди.

Воқеаларнинг яна бир ривожи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Сўнгги янгиликлар манзарасида бугун эрта тонгда Украина шарқидаги исёнчилар ўзлари қарийб икки ойдан буён тутқунда сақлаб келаётган тўрт нафар халқаро кузатувчини қўйиб юборишган.

Ўзбошимча “Донецк Халқ Республикаси” раҳбари Александр Бородайнинг айтишича, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг ходимларини илтифот юзасидан озод этишган.

“Биз бунинг эвазига ҳеч нарсага умид қилаётганимиз йўқ. Тўрттовлонни бирор бир шартларсиз эркинликка чиқардик”, - деб айтган жаноб Бородай.

Халқаро ташкилот орада кечган вақт давомида ўз ходимларининг тақдиридан хавотир изҳор этиб келаётганди.

Тарихий кун

Оврўпо Иттифоқи билан тўлиқ ҳамкорликка оид янги битимнинг сиёсий қисми шу йил март ойида Украина муваққат ҳукумати томонидан имзоланган.

Президент Порошенко эса, аввалбошдан худди Гуржистон ва Молдовога ўхшаб, иттифоқ билан келишувнинг савдо ва иқтисодий алоқаларни кўзда тутувчи қолган муҳим бўлимини имзолаш ниятида эканини айтиб келаётганди.

Брюсселга ташриф буюраркан, жаноб Порошенко “бу – мустақилликни қўлга киритиши ортидан, мамлакати учун тарихий бўлган яна бир сана экани ва ўзлари учун мутлақ янги эшикларни очиши”ни айтганди.

Россия президентининг минтақавий иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлган жаноб Глазьев эса, аввалроқ Би-би-си билан суҳбатида, “Оврўпо Украинани ушбу битимни имзолашга мажбурлаяпти", деб даъво қилганди.

Глазьевнинг сўзлари нимани англатади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Сергей Глазьев Россия президентининг расмий матбуот воизи саналмаса-да, маслаҳатчи ўлароқ айтган гаплари ҳам жуда ҳайратланарлидир.

Унинг айтган сўзлари, ўз ўрнида, Украина, Молдова ва Гуржистон имзолаган битимдан расмий Москва қанчалик қаҳру ғазабда эканига ҳам далолат қилади.

Чунки бу битим учовлонга Оврўпо Иттифоқи билан эркин савдо қилиш ҳуқуқини беради.

Кремль энг аввало янги битимнинг иқтисодий томонидан хавотирда.

Россия томонининг ташвишлантираётгани – буёғига Оврўпо ширкатлари Украина, Гуржистон ва Молдова бозорларини арзон маҳсулотлари билан тўлдириб, бунинг оқибатида ўз ишлаб чиқарувчиларининг зарар кўришидир.

Кейин эса, бунинг гео-сиёсий оқибатлари ҳам расмий Москвани жиддий ўйга солмай қўймаган.

Чунки Россия собиқ Шўролар Иттифоқини ҳануз ўз таъсири остидаги ҳудуд деб кўради ва уларнинг Оврўпога яқинлашуви расмий Москванинг жиғига тегмай қолмайди.

Сўнгги вазият

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Минтақадан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, шу ҳафта эълон қилинган муваққат оташкесимга қарамай, Украина шарқида яна жанглар давом этган.

Бугун жума куни Донецк ва Луганскда оташкесим муддатини узайтиришга қаратилган музокараларнинг ҳам бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Бирлашган Миллатларнинг ҳисоб-китобларига қаралса, қуролли низолар бошланган апрел ойидан буён Украина шарқида тўрт юздан ортиқ киши ўлдирилган.

Россия у ердаги исёнчиларни ўзи қуроллантириб келаётганига оид Украина ва Ғарбнинг даъволарини рад этиб келади.

АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи Украина шарқидаги вазиятни юмшатишга ҳаракат қилмаса, Россияга қарши янги жазо чоралари қўллаши билан огоҳлантирмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ